Жаҳон | 14:32 / 01.11.2023
7780
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазо секторининг келажаги бўйича эҳтимолий вариантларни ўрганмоқда

Ғазо секторини бошқа давлатлар ёки халқаро ташкилотлар иштирокида бошқаришнинг бир қанча вариантлари бор, деди АҚШ давлат котиби Сенатда. У 3 ноябр куни яна Яқин Шарққа келади.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар бошқа давлатлар қатори Ғазо сектори келажаги бўйича эҳтимолий вариантларни ўрганмоқда, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. У 31 октябр, сешанба куни АҚШ Сенатининг молия бўйича қўмитасида бўлиб ўтган эшитувларда Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи аҳоли зич жойлашган қирғоқ ҳудудини назорат қиладиган статус-квони сақлаб бўлмайди, бироқ Исроил Ғазо секторини назорат қилишни истамаяпти, деди.

Бу икки позиция ўртасида «бир қатор эҳтимолий вариантлар мавжуд, биз, бошқа давлатлар сингари, ҳозир уларни жуда диққат билан текширмоқдамиз», дея қўшимча қилди Америка ташқи сиёсат идораси раҳбари. 

Блинкеннинг сўзларига кўра, энг оқилона вариант Ғазо секторини бошқарадиган «самарали ва янгиланган Фаластин маъмурияти» бўлади. Бунга эришиш мумкинми, деган савол туғилади, деди у. «Агар бунинг иложи бўлмаса, бир қатор давлатлар иштирок этиши мумкин бўлган бошқа вақтинчалик вариантлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, хавфсизлик ва бошқарув функциялари ҳам халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин», деди у. 

Блинкен 3 ноябр куни Исроилга яна боради 

Айни пайтда, Блинкен 3 ноябр куни яна Яқин Шарққа сафар қилади. У Исроил ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказади, Исроилдан сўнг минтақанинг бошқа мамлакатларига ташриф буюриш режалаштирилган, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер. Блинкеннинг Яқин Шарққа сафари Исроилнинг Ғазо секторида кенг кўламли ҳужумлари бошланганидан буён иккинчиси бўлади. Октябр ойи ўрталарида у минтақада 10 кун бўлиб, Иордания, Миср, Саудия Арабистони ва БАА, шунингдек, Исроилга икки марта ташриф буюрган. 

АҚШ Исроилнинг энг йирик иттифоқчиси бўлиб, унга кенг кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатади. Октябр ойида президент Жо Байден Конгрессдан Исроил ва Украинани қўллаб-қувватлаш учун 75 миллиард доллар сўраган эди. 

Айни пайтда, Вашингтон Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушда ўт очишни тўхтатиш таклифларига қарши. 30 октябр куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби: «Биз ҳозирча ўт очишни тўхтатиш тўғри иш деб ҳисобламаймиз. Ҳозирда ўт очишни тўхтатиш фақат ҲАМАСга фойда келтиради», деди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,5 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид