Фаластин масаласида Саудия ва Миср қандай йўл тутмоқда? Дипломат билан суҳбат
Саудия Арабистони ва Миср – энг катта араб давлатлари. Улар Фаластин-Исроил низосида муҳим ва таъсир этувчи кучга эга. Kun.uz мухбири низонинг жорий кескинлашувига бу икки мамлакатнинг муносабати ҳақида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт, Саудия Арабистони ва Мисрда фаолият юритган дипломат Лутфиддин Хўжаев билан суҳбатлашди.
— Минтақадаги асосий давлатлар бўлмиш Саудия Арабистони ва Мисрнинг ҳозирги тўқнашувларга бўлган муносабати қандай?
— Саудия ва Миср ташқи сиёсатда Яқин Шарқ муаммоси, жумладан, Фаластин Исроил низосини тинч воситалар билан ҳал қилишга устувор эътибор беради. 1948 йил май ойида БМТ томонидан Фаластин ҳудудида икки мустақил давлат – Фаластин ва Исроил давлатларини ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилинган. Бундан араб дунёси давлатлари норози бўлади, 1948-1952 йилларда низолар юзага келади. 1967 йилда Исроил Фаластин ерлари, Мисрнинг Синай яримороли, Суриянинг Жўлан тепаликлари, Ливаннинг бир қисмини босиб олади. Бу вазиятда Саудия араб давлатларига сиёсий, моддий ва инсонпарварлик ёрдамлар кўрсатиб келади. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўп ташаббусларни илгари сурган. 1982 йилда подшоҳ Фаҳд бин Абдулазиз Ол Сауд Араб-Исроил можаросини БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяси тегишли қарорлари асосида сиёсий воситалар билан ҳал этиш, хусусан, Исроил босиб олган араб ерларини қайтариш ҳисобига Тел-Авив билан дипломатик алаоқаларни ўрнатишга оид ўз ташаббусини илгари суради.
[2023 йил] 7 октябрдан кейинги воқеаларга Саудия томони эҳтиёткорлик билан ёндашяпти. Биринчи ўринда зулм ва зўравонликни тўхтатиб, тинч музокаралар ўтказиш кераклигини таъкидламоқда. Жумладан, тинч аҳоли қурбон бўляпти. Ғазода ижтимоий ва гуманитар вазият жуда оғирлашиб кетаяпти. Шунинг учун Подшоҳлик ҳар иккала томонни ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиб, муаммони музокаралар йўли билан, жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари доирасида ҳал қилишга чақиряпти.
— Нима учун Саудия жиддий қадамлар ташламаяпти?
— Чунки вазият жуда мураккаб. Ҳам минтақавий, ҳам глобал даражадаги ўйинчилар бор бунда. Шунинг учун ягона тўғри йўл – музокаралар, тинч воситалар. 2020 йилда АҚШ иштироки билан араб давлатлари ва Исроил ўртасида келишув ҳам бўлганди шу доирада.
— Дейлик, Саудия ва БАА каби давлатларнинг ҲАМАСга муносабати бу ташкилотнинг, айтайлик, Эрон билан ҳамкорлик қилишига боғлиқми? Минтақавий ва глобал ўйинчиларга кенгроқ қарасак.
— ҲАМАС Фаластиндаги 2006 йилги сайловларда ғолиб чиққан эди. Фаластиндаги сиёсий кучлар ўртасида бирлик йўқ, энг катта муаммо ҳам шунда. Фаластин Озодлик ташкилоти бор, уни Ёсир Арофат бошқарар эди, кейинчалик бу майдонга ҲАМАС ҳам кириб келди. Саудия 1987 йилдан ҲАМАС билан ҳамкорлик қилишни бошлади ва асосан моддий ёрдам берган. Саудия Фаластин аҳолисини озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш учун катта маблағ ажратган. 2001 йилгача ҲАМАС жуда эркин ҳаракат қилган, 1999 йилда Саудия томонидан 200 млн доллар ажратилган эди ҲАМАСни қўллаш учун. Саудия таклифи билан Ислом тараққиёти банкида Фаластинга ёрдам кўрсатиш ва «ал-Ақсо» махсус жамғармалари ташкил қилинган. Подшоҳлик Фаластинга халқаро ташкилотлар жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари уюшмаси доирасида ёрдамлар кўрсатяпти. Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони инсонпарвалик ёрдамларини тақдим этиш борасида асосий донор мамлакатлардан бири ҳисобланади.
