Жаҳон | 07:45 / 28.10.2023
12257
2 дақиқада ўқилади

Ғазода интернет ва мобил алоқа узиб қўйилди

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, Ғазо бир неча кун интернетсиз қолиши мумкин.

Фото: AP

Фаластиннинг асосий алоқа операторларидан бири жума куни Ғазо секторида барча телекоммуникация хизматлари тўлиқ ўчирилганини маълум қилди.

CNN мустақил интернет мониторинг гуруҳларига таяниб хабар қилишича, бу Ғазода уруш бошланганидан бери энг жиддий алоқа узилиши ва уруш авж олгани сабабли Фаластин тинч аҳолисининг ташқи дунё билан алоқадан узилиб қолгани хавотир уйғотади. 

«Биз барча алоқа ва интернет хизматларининг тўлиқ тўхтатилганини эълон қилишдан афсусдамиз, - деб хабар берди Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда интернет ва мобил алоқа хизматларини тақдим этувчи Paltel провайдери. - Сўнгги бир соат ичида кучли портлашлар натижасида Ғазони ташқи дунё билан боғлайдиган қолган барча халқаро каналлар йўқ қилинди». 

Бутун дунё бўйлаб интернет уланишларини кузатувчи Калифорнияда жойлашган Kentik компаниясининг интернет-таҳлил бўлими директори Дуг Мэдори CNN’га Ғазода давом этаётган портлаш ва ҳуманитар инқирозни ҳисобга олган ҳолда, алоқани тиклаш бир неча кун ёки ундан кўпроқ вақт олиши мумкинлигини айтди. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги алоқа узилишлари «эҳтимол Ғазо бошидан кечирган энг ёмони бўлиши мумкин». 

Лондонда жойлашган NetBlocks CNN телеканалига жума куни интернетнинг узилиши «бурилиш нуқтаси» бўлганини ва можаро бошланганидан бери бундай энг йирик ҳодиса эканини билдирди.

Мавзуга оид