Ўзбекистон | 07:43 / 12.10.2023
10449
2 дақиқада ўқилади

Ободонлаштириш хизмати хусусий секторга берилиши мумкин

Ҳозирда шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш хизматини хусусий секторга бериш, ҳар бир кўчани дарахтлари билан алоҳида-алоҳида лот қилиб, бир йиллик маблағи билан очиқ танловга қўйиш таклифи ўрганилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ободонлаштириш хизмати хусусий секторга берилиши мумкин. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўрмон хўжаликларида 5 миллион дона дарахт экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида “яшил белбоғ” яратиш, дала четларида 20 миллион туп терак, тут ва узум экиш, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллион дона кўчат экиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда “яшил қоплама”ларни барпо этиш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари раислигида ўтган йиғилишда дарахтлар ва яшил ҳудудларни парвариш қилишни яхшилаш мақсадида ободонлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Бу борада ҳозирда шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш хизматини хусусий секторга бериш, ҳар бир кўчани дарахтлари билан алоҳида-алоҳида лот қилиб, бир йиллик маблағи билан очиқ танловга қўйиш таклифи ўрганилмоқда.

Бу тартибни аввало тажрибадан ўтказиб кўриш, натижасига қараб барча туман ва шаҳарларни ушбу тизимга ўтказиш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида ҳудудлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Мавзуга оид