Жаҳон | 09:41 / 28.10.2023
8839
2 дақиқада ўқилади

Люистонда отишма уюштирган шахс ўлик ҳолда топилди

Полиция Люистондаги оммавий отишмада гумон қилинаётган жиноятчининг жасадини ўрмонда топди. ОАВ хабарларига кўра, у ўз жонига қасд қилган.

Фото: AP

АҚШнинг Мэн штати полицияси 27 октябр, жума куни Люистон шаҳрида 18 кишининг ўлими ва 13 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган отишмадан сўнг қидирилаётган эркакнинг жасадини топди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўзига ўзи ўқ узганидан вафот этган, деб хабар берди CNN полиция расмийларига таяниб

Гумонланувчини қидириш икки кундан ортиқ давом этди, унинг жасади шаҳар яқинидаги ўрмондан топилди. Полиция воқеа содир бўлган куни отишма содир этган шахснинг исмини айтди - у 40 ёшли маҳаллий фуқаро Роберт Кард экани маълум қилинди. ОАВ маълумотларига кўра, у АҚШ армияси захирасида бўлган, аммо ҳеч қачон жангларда қатнашмаган. 

2023 йилнинг ёзида Кард психиатрик текширувга юборилган, деб ёзади AP агентлиги. Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, бунга Карднинг ҳарбий қисмдаги машғулотлар вақтидаги «хаотик» хатти-ҳаракати сабаб бўлган. Ундан бир йил олдин эркак овозларни эшитганини айтган, шунинг учун психиатрия шифохонасида даволанган. 

Кард яшаган уйдан унинг ўғли номига ёзилган видолашув мактуби топилган. Бироқ эркак ўз ҳаракатининг эҳтимолий сабабларини очиқламаган. 

АҚШда 2017 йилдан бери энг фожиали ҳолатлардан бири 

Люистондаги отишма қурбонлари бар ва боулинг залига ташриф буюрувчилар бўлди. Ҳалок бўлганларнинг энг кичиги 14 ёшли болакай эди. Воқеа ҳақида зудлик билан АҚШ президенти Жо Байден хабардор этилди – воқеа 2017 йилда Лас-Вегасдаги мусиқа фестивалида бир киши ташриф буюрувчиларни отиб ташлаганидан бери энг қонли ҳолатлардан бирига айланди. 

Мавзуга оид