Жаҳон | 20:40 / 17.10.2023
33795
18 дақиқада ўқилади

Ўтмишдаги актёр, баскетболчи, шифокор: ҲАМАС етакчилари ҳақида нималар маълум?

7 октябр куни тонгида ҲАМАС Исроилга қарши кенг кўламли ва яхши мувофиқлаштирилган «Ал-Ақсо тўфони» амалиёти бошланганидан буён Исроил махсус хизматларини ғафлатда қолдирган ушбу ҳужум ташкилотчилари кимлар экани ҳақида тобора кўпроқ савол берилмоқда.

Фото: Getty Images

Фаластинликларнинг Ғазо секторини назорат қилувчи ҳарбийлашган ҲАМАС тузилмаси етакчиларидан айримлари баъзида юзига ниқоб тутган ҳолда ОАВда кўриниш беради. Ташкилот бошқарувининг кўплаб вакиллари эса ўз ҳаётининг катта қисмини Исроил разведкачиларидан яшириниб ўтказган.

BBC ҲАМАСнинг энг кўзга кўринган етакчилари — сиёсий арбоблар ва «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадаси ҳарбий қўмондонларидан иборат рўйхатни тақдим этди.

Муҳаммад Дейф

Дейф — ҲАМАС аъзолари Ғазо секторидан Исроилга ўтишда фойдаланадиган ерости туннеллари лойиҳаси муаллифи саналади

Дейфнинг ҳақиқий исми — Муҳаммад Диаб ал-Масрий (шунингдек, Абу Холид ёки Ал-Дейф сифатида ҳам маълум). У ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадасига раҳбарлик қилади. 1965 йилда Ғазода туғилган.

Фаластинликлар уни ҲАМАСнинг «мияси» деб билишади, исроилликлар учун эса у «Ўлим даракчиси» ёки «Тўққиз жони бор курашчи» сифатида маълум.

Дейф Ғазодаги Ислом университетининг бакалавр дипломини олган. Талабалик йилларида актёрликка (театрга ҳам) меҳр қўйган ва ҳатто у ерда саҳна гуруҳи тузган.

1987 йилда ҲАМАС ташкил этилгани ҳақида эълон қилинганида, Дейф биринчилардан бўлиб унинг сафларига кирган. 1989 йилда у Исроил ҳукумати томонидан ҳибсга олинган ва 16 ойни панжара ортида ўтказган — судсиз ва терговсиз, шунчаки ҲАМАС ҳарбий аппаратида ишлагани учун.

Ҳибсдалиги чоғида Дейф Закариё Ал-Шорбагий ва Салоҳ Шеҳад билан исроиллик аскарларни қўлга олиш учун ҲАМАСдан алоҳида тузилма — «Ал-Қассам бригадаси»ни тузиш бўйича келишиб олади.

Қамоқдан чиққанидан кейин Дейф турли бригадаларни ягона ҳарбий тузилмага бирлаштириб, (бошқа бригадалар етакчилари билан биргаликда) «Изз ад-Дин ал-Қассам»нинг асосчиларидан бирига айланади.

У шунингдек ҲАМАС аъзолари блокпостларни четлаб ўтган ҳолда Исроил ҳудудига киришини таъминлайдиган туннеллар тизимини ишлаб чиқади ва кўп миқдорд ракета учиришни фаол ёқлайди.

Аммо унга қўйилган энг жиддий айблов — 1996 йилги теракт учун бомба тайёрлагани (ўшанда автобуслардаги портлашлар оқибатида 50 га яқин исроилликлар ҳалок бўлган) учун ўлдирилган Яҳё Айяш ўлимига жавобан «қасос амалиёти» сериясини ишлаб чиқиш ҳамда унга тўғридан тўғри раҳбарлик қилиш, шунингдек, 1990-йиллар ўрталарида уч исроиллик аскар ўлдирилишида иштирок этиши бўйича.

2000 йилда Исроил ҳукумати уни яна бир бор қўлга олади ва қамоққа ташлайди, аммо Дейф Иккинчи интифода бошланган вақтда қочиб кетишга муваффақ бўлади, шундан кейин у ҳақда деярли ҳеч нарса маълум эмас: у ўз ортидан из қолдирмасликка ҳаракат қилади.

Исроилликларга Дейфнинг фақат уч сурати маълум: фотолардан бири олинганига жуда кўп вақт бўлган, ўшанда у ҳали жуда ёш эди, бошқасида эса унинг юзи ниқоб билан тўсилган, учинчисида — унинг фақат сояси кўринган.

