Ўзбекистон | 07:44 / 08.11.2023
2545
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий қимматликлар тўғрисида битим имзоланди

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб АҚШ билан маданий қимматликлар бўйича шартнома имзолади. Бу ўғирланган артефактларнинг АҚШга олиб кирилишини чеклайди ва уларни қайтариш жараёнини осонлаштиради.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида АҚШга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган айрим ўзбек артефактларини ватанга қайтаришга ёрдам бериши кутилаётган маданий бойликлар бўйича беш йиллик ҳукуматлараро битим имзоланди.

Ҳужжатни 7 ноябр куни Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник имзолади.

«[Ҳужжат] Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида музей ашёлари ва маданий қимматликларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда қайтарилиши борасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади ва умид қиламанки, у ўзаро манфаатли бўлади», — деган Баҳодир Абдикаримов имзолаш маросимида.

Шартнома, хусусан, талон-торож қилиш хавфи борлиги аниқланган ва махсус рўйхатга киритилган археологик ёки этнологик аҳамиятга эга объектларни АҚШга олиб киришга чекловлар ўрнатади.

Бундан ташқари, таълим, маданий ва илмий мақсадларда ахборот ва маданий мерос алмашинуви бўйича «Йўл харитаси»ни яратиш, қўшма кўргазмалар ўтказиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисида шартнома имзолади. Ўзбекистондан ташқари дунёнинг яна 25 та давлати АҚШ билан шундай шартномалар тузган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид