Жаҳон | 10:14 / 01.11.2023
6300
2 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби: Ғазо секторида тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш керак

Йенс Столтенберг ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралади ва бу давлат расмийларини жавоб чоралари чоғида Ғазо секторидаги тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашга чақирди.

Йенс Столтенберг Фото: Alexandra von Nahmen/DW

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралади ва Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий жавоби халқаро қонунларга мувофиқ бўлиши кераклигини таъкидлади. 31 октябр, сешанба куни Ослода бўлиб ўтган Шимолий мамлакатлар кенгаши йиғилишида Столтенберг: «ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумларини қоралаймиз. Шу билан бирга, Исроилнинг жавоби халқаро ҳуқуқ доирасида амалга оширилиши муҳим», деди. НАТО бош котиби, шунингдек, тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдами учун Ғазо секторига киришни таъминлаш зарурлигини таъкидлади. 

Эрон, «Ҳизбуллоҳ» ва бошқа гуруҳлар мавжуд вазиятни суиистеъмол қилмаслиги ва Яқин Шарқдаги кескинликни кучайтирмаслиги керак, деди Йенс Столтенберг. «Ушбу уруш йирик минтақавий можарога айланиб қолмаслиги ҳам муҳим», - дея қўшимча қилди у.

НАТО бош котибининг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда бутун дунё гувоҳи бўлган изтироблар «можарога узоқ муддатли, тинч сиёсий ечим топиш йўлидаги меҳнатдан воз кечмаслик кераклигини яна бир бор эслатиб қўйди». 

Шимолий кенгаш 1952 йилда ташкил этилган. Бу Скандинавия мамлакатлари: Дания, Швеция, Норвегия, Финландия, Исландия, шунингдек, Аланд ороллари автоном вилоятлари, Фарер ороллари ва Гренландия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича минтақавий ташкилотдир. 

Мавзуга оид