Унинг ҳаётига қилинган суиқасдлардан энг жиддийси 2002 йилдаги уриниш эди: Дейф мўъжиза туфайли омон қолади, аммо портлаш вақтида бир кўзидан айрилади. Исроил расмийларига кўра, бошқа суиқасдлар оқибатида у оёқ ва қўлидан ҳам айрилган, шунингдек, сўзлаш қобилиятида муаммо юзага келган.

2014 йилда, Исроилнинг Ғазо секторида қарийб саккиз ҳафта давом этган амалиёти вақтида исроиллик ҳарбийлар унинг рафиқаси ва икки фарзандини ўлдиради, аммо Дейф яна омон қолади.

У «Абу Холид» лақабини «Клоун» пиесасида шу номдаги персонажни ўйнаш орқали олган. Ҳақиқий Абу Холид тарихий шахс бўлиб, илк ўрта асрларда яшаган.

«Дейф» сўзи эса арабчада «меҳмон» маъносини англатади. У бундай лақабни ҳеч қачон бир жойда узоқ қолмаслиги, Исроил махсус хизматлари излаб топа олмаслиги учун ҳар кеча тунаш жойини ўзгартириши туфайли танлаган.

Марван Исса

Марван Исса ёки «соя одам» — Муҳаммад Дейфнинг ўнг қўли. У «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадаси бош қўмондони ўринбосари, ҲАМАС сиёсий кенгаши ва ҳаракат ҳарбий бюроси аъзоси.

Марван Иссани Исроилда «қуруқ гап эмас, балки иш қиладиган одам» деб атаб, унинг ғайриоддий заковати ва ижодкорлигини эътироф этишади. Фото: MEDIA SOURCES

Биринчи интифода йилларида ҲАМАС билан алоқалари (у ҳаракатга жуда ёшлигида аъзо бўлган) туфайли Исроил махсус хизматлари уни беш йил мобайнида ҳибсда ушлаб туради.

Исроилдагилар у тирик экан ҲАМАС билан «интеллект уруши»да ғалаба қозониб бўлмаслиги, чунки Исса «шу қадар ақллики, пластикни металлга айлантириши мумкинлиги»ни айтишади.

Ёшлигида у умидли баскетболчи сифатида кўрилган, аммо унинг спортдаги карераси ўхшамайди, чунки 1987 йилда ҲАМАС билан алоқалари учун Исроил махсус хизматлари томонидан ушланади.

10 йил ўтиб, 1997 йилда у яна бир бор ҳибс этилади, бу сафар Фаластин маъмурияти томонидан. У уч йил ўтиб, 2000 йилда, Иккинчи интифода бошланганида («Ал-Ақсо интифодаси») озодликка чиқади.

Қамоқдан чиқарилганидан сўнг Исса «Ал-Қассам бригадаси» ҳарбий тузилмалари ривожида муҳим рол ўйнайди.

ҲАМАСдаги мавқейидан келиб чиққан ҳолда у Исроил разведкаси томонидан энг кўп қидирилувчилар рўйхатида бўлади. 2006 йилда, ҲАМАС ҳарбий раҳбарияти аъзолари учрашуви чоғида Исроил махсус хизматлари унга суиқасд уюштиради, унинг натижасида Исса жиддий яраланади, аммо тирик қолади.

2014 ва 2021 йилларда Ғазо секторига кенг кўламли босқинлар уюштирилган вақтларда Исроил авиацияси унинг уйига икки марта зарба берган. Зарбалар оқибатида Иссанинг укаси ҳалок бўлган, аммо ўзи яна ўлимдан қутулиб қолган.

2011 йилга қадар махсус хизматлар у қандай кўринишда эканини ҳам билишмаган (1987 йилда қўлга олинган шахс у бўлгани кейинроқ ойдинлашади) — ўшанда Фаластин раҳбариятининг Исроил беш йилдан ортиқ вақт мобайнида ҲАМАС асирлигида бўлган аскар Гилад Шалит эвазига қўйиб юборган фаластинликлар билан учрашуви вақтида олинган суратда юзи кўринганлардан бири у экани маълум бўлади.

Исроил махсус хизматларига унинг Абу Ал-Бараа сифатидаги бошқа номи ҳам маълум ва унинг сўнгги ўн йилликдаги чегара орқали қилинган қатор рейдларга, жумладан сўнггиси — «Ал-Ақсо тўфони»га алоқадорлигига шубҳа қилишмайди.

Фаластинликларнинг зарбаси нақадар кучли бўлгани, бундай кенг кўламли босқинни ташкиллаштириш даражаси ҳамда зарбдор гуруҳларнинг разведка ва техник кўмак бўлинмалари билан аниқ мувофиқлаштирилгани, шунингдек аҳоли яшаш манзиллари ва ҳарбий объектларни штурм қилишга урғу қаратилгани — буларнинг барчаси, исроилликлар фикрича, амалиётни тайёёрлашда «Соя одам» ҳам иштирок этганидан далолат беради.

Яҳё Синвар

2015 йил сентябрида Синвар номи ҳам Американинг «халқаро террорчилар» рўйхатига тиркалади. Фото: Getty Images

ҲАМАС ҳаракати етакчиси ва унинг Ғазо секторидаги сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Иброҳим Ал-Синвар 1962 йилда туғилган. У ҲАМАСнинг «Мажид» номли хавфсизлик хизмати асосчиси ҳисобланади, бу хизмат Исроилнинг эҳтимолий жосусларини аниқлаш ва Исроил разведкаси ҳамда махсус хизматларининг аниқланган ходимларини кузатиш билан шуғулланади.

Синвар уч марта ҳибсга олинган. Биринчи бор — 1982 йилда, у ўшанда тўрт ой муддатга маъмурий қамоққа олинган.

1988 йилда Синвар учинчи бор ҳибсга олинади ва тўрт карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади. Аммо, у жазони ўтаётганида танки ракета зарбасига учраган исроиллик аскар Гилад Шалит ҲАМАС томонидан асирга олинади.

Шалит билан боғлиқ ҳодиса Исроилда улкан резонанс келтириб чиқаради, уни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб йирик намойишлар ўтказилади ва мамлакат ҳукумати ушбу сержантни озод этиш учун исталган чорани қўллашга тайёр эди. Алалоқибат, беш ярим йил ўтиб, 2011 йилда уни Исроил қамоқхоналарида жазони ўтаётган мингдан ортиқ фаластинликларга алмаштириш эвазига гаровдан қутқариб олишга муваффақ бўлинади.

ҲАМАС ва ФАТҲнинг қўйиб юборилган аъзолари орасида Яҳё Синвар ҳам бор эди. Озодликка чиққанидан кейин у ҳаракатнинг кўзга кўринган намоёндаларидан бири сифатида яна ҲАМАС сиёсий бюросидан ўрин эгаллайди.

2015 йил сентябрида АҚШ Конгресси Синварни «халқаро террорчилар» рўйхатига киритади.

2017 йил 13 февралида у ҲАМАСнинг Ғазодаги сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланади.

Абдулла Барғутий

Детонаторлардан ташқари, «Муҳандис» картошкадан портловчи ва заҳарловчи моддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Фото: AFP

Барғутий 1972 йилда Кувайтда туғилган, аммо 1990 йилда, Форс қўлтиғидаги Иккинчи урушдан кейин Иорданияга кетган.

Иордания фуқаролигини олгач, Жанубий Корея университетига ўқишга кириб, бу ерда уч йил мобайнида муҳандис-электрик йўналишида таҳсил олган. У шу ерда портловчи моддалар ишлаб чиқаришни ўрганган, лекин унга Фаластинга киришга рухсат берилганидан воқиф бўлгач, ўқишни битирмаган ва диплом олмаган.

Аввалига унинг портлаш техникаларидан хабардорлиги атрофидагилар учун сир бўлиб қолади, токи кунлардан бир кун эса Ғарбий соҳилдаги чекка ҳудудда ўз амакиваччаси Билол Ал-Барғутийга нималарга қодирлигини намойиш этмагунича. Билол кўрганлари ҳақида ўз командирига айтиб беради ва Абдулла Барғутий «Ал-Қассам бригадаси» сафига кириш учун таклиф олади.

Бу ерда Абдулла Муҳандис лақабини олади, чунки у нафақат тиззага детонаторларни ўраб қўя олган, балки картошкадан ҳам портловчи ва заҳарли моддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Барғутий ўз шаҳридаги омборлардан бирини амалда ҳарбий заводга айлантиради.

2003 йилда у тасодифан Исроил махсус топшириқли бўлинмаси томонидан қўлга олинади ва уч ой давомида тергов қилинади.

Барғутий ўнлаб исроилликлар ўлими учун шахсан жавобгар деб ҳисоблашади ва унга қарши иккинчи суд ишида кўплаб қурбонларнинг оила аъзолари ҳозир бўлади.

У Исроил адлия тарихидаги энг узоқ муддатли қамоқ жазосини олади — бу бутун адлия тарихидаги энг катта муддат бўлиши ҳам мумкин: 67 умрбод қамоқ жазоси ва яна 5200 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси.

У айни вақтда ҳам Бейт-Шеан яқинидаги Гилбоа қамоқхонасида сақланади. У маълум вақт яккалик камерада сақланган, аммо у ерда очлик эълон қилганидан кейин, ортга қайтаришга тўғри келган.

Исроил ҳукумати Барғутийни 2011 йилги Гилад Шалит эвазига маҳбуслар алмашувига қўшишга рози бўлмаган. 

У қамоқдалигида ўз ҳаёти ҳақида китоб ёзиб, ўзини «Соя шаҳзодаси» деб атаган. Унда ўз ҳаёти ва бошқа маҳбуслар билан биргаликда ўтказган амалиётлар тафсилотларини келтиради — Исроил ҳарбий блокпостлари орқали портловчи моддалар олиб ўтиш, масофадан туриб портлатиш ва ҳоказолар ҳақида.

Исмоил Ҳания

Исмоил Ҳания — ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари ва Фаластин мухториятининг ўнинчи раҳбари. Фото: Reuters

Абу Ал-Абд лақабли Исмоил Абдул Салом Ҳания фаластинлик қочқинлар лагерида туғилган. У ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси ва Ғазодаги Фаластин мухториятини бошқаради. 2006 йилдан буён Ғазодаги ҳукумат раҳбарлигида қолмоқда.

1989 йилда Исроил уни уч йилга қамаган, бу муддат якунлангач, Ҳания (ҲАМАСнинг бошқа етакчилари билан бирга) Исроил ва Ливан ўртасидаги бетараф ҳудуд — Марж ал-Зуҳурга ўтказилган ва бу ерда ҳам яна бир йилни ўтказган.

Шундан кейин Ғазога қайтган ва 1997 йилда ҲАМАС ҳаракати диний раҳнамоси шайх Аҳмад Ёсиннинг ўнг қўли ва котибига айланган, бу эса унинг позициясини сезиларли даражада мустаҳкамлаган.

2006 йил 16 февралида ҲАМАС Ҳанияни Фаластин бош вазири  лавозимига тайинлайди ва у 20 феврал куни бу лавозимга киришади.

Бир йил ўтиб Ҳаниянинг ҳукумати Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббос маъмурияти томонидан тарқатиб юборилади, аммо ҲАМАС бу қарорни ноқонуний деб эълон қилади ва кабинет ишлашда давом этиб, амалда Ғазо сектори устидан тўлиқ назорат ўрнатади.

Бу ерда ҳокимият учун кураш бир ҳафта давом этади ва якунда Аббос раҳбарлигидаги ФАТҲ ҳаракати кучлари сектор ҳудудидан бутунлай сиқиб чиқарилади. Шу билан бирга, Ҳания ўтган вақт ичида бир неча бор ФАТҲни тинчлик сулҳи тузишга чақирган.

2017 йил 6 майида у ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбарлигига сайланган ва 2022 йилда айнан шу лавозимда Россияга ташриф буюриб, ТИВ раҳбари Сергей Лавров томонидан қабул қилинган ва ҲАМАС «Россия ташқи сиёсатининг кўплаб позициялари»га қўшилишини билдирган.

У шунингдек Давлат думаси депутатлари қаршисида ҳам чиқиш қилиб, Қозонга ҳам борган ва Татаристон раҳбари Руслан Минниханов билан учрашган.

Бундан тўрт йил олдин АҚШ Давлат департаменти Ҳанияни террорчи деб топганди.

Холид Машаал

Машаал — ҲАМАС асосчиларидан бири ва илк кунлардан ҳаракат сиёсий бюроси сафида эди. Фото: AFP

Холид Машаал (уни Абу Ал-Волид деб ҳам аташади) 1956 йилда Иорданнинг Ғарбий соҳилидаги Силвад қишлоғида туғилган. У шу ерда бошланғич таълимни олган, аммо мактабни Кувайтда тамомлаган, унинг оиласи ушбу мамлакатга кўчиб ўтганди.

Машаал — ҲАМАС асосчиларидан бири ҳисобланади, ҳаракат ташкил топган вақтдаги етакчилари қаторида бўлган. 1996 йилдан 2017 йилгача у ҲАМАС Сиёсий бюроси президиумини бошқарган, 2004 йилда шайх Аҳмад Ёсин вафот этганидан кейин айнан у ҳаракатнинг янги раҳбари этиб тайинланганди.

1997 йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил разведкасидан (Моссад) Холид Машаални ўлдириш режасини ишлаб чиқишни шахсан сўрайди. Шундан сўнг Моссаднинг 10 нафар жосуси Канаданинг сохта паспортлари билан ўша вақтда Машаал яшаб турган Иорданияга киради ва Омандаги сайр вақтида йўлидан чиқиб, унга заҳарловчи модда юборади.

Иордания ҳукумати қотилликка уринишдан хабар топади ва Моссаднинг икки ходимини қўлга олади. Ўшанда Иордания қироли Ҳусайн Исроил бош вазири фойдаланилган токсинга қарши зидди заҳарни беришни сўрайди, аммо Нетаняҳу аввалига рад жавобини беради.

Суиқасд кучли сиёсий тус олади ва можарога АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Билл Клинтон аралашиб, Нетаняҳуни Иорданияга зарур антидотни юборишга кўндиради.

2006 йил мартида Машаал ҲАМАС делегациясининг Москвага ташрифига раҳбарлик қилган, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бутун рус патриархи Алексий II билан учрашган. Машаал 2007 йилда ҳам Москвага боради.

11 ёшида ота-онаси билан кўчиб кетган Маашал фақат 2012 йил 7 декабрида Ғазо секторига қайтади. Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида уни Фаластин мухторияти етакчилари делегацияси кутиб олади, Ғазо шаҳрига қадар йўл бўйи Машаални оддий фаластинликлар олқишлашади.

Маҳмуд Заҳар

Заҳар ҲАМАС ташкил этилганидан атиги бир ярим йил ўтиб Исроил махсус хизматлари томонидан ушланганди. Фото: Getty Images

Маҳмуд Заҳар 1945 йилда Ғазо шаҳрида, фаластинлик ота ва мисрлик она оиласида туғилган, илк болалик чоғларини Мисрнинг Исмоилия шаҳрида ўтказган.

У мактабни тўлиқ Ғазода ўқийди, кейин Қоҳирадаги Айн-Шамс университетига ўқишга киради, 1971 йилда умумий тиббиёт йўналишида бакалавр дипломини, 1976 йилда эса — умумий жарроҳлик йўналишида магистр дипломини қўлга киритади. Ўқишни тугатгач, Ғазо ва Хон-Юнисдаги шифохоналарда ишлайди, аммо Исроил ҳукумати сиёсий қарашлари туфайли унинг ишдан бўшаттиради.

Заҳарни ҲАМАС сиёсий раҳбариятидаги энг нуфузли аъзолардан бири сифатида билишади.

1988 йилда, ҲАМАСга асос солинганидан бир ярим йил вақт ўтганида, Маҳмуд Заҳар қўлга олинади ва олти ойни Исроил қамоқхонасида ўтказади. 1992 йилда Исроилдан олиб чиқилиб, Марж ал-Зуҳур шаҳрида кузатув остида сақланган фаластинлик етакчилар қаторида у ҳам (Исмоил Ҳания билан бирга) бор эди.

2005 йилда ҲАМАС Фаластин мухториятидаги умуммиллий сайловларда ғолиб бўлгач, Заҳар Исмоил Ҳаниянинг янги ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди — кўп ўтмай Ҳания билан биргаликда Маҳмуд Аббос томонидан истеъфога чиқарилади, бу воқеа эса кейин Фаластиннинг иккига ажралишига олиб келади.

Аммо Заҳар бундан олдинроқ суиқасдни бошдан кечирганди, Исроил махсус хизматлари унинг Ғазо секторидаги уйига қарийб 500 килограммлик бомба ташлайди. Зарба оқибатида унинг катта ўғли Холид ҳалок бўлади, ўзи эса енгил жароҳат билан қутулиб қолади.

2008 йилда Заҳар иккинчи ўғлидан ҳам айрилади: Ҳоссам «Ал-Қассам» бригадасининг исроиллик ҳарбийлар 15 январ куни Ғазо сектори шарқида ўтказган рейди вақтида ўлдирилган 18 жангчисидан бири эди.

Заҳар бир қанча интеллектуал эсселар, сиёсий чиқишлар ва бошқа адабий асарлар муаллифи, жумладан, «Замонавий жамият муаммолари… Қуръон нуқтайи назаридан», «Қуёш остида жой йўқ» (Бинямин Нетаняҳунинг «Қуёш остидаги жой» номли китобига жавобан ёзилган) ва «Тротуарда» романи.

Мавзуга оид