Жаҳон | 13:57 / 11.10.2023
7881
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Ғазода 260 минг киши Исроил ҳужумлари туфайли уйини тарк этди

Ғазо секторининг 175 мингдан ортиқ аҳолиси БМТ мактабларида бошпана топди.

Фото: Loay Ayyoub / The Washington Post / Getty Images

Исроил ҳаво ҳужумлари туфайли Ғазо секторида 260 мингдан ортиқ киши уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди

Бу ҳақда БМТнинг ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ҲММБ) баёнотида айтилади. 

«Ғазо секторида 263 934 дан ортиқ одам ўз уйини тарк этгани тахмин қилинмоқда», — дейилади баёнотда. 

Ғазо секторининг 175 мингдан ортиқ аҳолиси БМТ мактабларида бошпана топди. Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) маълумотлари тасдиқлайди.

UNRWA таъкидлашича, улар агентликнинг Ғазодаги 88 та таълим муассасасида жойлашган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАС ҳарбий қаноти бригадалари Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар учирилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги чоршанба куни Исроилнинг Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 950 нафарга етганини маълум қилди. Департамент маълумотларига кўра, ярадорлар сони - 5 минг киши. 

Бундан ташқари, 8 нафар журналист Исроилнинг Ғазога берган зарбалари қурбони бўлди. 

ОАВнинг Исроил расмийларига таяниб хабар беришича, охирги ҳужумларда камида 1200 исроиллик ҳалок бўлган ва 2600 дан ортиқ киши жароҳатланган. 

Мавзуга оид