Ўзбекистон | 14:52 / 03.11.2023
13351
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевга Туркий давлатлар ташкилотининг олий мукофоти топширилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун «Турк дунёсининг олий ордени» билан тақдирланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – «Туркий дунёнинг олий ордени»ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Туркман халқи миллий етакчиси, Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Ташкилот давлатлари раҳбарлари номидан мукофотни Қозоғистон президенти топширди.

– Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан, - деди маросимда давлатимиз раҳбари, ҳамкасбларга миннатдорлик билдириб.

Охирги даврда Туркий дунёнинг нуфузи ва салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ юксалаётгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга аъзо бўлиб кирганидан буён мамлакатимиз томонидан туркий мамлакатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Мамлакатимизнинг ташкилотга раислиги даврда 100 дан зиёд турли тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорликнинг янги самарали механизмлари яратилди, нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар билан яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилди.

Ташкилотга аъзо барча давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалар изчил кенгаймоқда, стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди, савдо ҳажмлари ортмоқда, кооперация кучаймоқда.

– Барчамизнинг орзу ва мақсадларимиз, интилиш ва ҳаракатларимиз уйғун ва ҳамоҳангдир. Азалдан дўст ва қардош бўлган туркий халқларимиз бундан кейин ҳам аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, ёруғ келажакни биргаликда бунёд этадилар, - деди давлатимиз раҳбари.

Мавзуга оид