Жаҳон | 00:06 / 05.11.2023
26329
8 дақиқада ўқилади

Қатар Исроилга жосуслик қилган 8 ҳиндни ўлимга ҳукм қилди

Қатар суди Исроил фойдасига жосуслик қилгани Ҳиндистон фуқароларини ўлимга хукм қилди. Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги бу ҳукмдан лол қолгани, бу борада Доҳа билан музокара ўтказилишини билдирган.

Собиқ ҳинд ҳарбийлари

Ўлимга ҳукм қилинганларнинг барчаси Қатардаги хусусий компанияда ишлаётган ҳиндлар бўлган. Улар ўтган йил август ойида қўлга олинган, шу вақтгача тергов ва суд жараёни давом этган. Ҳар икки томон ҳам айблов ҳукмини эълон қилмаган. Reuters'га кўра, ўлимга ҳукм қилинганларнинг барчаси Ҳиндистон ҳарбий-денгиз флоти – Navy собиқ офицерлари бўлган.

«Биз [ўлимга ҳукм қилинганларнинг] оила аъзолари билан алоқада бўлиб турибмиз. Ҳуқуқшунослар вазиятдан чиқишнинг қонуний чораларини қидирмоқда. Бу ишга жиддий эътибор қаратамиз. Ҳукм Қатар томони билан ҳам муҳокама қилинади», дейилади Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Вазирлик иш бўйича суд ҳукмини кутаётганини қўшимча қилган. Ҳиндистон томони берган хабарда ишнинг махфийлиги сабаб у ҳақда қўшимча маълумот тақдим этилмаслиги айтилган.

Ўлимга ҳукм қилинган ҳиндлар Қатар махсус хизматлари томонидан 2022 йил август ойида қўлга олинганди. Уларга нисбатан 2023 йил март ойида айблов эълон қилинган. «Жосуслар» Қатар қонунлари бўйича суд қилинган. Маҳбусларни гаров эвазига қўйиб юбориш бўйича сўровлар бир неча марта рад этилган. Қатардаги биринчи инстанция суди 26 октябр куни улар устидан ҳукм чиқарди. Ҳозирча ҳиндлар Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланаётгани маълум холос. 8 «агент» орасида ўз вақтида Ҳиндистон ҳарбий кемаларини бошқарган командирлар ҳам бўлган.

Моссад раҳбари Қатарга борди

Қатар Исроилга жосуслик қилган ҳиндларни ўлимга ҳукм қилиши Яқин Шарқда XXI асрдаги энг қонли урушлардан бири давом этаётган вақтга тўғри келди. Араб давлатлари билан илиқ муносабатда бўлмаган Исроил Қатарга нисбатан бошқача қарашда бўлишга мажбур. Чунки айнан Қатар ҲАМАС қўлида бўлиб турган исроиллик асирлар борасида асосий воситачи давлат бўлиб турибди. Нетаняҳу ҳукумати эса асирлар сабаб исроилликларнинг жиддий босими остида қолмоқда.

30 октябр куни Исроил махсус вазифалар бўйича разведка ташкилоти Моссад директори Давид Барнеа Қатарда бўлиб араб давлатининг юқори мартабали мулозимлари билан ҲАМАС қўлида қолаётган 235 нафар исроиллик асирлар борасида музокара ўтказган. Учрашув давомида Қатарда айнан Исроил фойдасига жосуслик қилгани учун ўлимга ҳукм қилинган ҳиндлар масаласи ҳам кўтарилгани аниқ эмас. Чунки айни дамда асирликда қолаётган исроилликлар масаласи асосий муҳокама мавзуси бўлиб турибди.

Reuters ушбу мавзу ҳақида Ҳиндистон, Қатар ва Исроил раҳбарияти ҳеч қандай муносабат билдирмаганига эътибор қаратган.

4 командир, 3 капитан ва 1 денгизчи

Ҳинд нашрлари ўлимга ҳукм қилинган 8 ҳинднинг исмини аниқлади. Улар командир Пурненду Тивари, командир Сугунакар Пакала, командир Амит Нагпал, командир Санжев Гупта, капитан Навтеж Синкҳ Гилл, капитан Бирендра Кумар Верма, капитан Саураб Васишт ва денгизчи Рагеш Гопакумардир. Уларнинг барчаси Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларида 20 йил хизмат қилган. Бу ҳинд ҳарбий флотида хизмат қилиш мумкин бўлган энг максимал муддат ҳисобланади. Рўйхатдагилардан баъзилари юқори лавозимларда ишлаган, ҳатто ҳарбий кемаларни бошқарган ва ҳарбий инструктор бўлган.

2019 йилда командир Пурненду Тивари хорижлик ҳиндларга бериладиган энг олий мукофот – Праваси Бхартия Самман ордени билан тақдирланган. Ҳиндистоннинг Доҳадаги элчихонаси мукофот командир Тиварига «хорижда Ҳиндистоннинг обрўсини кўтаргани учун» топширилганини хабар қилган.

Ҳиндлар нима билан шуғулланган?

