Ўзбекистон | 08:13 / 13.10.2023
5462
2 дақиқада ўқилади

Чехия Ўзбекистондаги уран ва мисга қизиқиш билдирмоқда 

Чехия Ўзбекистоннинг қазилма бойликларига қизиқмоқда, эвазига уларни қазиш ва қайта ишлаш технологиялари, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш соҳасида таклиф бериши мумкин. 

Фото: Petr Fiala / Х

Чехия Ўзбекистоннинг уран ва мисига қизиқиш билдирмоқда ва бунинг эвазига технология ва тоғ-кон ускуналарини таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда Чехия бош вазири Петр Фиала айтиб ўтди, деб хабар берди Gazeta.uz чех телевидениесига таянган ҳолда. 

«Ўзбекистон мис, олтин, уран ва табиий газнинг катта захираларига эга. Шундай қилиб, ушбу хомашёни қазиб олиш чех технологиялари ва ускуналарини етказиб бериш имкониятларини очади», — дейилади Чехия ҳукумати баёнотида.

Ўзбекистон бош вазири билан учрашувда мудофаа-саноат соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам муҳокама қилинган. Петр Фиаланинг сўзларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга мудофаа ва хавфсизлик саноати вакилларидан иборат чехиялик ишбилармонлар делегацияси ташриф буюради.

Чехия бош вазири келгуси йилда Прага ва Тошкент ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши кераклигини қўшимча қилган.

Икки давлат ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистон ва Чехия ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолаган.

Мавзуга оид