Ўзбекистон | 14:48 / 08.11.2023
8874
2 дақиқада ўқилади

Коллеж, техникумларнинг вакант қолган ўринларига абитуриентлар қабули бошланди

2023/2024 ўқув йили қабулида коллеж ва техникумларга ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар бўш қолган ўринларга қабул қилинадиган бўлди. Бунинг учун абитуриент 13 ноябргача профессионал таълим муассасаси маъмуриятига мурожаат қилиши керак.

Фото: Kun.uz

2023/2024 ўқув йилида my.uzbmb.uz платформаси орқали коллеж ва техникумларга (юридик техникумлар бундан мустасно)га ҳужжат топширган абитуриентлар қабул параметри доирасида бўш ўринларга қабул қилинади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги буйруғи эълон қилинди.

Унга кўра, аввало, абитуриентлар тест натижалари бўйича баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, қабул якунлари бўйича шаклланмаган (ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлган) гуруҳларга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ўқувчилар аризасига кўра, таълим шакли ўзгармаган ҳолда давлат гранти асосида бошқа касб (мутахассислик)га ўзгартириши мумкин.

Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига тест синовларида иштирок этиб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар фақат шу техникумдаги мос мутахассислик бўйича вакант ўринларга тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Бу техникумларнинг вакант ўринларига мос мутахассислик бўйича ўқишга даъвогар абитуриент бўлмаган тақдирда, мазкур муассасанинг бошқа мутахассисликлари бўйича ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар қабул қилинишига рухсат берилади.

Шу билан бирга, тиббиёт йўналишидаги мутахассисликларга тавсия этилмаган абитуриентлар бошқа коллеж ва техникумлардаги вакант ўринларга ўқиш учун ҳам мурожаат этиши мумкин.

Маълум қилинишича, вакант ўринларига ўқиш истагида бўлганлар 2023 йилнинг 13 ноябр кунигача профессионал таълим муассасаси маъмуриятига мурожаат қилишлари керак.

Мавзуга оид