— Нега ҳозир Саудия ташкилотдан масофа сақлагандек бўляпти?
— Саудия ёрдам ҳам беряпти. 2007 йил Маккада Фаластин вакиллари Сурия, Саудия вакиллари ҳузурида ўзаро ички ихтилофларни бартараф этишга келишган эдилар. Ўшанда Фаластиндан ҲАМАС ва Фаластин озодлик ташкилоти раҳбарлари қатнашган ва Фаластин давлатини барпо этиш йўлида биргаликда саъй-ҳаракат қилиш тўғрисида Маккада мажбурият олишган.
Ҳозирги ҳолат узоқлашиш эмас, вазият мураккаблиги деб изоҳланади. Лекин инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш доимгидай юқори даражада бўляпти.
— Миср ҳақида ҳам гаплашсак.
-Миср давлати Исроил ва араб давлатлари можаросини ҳал этишда доим фаол қатнашган. 1967 йилги урушда Синай ярим ороли ва Сувайш канали ҳудудлари Исроил томонидан босиб олинган. 1973 йил октябрь жангида Миср босиб олинган ерларининг бир қисмини қайтариб олган. Шундан сўнг Яқин Шарқ можаросини дипломатик йўл билан ҳал қилишга интилган. АҚШ воситачилигида1977 йилги келишувда барча ерларини қайтариб олиш тўғрисида келишувга эришилади. Мисрнинг Исроил билан олиб борган икки томонлама музокаралари аксарият араб давлатлари томонидан рад этилган ва қораланган. Араб давлатлари уюшмаси бош қароргоҳи Қоҳирадан Тунисга (1984 йилга қадар) кўчирилган. Мисрнинг ушбу ташкилотдаги аъзолиги тўхтатилган.
Умуман, Миср араб давлатлари орасида катта мавқега эгадир. Бундан ташқари, Миср Фаластин ва Исроилга билан чегарадош. 2013 йил 30 июнь воқеларидан сўнг, яъни «Мусулмон биродарлари» ҳокимиятдан четлаштирилгандан кейинги даврда Қоҳира минтақа муаммолари, айниқса, Фаластин низоси ечимига катта эътибор қаратяпти. АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари бу масалаларда музокаралар олиб боришда Миср дипломатияси воситачилигига таянади. Ҳозир ҳам Исроил-Фаластин ўртасида музокараларни ташкил этишда Миср томони фаол саъй-ҳаракат қилмоқда. Ҳатто «ҲАМАС» ҳаракати томонидан тайёрланаётган қўпорувчилик ҳақида Миср томони олдиндан Исроил масъулларини огоҳлантирган эди, деган хабарлар ҳам мавжуд.
Ғазо сектори орқали Мисрга ҳам контрабанда маҳсулотлари, қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар, террорчилар кириб келиши мумкин, Сурия орқали ўтган шундай канал мавжуд, шунинг учун Миср бу масалаларга катта эътибор қаратади.
— Исроил-Фаластин урушларидан сўнг доим Исроил маълум ҳудудни ўзига қўшиб олган. Бу галги урушдан сўнг вайрон бўлган Ғазо секторининг кейинги тақдири қандай бўлади?
— 2021 йилги охирги тўқнашувлардан сўнг Қоҳирада Миср, Иордания, Фаластин раҳбарлари ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб, Ғазо секторини қайта тиклаш масалалари кўрилади. Қайта тиклаш ишларига мисрликлар 500 млн доллар ёрдам кўрсатишни айтган эди. Бу ишлар тўхтаб қолмайди, у ерда 2,4 млн аҳоли яшайди. Мисрнинг Синай яриморолида қочоқларни жойлаштириш масаласи ҳам кўтарилди, лекин бу нарса Қоҳира томонидан қатъий рад этилди.
Миср 1967 йил июн ойигача бўлган чегаралар бўйича Фаластин муаммосини ҳал қилишни ёқлаб чиқяпти. Араб давлатлари уюшмасидан ташқари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бор. Бу ташкилот тузилганида асосий мақсад Фаластин масаласини ҳал этиш бўлган. Миср томони БМТда, Араб давлатлари уюшмасида ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида доим Фаластин муаммосини ҳал этишни ёқлаб чиқади.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024