Ўзбекистон | 17:29 / 08.10.2023
45137
6 дақиқада ўқилади

Мултфилм: СССРни қулатган иқтисодий тузум ва соғлом бозор

Kun.uz'нинг навбатдаги мултфилмида бозор иқтисодиётига чала ўтиш, ярим-ёртилик қандай оқибат келтириши ҳақида сўз боради. Ўзи мустақил “юра олмайдиган” корхоналарни қўллаш ҳатто қудратли СССРни ҳам таназзулга учратган.

Икки хил асосий иқтисодий тузум бор.

Бирида ҳаммасини давлат бошқаради: нима, қанча, қаерда ишлаб чиқаришни корхоналарга буюриб туради, режа белгилайди ва режа бажарилишини ўзи назорат қилади. Маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам давлат бюджетидан таъминлаб туради. Кейин тайёр маҳсулотни ўзи тақсимлайди ҳам.

Бу тузумнинг “тозаси” – СССР муваффақиятсизликка уради, чунки самарасиз, ўзи мустақил юра олмаган корхоналарни қўллайвериб, қўллайвериб, охири таназзулга учради.

“Юролмайдиган” корхоналар

Ҳар қандай корхонани самарали қиладиган омиллар бор. Асосий омил – корхонани ривожлантириш ИСТАГИ. “И-е, ривожланиш истаги бўлмаслиги ҳам мумкинми?!” – дейсиз сиз буни эшитиб. Ҳа, бўлади шунақаси. Қандай ҳолатда?

Масалан, корхона рақобатсиз муҳитда ишлаётган бўлса. Яъни атрофида у билан рақобатлашадиган ҳеч ким бўлмаса. Корхона ишлаб чиқарган маҳсулотининг сотилиши нақд – аниқ бўлса ёки, дейлик, корхонага хомашё етказиб берувчилар мажбурий бириктирилган бўлса, унда корхонани ривожлантиришга стимул бўлмайди, ахир, шундоғам сотиляпти маҳсулот, шундоғам келиб турибди хомашё. Нега керак уриниш, маҳсулот сифатини ошириш, корхона тизимини мукаммаллаштириш, харидор кўнглини овлаш, хомашё етказиб берувчилар учун курашиш?! Рақобатчи йўқ-ку!

Ривожланмасликка яна бир сабаб – давлат корхонани доимий қўллаб туради, йўл қўйган хатоларини бюджет ҳисобидан ёпиб туради, натижада корхона ўз хатоларини таҳлил қилмайди ва, табиийки, тузатмайди. Имкон бўлди дегунча самарасизлигини бошқа омилларга тўнкайди – давлатдан ёрдам олиш учун.

Ҳа, бундай корхоналар ҳам жамиятга фойда келтириши, одамларни иш билан таъминлаши мумкин. Аммо ҳамма нарсанинг фойдаси тарозига солинганда билинади: сунъий рақобатсизлик муҳити иқтисодиёт ривожланишига йўл бермайди – минглаб корхоналар очилиши мумкин бўлган пайтда, якка-якка корхоналаргина, бунинг устига монопол вазиятда фаолият юритади. Корхоналар камлиги ривож учун зарар – улар кўп бўлиши ва ўзаро рақобат қилиши керак.

Айнан шундай ёмон манзара содир бўлмаслиги учун, бозор муносабатларига тугал ўтмоқ керак.

Бозор иқтисодиёти

Бозор иқтисодиётида нима, қачон, қанча маҳсулот ишлаб чиқаришни (баъзи маҳсулотлардан ташқари) давлат белгиламайди ва корхоналарнинг ишига аралашмайди. Бундай шаротида корхоналар ўзаро рақобат қилиб, бир-биридан ўзишга, янгидан-янги маҳсулот яратишга, маҳсулотни сифатлироқ чиқаришга уринади ва шу билан бирга маҳсулот нархини ошириб юбормасликка ҳаракат қилади, ахир, ноўрин нарх оширишса, рақобатда ютқизишади.

Самарали корхона бу – қаттиқ меҳнат ва изланиш маҳсули. Бунақа меҳнат ва изланиш фақат рақобат муҳитида юз беради.

Соғлом бозор иқтисодиётида давлат корхоналарни камдан-кам ҳолатларда қўллайди, чунки бунақа қўллов кўпинча ўша корхонани ўлдириш билан баробар бўлади: имтиёзли, ёрдамлар келиб турадиган, бозори божлар билан қўриқланадиган, хомашё етказиб берувчиси нақд бўлган корхона ҳеч қачон кўнгилдагидек ривожлана олмайди. Давлат бюджетидан уларга йиллар оша маблағлар, имтиёзлар берилаверади, аммо натижа бўлмайди, барчаси ҳавога учади. Аксинча, маҳсулот нархини сунъий ошириш эвазига одамлар чўнтагидаги пул кўпмиқдорда якка монополистларнинг чўнтагига тушади, ҳолбуки бу пуллар керакли эҳтиёжларга сарфланиши, самарали корхоналарни қўллаши мумкин эди.

Айрим корхоналарга алоҳида давлатдан ёрдам келиб турадиган иқтисодиётда бозор механизмлари ишдан чиқади. Чунки бунда эътибор остида бўлмаганларнинг иши тезда касод бўлади ва майдондан чиқиб кетади. Эътиборда бўлганлар эса ўша – оқсоқланган ҳолида юраверади, давлат гарданига ўтириб олган ҳолида.

Ривожланиш – қаттиқ кураш маҳсули. Бу учун кураш муҳити керак, уни бизга бозор иқтисодиёти беради. Барча маҳсулотларнинг нархини талаб-таклиф белгилаши, ҳар қандай маҳсулот бозор ёки биржада сотилиши, нарх фақат шу ерда эркин шаклланиши керак, ҳеч ким нархни бошқага буйруқ ёки зўрлаш билан белгиламаслиги керак, зеро бу – бозор иқтисодиёти эмас ва бу бозорни вайрон қилади.

Яна бир муҳим сўз. Бозорга хилоф муҳитда қайсидир корхонанинг иши ривожланиб кетиши мумкин эмас. Ҳатто бозори божлар билан ҳимоя қилинган, ҳатто маҳсулот етказиб берувчиси боғлаб қўйилган бўлса ҳам, бундай шароитда корхоналар ривожланмайди, аксинча, таназзулга юз тутади. Чунки бу соғлом муҳит эмас, бу – бойликларни, уринишларни, умрни заволга кетказучи муҳит.

Соф бозор иқтисодиёти – ўз “юра оладиган” самарали корхоналар иқтисодиёти. Бунақа иқтисодиёт юзага келиши учун эскирган, ривожга тескари амалиётлардан воз кечиш керак. Бу қанчалик эртароқ тушунилса, бойликлар, уринишлар ва умрни иқтисод қилиш мумкин бўлади. Тажрибадан кўп маротаба ўтган хулоса бу.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид