Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Россия қўшинларига қарши илк бор ATACMS ракеталарини қўллади
Украина ҳарбийлари Бердянск ва Луҳанскда россияликларнинг тўққиз вертолёти йўқ қилинганини айтмоқда.
Украина қуролли кучлари 17 октябр куни илк бор Россия қўшинларининг оккупация остидаги ҳудудлардаги позицияларига узоқ радиусда ҳаракатланувчи ATACMS ракеталари билан зарбалар йўллади. Бу ҳақда дастлаб The Wall Street Journal газетаси ўз манбасига таяниб хабар тарқатган, бу маълумотни The New York Times ва Politico ҳам тасдиқлаган.
Украина АҚШдан ATACMS ракеталарининг кассетали ўқ-дорилар билан таъминланган вариантини қабул қилиб олган. WSJ маълумотига кўра, АҚШ бир неча кун олдин Украина қарши ҳужумининг муҳим босқичида Киевнинг Россия кучларига узоқ масофадан зарба бериш қобилиятини ошириш учун Украинага оз сонли ракеталарни яширин равишда юборган. Бу ракеталарнинг ҳаракатланиш радиуси 160 километр атрофида. Айрим ATACMS баллистик ракеталари 300 километргача бўлган масофадаги нишонларни ҳам аниқ ура олади. NYT манбаси эса Украина қуролли кучларига етказиб берилган бу ракеталарга кассетали ўқ-дорилар ўрнатилгани ҳақида маълум қилган. Нашрнинг АҚШдаги манбаси ракеталар РФ қўшинлари назорат қилаётган ҳудудлардаги муҳим авиабазаларга зарбалар йўллашда қўлланган. Олий Рада депутати Олексий Гончаренко ҳам шу ҳақда ёзган: «Демак, ATACMS аллақачон бизда». У ракеталар Бердянскдаги аэродромга бориб тушганини тасдиқлаган.
Украина қуролли кучлари Россия қўшинлари томонидан оккупация қилинган Луҳанск ва Бердянск шаҳарларидаги аэродромларга зарба йўлланганини маълум қилган. Украина махсус операциялар кучлари «Ниначи» (Dragonfly) операцияси доирасида мазкур аэродромларга йўлланган зарбалар оқибатида россияликларнинг 9 та вертолёти, ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексининг ракета учириш қурилмаси, махсус техникалар ва ўқ-дори омборлари йўқ қилингани, учиш-қўниш полосалари шикастлангани ҳақида маълумот берган. Зарбалар оқибатида ҳудудда бўлган ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани ва яралангани қўшимча қилинган.
Украина президенти Володимир Зеленский 17 октябр кун якунлари бўйича видеомурожаатида АҚШга миннатдорчилик билдирган: «Бизнинг президент Байден билан келишувларимиз бажарилмоқда. Улар бехато амалга оширилмоқда — „атакамслар“ ўзини кўрсатди».
Россия ва Украинадаги телеграм-каналларда Бердянскда олингани айтилган фотосуратлар тарқалган. Суратларда ATACMS ракеталари парчалари акс этган. Бу тасвирлар ҳақиқийлигининг тасдиғи йўқ. РФ мудофаа вазирлиги Бердянск ва Луҳанскка йўлланган зарбалар юзасидан изоҳ бермаган.
Украина АҚШдан ATACMS ракеталарини етказиб беришни 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён сўраб келарди. Аввалига АҚШ ҳукумати украин ҳарбийлари бу ракеталардан Россия ичкарисидаги нишонларга зарба йўллаши ва бу олдиндан айтиб бўлмайдиган эскалацияга олиб келиши мумкинлигидан хавотирланган ҳолда бундай қуроллар етказиб берилишига қарши эди. Украина ҳукумати эса бундай ракеталарни Россиянинг халқаро тан олинган ҳудуди бўйлаб зарба беришда қўлламасликка ваъда берганди. Украина бу ракеталар ўз ҳарбий режасини амалга ошириш ва фронт ортидаги – Россия назоратидаги ҳудудларда жойлашган нишонларга зарба бериш учун зарур эканини бир неча бор таъкидлаган. Жо Байден ва Володимир Зеленский ўртасида 2023 йил 21 сентябр куни Вашингтонда ўтказилган учрашувда, ОАВ маълумотига кўра, америкаликлар президенти узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталарни етказиб беришга тайёрлигини билдирган. АҚШ армияси 3 октябр куни Байден маъқуллаши билан Украинага ATACMS ракеталарини юборишга тайёрлигини маълум қилганди. АҚШ бу ракеталар етказиб берилгани ҳақида расман хабар қилмади.
Мустақил ҳарбий таҳлилчи Колби Бадҳварнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинани етказиб бериш учун ўзининг 1138 та муддати ўтмаган ракета захирасидан фойдаланиши керак. Дастлаб, АҚШ 63 дона ATACMS М57 ракеталарини юбориши мумкин, уларнинг яроқлилик муддати 3 йилдан кейин тугайди. Бироқ, таҳлилчининг сўзларига кўра, «Россиянинг орт қисмига ҳар қандай аниқ операцион ва стратегик таъсир кўрсатиш» учун Украинага камида 200 та ракета керак.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025