Ҳинд нашрларига кўра, ўлимга ҳукм қилинган ҳиндлар Қатар ҳарбий-денгиз кучлари билан ҳамкорлик қилган Al Dahra Global Technologies консалтинг компаниясида ишлаган ва улардан баъзилари Қатар ҳукуматига қандай сувости кемалари сотиб олиш бўйича тавсиялар тайёрлаган. Консалтинг компанияси сайтида ёзилишича, у аэрокосмик, хавфсизлик ва мудофаа масаласида «мукаммал ечимлар таклиф қилади».

Бу компания Уммон султонлиги Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли эскардилиянинг истеъфодаги командири Ҳамис ал Ажмига тегишли. У ҳам 8 нафар ҳинд билан бирга қўлга олинган, лекин ўтган йил ноябр ойида қўйиб юборилганди. Ҳинд нашрларининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, ўлимга ҳукм қилинганларнинг баъзилари Италия технологиялари асосида сездирмай ҳаракатланувчи кичик сувости кемалари яратиш лойиҳаси устида олиб борилган махфий дастурда ҳам иштирок этган.

Жорий йил май ойида Al Dahra компанияси Доҳадаги қароргоҳини ёпган. У ерда асосан ҳиндлар ишлаган бўлиб, ҳозир улар уйига қайтиб кетган. Қатар томони компания махфий маълумотларни Исроил томонга етказган деб ҳисоблаган. Бу компания Қатар Хавфсизлик хизмати ва Қатар Қуролли кучлари ҳарбийларини ўқитгани ҳам маълум.

Қатар ва Ҳиндистон алоқалари

Қатар ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар жуда яхши ҳисобланади. Қатар Ҳиндистондан ҳар йили 2 миллиард долларга яқин озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар импорт қилади. Ҳиндистон эса Қатардан 17 миллиард долларга яқин маҳсулот сотиб олади. Ҳиндлар ўз эҳтиёжи учун табиий газнинг 50 фоизини айнан Қатардан олади. 2030 йилга бориб Ҳиндистон Қатардан газ импортини 15 фоизгача оширмоқчи.

2008 йилда ҳар икки давлат денгиз мудофааси келишув ҳам имзолаган. Қатарда 800 мингдан ортиқ (баъзи манбаларга кўра ундан ҳам кўп) ҳиндлар меҳнат муҳожири сифатида ишлайди. Қатарнинг умумий аҳолиси 3 миллион атрофида экани инобатга олинса, бу жуда катта кўрсаткич дегани.

Шу вақтгача Қатар ва Ҳиндистон ҳукумати ўртасида қандайдир жиддий муаммо кузатилмаган. Фақат биргина истисно бор. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди етакчилик қиладиган Бхаратия партияси расмий вакили Нупур Шарма ислом дини ҳақида номақбул гаплар гапиргани ортидан Қатар Ҳиндистонга норозилик билдирганди. 2022 йилги жаҳон чемнионати бошланиши арафасида содир бўлган ўша воқеадан кейин Қатар Ҳиндистон элчисини ТИВга ҳисоб сўраб чақирган илк мусулмон давлатга айланганди.

Ечим борми?

Ҳиндистон бунгача бир марта «дор остидан одам қутқаришни» уддалаган. Мамлакат Покистонга қарши халқаро судга ариза киритиб, Кулбҳушан Ядавга нисбатан ўлим жазоси борасида тортишган. Иш халқаро судга ўтганидан кейин Ядавга нисбатан эълон қилинган ўлим жазоси ижро этилмай қолди. Деҳли бу гал ҳам мана шу йўналишда ҳаракат қилмоқчи.

Покистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мумтоз Заҳро Балош Қатарда ҳиндларнинг жосусликда айбланиб қўлга олингани Ҳиндистоннинг хорижда жосуслик тизими яратгани борасида Покистоннинг хавотирларини тасдиқлашини айтди.

Ҳинд нашрларига кўра, Ҳиндистон ҳам, Қатар ҳам асирлар алмашиш бўйича келишув имзолаган. Бундан келиб чиқса, масалани асирлар алмашиш орқали ҳам ҳал қилиш мумкин. Лекин бу борада бошқа муаммо бор: Ҳиндистонда бирор Қатар фуқароси қўлга олингани эҳтимоли жуда паст.

Покистон ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги капитани Адееб Заман Сафвининг айтишича, Қатар махсус кучлари конкрет факт топгачгина ҳинд денгизчиларни қўлга олган. Собиқ ҳарбийнинг тахмин қилишича, масала АҚШ Марказий разведка бюроси, Моссад ва Ҳиндистон разведкаси ўртасидаги йирик ҳамкорлик бориб тақалиши ҳам мумкин. ОАВда ўлимга ҳукм қилинган ҳиндлар Ҳиндистон разведкасига ишлагани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлгани бу тахминни қувватлайди.

Собиқ ҳарбий ва эксперт яна бир жиҳатга эътибор қаратган. Унинг фикрича, 8 нафар ҳинд ўлимга ҳукм қилингани ҳақида Қатарнинг ҳеч бир йирик нашрида ёзилмагани бу жуда кенг қамровли операция эканидан далолат беради.

Мавзуга оид