Жаҳон | 13:00 / 04.11.2023
7944
3 дақиқада ўқилади

АҚШ россиялик аёлга олигархларга ёрдам бергани учун санкциялар киритди

АҚШ расмийларига кўра, россиялик аёл Екатерина Жданова санкцияга учраган Россия элитасига виртуал валюта орқали пул ювишда ёрдам берган.

Фото: AP

Қўшма Штатлар Россия фуқароси Екатерина Ждановага санкцияга учраган Россия элитаси номидан ҳаракат қилиб, виртуал валютадан фойдаланган ҳолда юзлаб миллион долларларни ювишда ўйнаган роли учун жазо чоралари жорий қилмоқда. Бу ҳақда 3 ноябр, жума куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Мэттю Миллер баёнот берди.

АҚШ расмийларига кўра, Жданова «пул ювиш ёки бойлик манбаларини яширишга интилаётган россиялик мижозларга бир қатор виртуал, нақд пул, солиқ ва бошқа хизматларни тақдим этган». Давлат департаменти пресс-релизида айтилишича, у Қўшма Штатлардаги тиббиёт муассасаларига киберхавф туғдирувчи тўлов дастурини ишлаб чиқувчилар билан боғлиқ бўлган бир гуруҳ шахсларга ёрдам берган. 

Россиялик олигархларга пул ювишда ёрдам бериш 

Айни пайтда, АҚШ Молия вазирлиги ўз веб-сайтида 2022 йил март ойида маҳкамадаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Украинада уруш бошлангани муносабати билан Россия молия тизимига қарши санкцияларни киритганидан сўнг, Жданова бир россиялик мижозга бойлигининг манбасини яширишга ёрдам берганини аниқлади. Сохта инвестиция ҳисобини очиш ва кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар орқали 2,3 миллион доллар Ғарбий Европага ўтказилган, дейилади ҳисоботда. 

Бошқа ҳолатда, исми ошкор этилмаган россиялик олигарх Ждановага унинг номидан Бирлашган Араб Амирликларига 100 миллион доллардан ортиқ маблағни ўтказишни сўраб мурожаат қилган, дея хабар беради АҚШ Молия вазирлиги. Жданова россиялик мижозларга БААда солиқ резидентлигини олиш бўйича хизматлар кўрсатган ва уларнинг шахсини яширишда иштирок этган бўлиши мумкин, дейди АҚШ расмийлари. 

«Бугунги қадамимиз Кремлнинг коррупцион ишончли шахсларини қўллаб-қувватлаш оқибатларини кўрсатади, ноқонуний маблағларни ювиш учун виртуал валютани суиистеъмол қилишга қарши кураш бўйича АҚШнинг саъй-ҳаракатларини таъкидлайди ва пул ювувчини фош қилади, - деди Мэттю Миллер. - Бу қадам G7 санкцияларидан қочиш ва Россия, унинг элиталари, воситачилари, олигархларига халқаро санкциялар таъсирини бартараф этиш учун виртуал валютадан фойдаланишга имкон берувчи бўшлиқларни ёпишга қарши кураш бўйича мажбуриятларимиз билан ҳам мос келади».

Мавзуга оид