Ўзбекистон | 11:12 / 02.11.2023
14778
1 дақиқада ўқилади

Шеробод туманига янги ҳоким тайинланди

Туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Зайнобиддин Халилов соғлиғи туфайли ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Усмон Алимов туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Фото: Шеробод тумани ҳокимлиги

Сурхондарё вилоятида халқ депутатлари Шеробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, сессияда туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Зайнобиддин Халилов соғлиғи туфайли ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилгани маълум қилинди. Унинг ўрнига Усмон Алимов туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Усмон Алимов 1983 йил 6 апрелда Денов туманида туғилган. 2007 йил ва 2014 йилда Термиз давлат университетини, 2021 йилда президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – миллий истиқлол ғояси ҳуқуқ ва маънавият асослари, иқтисодиёт, давлат бошқаруви.

У.Алимов 2013-2019 йилларда вилоят ҳокимлигида турли вазифаларда ҳамда Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2019 йилдан буён Сурхондарё вилояти статистика бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Зайнобиддин Халилов Шеробод тумани ҳокимлигига 2023 йил январида тайинланганди.

 

Мавзуга оид