Жаҳон | 16:48 / 15.10.2023
17396
5 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch: Исроил Ғазода тақиқланган фосфорли ўқ-доридан фойдаланган

Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотининг навбатдаги ҳисоботида Исроил ҳарбийлари Ғазо ва Ливанни ўққа тутишда оқ фосфорли снарядлардан фойдаланганини маълум қилди. Ташкилот бундай қуролдан фойдаланиш тинч аҳоли учун жуда хавфли эканини қўшимча қилган.

Фото: Getty Images

Оқ фосфор тез ёнувчи модда бўлиб, ҳарбийлар одатда ундан ҳудудларни белгилаш мақсадида фойдаланишади. Аммо у одамларда кучли куйиш келтириб чиқариши ҳам мумкин. Шу боис, фосфордан одамлар кўп тўпланадиган ерда фойдаланиш жуда хавфли. Кислород билан қўшилган фосфор жуда бадбўй ва захарли оқ тутун чиқаради.

HRW ҳисоботида ташкилот Ғазо ва Ливанда Исроил томонидан оқ фосфорли артиллерия снарядлари ишлатилганини исботловчи видеотасвирлар олгани айтилган. Шунингдек, ҳисоботда AFP нашрининг Ғазода олган суратига эътибор бериш ҳам сўралган. Суратда ҳаводаги оқ чизиқларни кўриш мумкин.

«Дунёнинг одамлар энг зич яшайдиган жойлардан бири бўлмиш Ғазода оқ фосфордан фойдаланиш халқаро нормаларга зид бўлиб, тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўяди», дейилади ҳуқуқбонлар ҳисоботида.

Reuters нашрининг бу борадаги сўровига жавобан исроиллик ҳарбийлар Ғазода оқ фосфорли қуролдан фойдаланилгани ҳақида маълумот йўқ эканини маълум қилган. Бундай қуролдан Ливанга зарба беришда фойдаланилган ёки йўқлиги ҳақида эса индашмаган.

2013 йилда Исроил томони оқ фосфордан ортиқ фойдаланмаслиги, «фавқулодда ҳолатлар эса бундан мустасно» эканини иддао қилганди. Халқаро ҳуқуққа кўра, оқ фосфордан тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда фойдаланиш тақиқланган. Аммо ундан тутунли ҳалқа яратиш мақсадида фойдаланиш мумкин.

Ўлимга олиб келадиган куйиш

Халқаро уруш қоидаларига кўра, оқ фосфордан жанг майдонида фақат тутунли ҳалқалар яратиш, ёритиш, нишонларни белгилаш ва ҳарбий объектларни ёқиш мақсадида фойдаланиш мумкин. Бундай мақсадларда ишлатилаётган оқ фосфор кимёвий қурол ҳисобланмайди ва бу борадаги халқаро конвенциялар уни тақиқламайди. Аммо бу модда инсон танасида ўлимга сабаб бўладиган куйишга олиб келиши ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин.

Human Rights Watch маълумотида айтилишича, оқ фосфордан жуда кичик куйиш жароҳати олганлар ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Кислород тугагунча ёнадиган бу модда келтириб чиқарган яра боғлами очилиши билан у яна ёна бошлаши мумкин.

Исроил авиазарбалари оқибатида Ғазо секторида бир ҳафта ичида 2,2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди

Ташкилот ҳисоботида оқ фофсор ҳаводаги портлаши оқибатида 250 метр диаметрдаги ҳудудга тарқалгани акс этган видео айниқса хавотирли экани айтилган.

«Оқ фосфор одамлар зич яшайдиган ҳудудларда фойдаланилар экан, бу ажалвор куйиш ва инсонлар азобланиши хавфини оширади», дейди Human Rights Watch ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Лама Факих.

Ғазога 2008-2009 йиллардаги босқин

2010 йилда исроиллик ҳарбийлар аста-секин фосфорли ўқ-дорилардан воз кечишини маълум қилганди. Бунгача HRW ва бошқа ҳуқуқбон ташкилотлар Исроил 2008 ва 2009 йиллардаги Ғазога босқинда фосфорли ўқ-дорилардан одамлар зич яшайдиган ҳудудларда кўп марта фойдаланганини маълум қилиб келган.

HRW’нинг 2009 йилдаги ҳисоботида Исроил бундай тақиқланган қуролдан фойдаланиш орқали халқаро ҳуқуқни бузиб, тинч аҳоли вакилларини ўлдиргани айтилган.

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми

  • 2023 йил 7 октябр куни фаластинликларнинг ҳарбийлашган ҲАМАС гуруҳи Исроилга мисли кўрилмаган ҳужум амалга оширди, унинг аъзолари Ғазо сектори билан чегарадаги кибуцлар ва шаҳарларга кириб, юзлаб кишиларни ўлдирди ҳамда ўнлаб кишиларни гаровга олди.
  • ҲАМАС Исроил давлатини йўқ қилишга ва унинг ўрнида ислом давлатини барпо этишга интилади. Ҳаракат Эрон томонидан қўллаб-қувватланади.
  • Гуруҳ 2007 йилда сайловлар натижасида Ғазо секторида ҳокимиятни ўз қўлига олган, аммо кейин ўз сиёсий рақибларини сектор ҳудудидан куч билан сиқиб чиқарган. Шундан буён унинг жангарилари Исроилга қарши бир неча марта уруш ҳаракатлари олиб борган.
  • ҲАМАС ва унга алоқадорлиги айтиладиган бошқа ҳарбийлашган гуруҳлар Исроилни ракеталар билан ўққа тутади ва кўплаб рейдлар уюштиради.
  • Бунга жавобан Исроил Ғазо сектори бўйлаб авиазарбалар йўллайди ва икки марта бу ҳудудга қўшин киритган. Исроил Миср билан биргаликда 2007 йилдан буён секторни қамал қилган, буни хавфсизлик чораси деб изоҳлашади.
  • ҲАМАС кўплаб мамлакатларда, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Исроил, Япония ва Австралияда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Мавзуга оид