Автосалонларда йўқ шартнома учун ажиотаж юзага келди
UzAuto Motors'нинг Chevrolet Gentra, Cobalt вa Damas автомобиллари учун шартномалар очилиши ҳақидаги миш-мишлар фонида автосалонларда навбатлар вужудга келди. Компания оммабоп моделларга шартнома бериш бошлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Ижтимоий тармоқларда 30 октябрдан бошлаб Chevrolet Gentra, Cobalt вa Damas автомобиллари учун шартномалар очилиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Натижада автосалонларда йўқ машина учун ажиотаж юзага келди.
UzAuto Motors оммабоп моделларга шартнома бериш бошлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.
“Бугун бир қанча автоихлосмандлар автомобиллар учун контрактация бошлангани тўғрисидаги миш-мишларга ишониб, эрталабдан дилерлик марказларига келишгани сабабли катта навбатлар юзага келди. Ҳурматли харидорлар, эслатиб ўтамиз, сотув бошланганлиги тўғрисида ва бошқа мурожаатлар бўйича маълумотларни UzAuto Motors'нинг расмий каналларидан олишингиз мумкин.
Шунингдек, автомобилларга шартнома тузиш нафақат дилерлик марказларида, балки UzAutoSavdo иловаси, Telegam bot ҳамда savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали ҳам онлайн тарзда амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтамиз”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, компания оммабоп моделлари сотувини 8 ойлик танаффусдан кейин шу йил август ойи бошида қайта тиклаган, ўшанда автосалонларда кузатилган ажиотаж фонида 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар бир сутка ичида тарқатиб бўлингани айтилганди. Кейинроқ, 18 сентябр куни қўшимча шартнома бериш бошлангани хабар қилинди, бироқ орадан 2 соат ўтар-ўтмас 28 мингта шартнома тугагани, жараён эса тўхтатилгани маълум бўлди.
Мавзуга оид
21:48 / 23.11.2024
Одамлар ўлимига кўпроқ сабаб бўлаётган энг хавфли автомобиллар саналди
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024