Ўзбекистон | 17:47 / 09.10.2023
19173
5 дақиқада ўқилади

Пойтахт туманига илк бор: Ўзбекистондаги аёл ҳокимлар ҳақида 

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманига Нилуфар Аллаберганова ҳоким этиб тайинланди. Мазкур тайинловдан сўнг айни пайтда Ўзбекистоннинг туман-шаҳарларини бошқараётган аёл ҳокимлар сони 5 нафарга етди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 20 январда Сенатнинг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида туман ҳокимлигига номзод аёлларни қидираётгани ҳақида гапирганди.

Кўп ўтмай, аниқроғи феврал ва март ойларида Ўзбекистондаги қатор ҳудудларда аёл ҳокимлар пайдо бўла бошлади. 

— Дилфуза Уралова

Хусусан, 18 февралда Дилфуза Уралова Сирдарёнинг Боёвут туманига ҳоким бўлди. У ҳокимликкача мактабда ўқитувчи, директор ўринбосари, директор, туман ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият олиб борганди.

— Наргиза Неъматова

29 февралда Бухоронинг Олот туманига асл касби врач-терапевт бўлган Наргиза Неъматова тайинланди. Неъматова ҳоким бўлгунича Олот тумани марказий касалхонаси кардиолог врачи, туман марказий касалхонаси туғуруққа тайёрлаш бўлими мудири, терапевт врачи, бош врачи лавозимларида ишлаган. 2004 йилдан эса Олот тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган.

4 март куни республикадаги 3 та вилоят туманларида аёл ҳокимлар иш бошлади.

— Гавҳар Алимова

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб, меҳнат фаолиятини мактаб йўриқчилигидан бошлаган Гавҳар Алимова тайинланди. У ҳоким бўлгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси мутахассиси, аввалги «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2018 йилдан 2020 йилгача Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият юритган.

— Садбархон Мамитова

Андижон вилоятининг Бўстон туманига Садбархон Мамитова раҳбар бўлди. У турли йилларда Жалақудуқ туманида турли лавозимларда меҳнат қилган, 2007-2008 йилларда туман ҳокими ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси в.в.б бўлган, 2019 йилдан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари сифатида ишлаб келган.

— Мақсуда Мустафоева

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳокими лавозимини Мақсуда Мустафоева эгаллади. У бунгача вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

— Зулайҳо Маҳкамова

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб Зулайҳо Маҳкамова тайинланди. Мутахассислиги ўқитувчи-педагог Маҳкамова турли йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, Фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси Янгиқўрғон тумани вакиллиги, Фермерлар уюшмаси Янгиқўрғон тумани фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш маркази директори, Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ҳам фаолият юритган.

2021 йил ёзида Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова вафот этди, унинг ўрнига яна аёл киши – Санобар Носирова туманнинг янги раҳбарига айланди

— Санобар Носирова

Тўрақўрғон ҳокими Зулайҳо Маҳкамова 2022 йил мартида Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси раиси этиб тайинланди. Кейинчалик қўмита тугатилгач, Маҳкамова бош вазир ўринбосари лавозимида ишлашда давом этмоқда. Мақсуда Мустафоева эса қатор можаролар ортидан 2022 йил февралида Қарши тумани ҳокимлигини тарк этди. Кейинроқ у тумандаги мактаблардан бирига директор бўлгани маълум бўлди. 

Нилуфар Аллаберганова Яккасаройга ҳоким бўлгунга қадар шу туманнинг прокурори эди. У 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Турли йилларда Яшнобод, Чилонзор, Мирзо Улуғбек туманларида прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган.

— Нилуфар Аллаберганова

Аллаберганова Тошкент шаҳрида ҳоким лавозимини эгаллаган илк аёл ҳисобланади. Қайд этиш жоиз, у 2020 йилда Яккасаройда ноқонуний кесилган дарахтлар иши бўйича «ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармай, туманда қонунлар ижроси устидан етарли прокурор назоратини ўрнатмагани учун» ҳайфсан жазосини олганди.

Мавзуга оид