Жаҳон | 11:24 / 03.11.2023
8210
3 дақиқада ўқилади

Ғарбий Европага «Киаран» довули ёпирилди, қурбонлар бор

Атлантика океани устида вужудга келган довул Англия жануби-ғарби ва Франция шимоли-ғарбига таъсир кўрсатди, шунингдек, Германия, Белгия ва Нидерландияда ҳам чекловлар жорий этилди. Икки киши ҳалок бўлгани маълум.

Фото: AP

Атлантика океани устида вужудга келган «Киаран» довули Ғарбий Европага ёпирилди. 2 ноябр, пайшанбага ўтар кечаси Англия жануби-ғарби ва Франция шимоли-ғарби довул зарбасига дуч келди. Францияда қулаган дарахтлар кўплаб йўллар ва темирйўлларни тўсиб қўйди, 1,2 миллионга яқин хонадон электр таъминотисиз қолди, ўн минглаб одамлар мобил алоқадан узилди. 1300 дан ортиқ одам эвакуация қилинди, дея хабар бермоқда dpa Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманенга таяниб.

Бундан ташқари, Францияда бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган: дарахт юк машинаси устига қулаши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлган. Франциянинг Атлантика ва шимолий қирғоқларида сув тошқини хавфи эълон қилинди. Бретан ҳудудида тўлқин баландлиги 21 метрга, шамол тезлиги эса 200 км/соатга етди. 31 та департаментда об-ҳавонинг кескин ўзгариши натижасида хавф даражаси ошгани эълон қилиниб, юк ташиш ҳаракатида чекловлар жорий этилган. Брест ва Кампер аэропортларида бир қатор рейслар кечиктирилди ва бекор қилинди.

Германияда бир аёл вафот этди

Германияда ҳам бир киши ҳалок бўлди. Гарц тоғли мавзесида ёш аёл эри ва болалари билан сайр қилиб юрганида дарахт қулаши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Германия метеорология хизмати 2 ноябр куни Шимолий денгиз соҳилларида пўртана ҳақида, Болтиқбўйи соҳилидаги айрим ҳудудларда эса кучли шамол ҳақида огоҳлантирди. Куннинг биринчи ярмидаёқ қулаган дарахтлар Германия ғарбий қисмидаги Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида темирйўл ҳаракатини мураккаблаштирди. Германияда бу довул бошқа номга эга - «Эмир».

Англия жанубий қирғоқларида юзлаб мактаблар ёпилди, Девонда 6 минг хонадон электр таъминотисиз қолди. Катта Лондон минтақасидаги темирйўл компаниялар аҳолини кераксиз сафарлардан тийилишга чақирди. Дувр ва Кале ўртасидаги паром қатнови тўхтатилди.

Нидерландияда юзлаб рейслар бекор қилинди, деди Схипхол Амстердам аэропорти вакили. Шимолий денгизда кемалар ҳаракати ҳам чекланган. Нидерландия метеорология хизмати жануби-ғарбий Зеландия провинцияси ва Шимолий денгиз соҳилидаги бошқа ҳудудлар учун иккинчи, «тўқ сариқ» хавф даражасини эълон қилди. Белгияда 2 ноябрга ўтар кечаси довул туфайли транспорт ҳаракати чекланди. Гент порти ярим тундан бери кемаларни қабул қилмаяпти ва жўнатмаяпти. Бундан ташқари, ҳаво қатновига чекловлар киритилгани хабар қилинган. Қироллик метеорология институти KMI тезлиги 110 км/соатгача бўлган кучли шамол ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид