Жаҳон | 17:01 / 12.10.2023
21201
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда Қўштепа каналининг биринчи участкаси қурилиши якунланди

«Толибон» Афғонистондаги Қўштепа каналининг биринчи қисми қуриб битказилгани ва лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. 

Фото: Twitter / FDPM_AFG

«Толибон» ҳукумати Афғонистондаги Қўштепа каналининг биринчи қисми фойдаланишга топширилгани ва унинг қурилишининг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида маълум қилди, деб ёзади TOLOnews.

11 октябр куни Балх вилоятида фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Афғонистон матбуотига кўра, канал биринчи участкасининг узунлиги 108 км – у Амударёдан бошланиб, Балхнинг Давлатобод туманига етиб боради. Унинг қурилиши 1,5 йил давом этди.

Иккинчи босқичда каналнинг Жузжон ва Фарёб вилоятларидан ўтувчи 177 км узунликдаги қисмини қуриш режалаштирилган. Учинчи босқич қишлоқ хўжалиги ерлари бўйлаб субканалларни тақсимлашни ўз ичига олади.

Каналнинг умумий узунлиги 285 кмни ташкил қилади. Афғонистон расмийларига кўра, бу 550 минг гектаргача ерни суғориш ҳамда буғдой ва бошқа экинлар етиштириш имконини беради.

Лойиҳани тўлиқ якунлаш 2028 йилга мўлжалланган бўлиб, унинг қиймати 7 миллиард афғоний (тахминан 92 миллион доллар)га баҳоланмоқда.

1992 йилда Марказий Осиёнинг бешта давлати минтақада сувдан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган Олмаота декларациясини имзолаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон БМТнинг 1992 йилдаги сув конвенциясига қўшилган. Афғонистон бу келишувларнинг бирортасига ҳам қўшилмаган.

 

Мавзуга оид