Суд тизими ходимлари мажбурий обунага тортилмоқда
Олий суд ва Судялар олий мактаби муассислигидаги 3 та журнал ва 1 та газетага суд тизимида “ихтиёрий-мажбурий” тарзда обуна кампанияси кетяпти. Бундан ташқари, айрим жойларда ҳуқуқшунос муаллифлигидаги айни бир китоб икки марта пулланган. Суд соҳасининг юқори органлари буларни рад этди.
Kun.uz'га суд тизими ходимларидан мурожаат келиб тушди. Унда муассиси Олий суд ва Судялар олий мактаби бўлган нашрларга суд соҳаси вакиллари мажбурий обуна қилдирилаётгани ҳақида сўз боради.
Маълум бўлишича, суд тизими ходимларига “ихтиёрий-мажбурий” тарзда обуна қилдирилаётган нашрлар қуйидагилар:
- “Олий судлов” – “Правосудие” журнали — бир йил учун 504 минг сўм (12 та сон);
- “Олий суд ахборотномаси” – “Бюллетень Верховного суда” журнали — бир йил учун 300 минг сўм (6 та сон);
- “Куч адолатда” газетаси — бир йил учун 338 минг сўм (52 та сон);
- “Одиллик мезони” журнали — бир йил учун 540 минг сўм (12 та сон).
Юқорида саналган биринчи учта нашрнинг муассиси – Ўзбекистон Олий суди. “Одиллик мезони” эса – Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактабининг журналидир.
Манбанинг сўзларига кўра, суд тизимида ишловчи оддий ходимлардан бу нашрларнинг бир ёки иккитасига обуна бўлиш талаб этилади. Судялар эса тўртала нашрнинг ҳам обунасини сотиб олиши шарт қилиб қўйилган.
“Бу ҳолат ҳар йили кузатилади. Обуна мавсумида бу масалага алоҳида масъул ходим бириктириб қўйилади, у ойлик ёки аванс тушган кунлари ҳамма ходимлардан квитанция сўраб юради”, – дейди у.
Мурожаатчининг айтишича, ҳуқуқий нашрларга обунадан ташқари, “ихтиёрий-мажбурий” тарзда китоб сотилиши ҳолатлари ҳам учраб туради.
“Ўтган йили Шохруҳ Акбаровнинг иккита китобдан иборат “Мен ўзбекман” асарининг иккинчи китобини 50 минг сўмдан олдиришганди. Бу йил яна худди шу китобни 60 минг сўмдан “ихтиёрий-мажбурий” тарзда сотишди. Биринчи китоб бўлганида ҳам майли эди, иккинчисини ўтган йили олгандик”, – дейди суд тизими вакили.
Мурожаатчининг айни иддаосини шу ҳудуддаги бошқа судда ишловчи манба ҳам тасдиқлади.
Kun.uz боғланган расмийлар тизимда мажбурий обуна борлигини рад этди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг айтишича, “шу пайтгача суд тизимида обуна учун мажбурлов бўлмаган”.
“Суд тизимидаги газета ва журналларга соҳа ходимларининг ўзи иштиёқ билан ихтиёрий обуна бўлишади. Сабаби ушбу нашрларда ўзларининг мақолалари, хабарлари чоп этилади. Шу пайтгача суд тизимида обуна учун мажбурлов бўлмаган. Шоҳрух Акбаровнинг “Мен ўзбекман” номли китоби ҳақида эса биринчи бор эшитишим”, – деди Азиз Обидов.
Судялар олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров мажбурий обуна масаласида кенгашга мурожаат бўлмаганини таъкидлади.
“Обуна – ихтиёрий, ҳеч кимни мажбурлаш йўқ. Шоҳрух Акбаровнинг “Мен ўзбекман” деган китоби мажбурий сотилаётганини ҳам энди эшитиб турибман. Мажбурий обуна қилинаётгани хақида кенгашга судялардан мурожаат келиб тушмаган. Кенгаш ташаббуси билан чоп этилган “Судя маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби эса судяларга текинга тарқатилган”, дея маълум қилди Турсунали Акбаров.
Маълумот учун, Шоҳрух Акбаров узоқ йиллар Олий суд ахборотномаси ва “Куч адолатда” газетасида (1994-2004) ва Ўзбекистон Судялари ассоциациясининг “Ҳуқуқшунос” журналида бош муҳаррир (2005-2009) бўлиб ишлаган.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024