“Дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда” — Шавкат Мирзиёев
Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
“Авваламбор, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида сизлар билан учрашиб турганимдан беҳад хурсандман. Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!” – деди президент нутқи аввалида.
Шавкат Мирзиёев ИҲТнинг халқаро майдондаги аҳамиятига тўхталди.
“Бугунги олий даражадаги учрашувимиз бизнинг умумий тараққиёт йўлида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қатъий интилишимизнинг яққол далилидир.
Бугун кўз ўнгимизда дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда ва глобал қайта қурилиши содир бўлмоқда.
Бу мураккаб жараёнларда ўзининг катта ўрнига эга бўлган ташкилотимиз давлатлари биргаликда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши, вужудга келаётган хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар топиши муҳимдир.
“Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтаётган саммитимизда сиз, азиз ҳамкасбларим билан кўп томонлама алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқиш ва энг долзарб масалалар бўйича батафсил фикр алмашамиз.
Барчангизга бугунги тадбиримизда иштирок этаётганингиз ва ўзаро манфаатли муносабатларимиз равнақига қўшаётган улкан ҳиссангиз учун алоҳида ташаккур билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевни ташкилотимиздаги муваффақиятли раислиги билан самимий табриклайман.
Озарбайжон раислиги доирасида “Яшил ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили”да ўтказилган қатор тадбир ва ташаббуслар амалий шериклигимизни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Келгуси йилда ташкилотимизга раислик қиладиган Эрон Ислом Республикасининг минтақавий савдони ривожлантириш орқали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасидаги режа ва мақсадларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Ўзбекистон раҳбари.
Мавзуга оид
14:24 / 08.08.2024
ИҲТ Исроилга Ҳамас етакчиси ўлими учун жавобгарликни юклади
15:33 / 03.06.2024
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг туризм йўналиши бўйича раислиги Ўзбекистонга берилди
21:17 / 10.11.2023
Муқобил коридорлар қанча кўп бўлса, шунча яхши — ИҲТдаги фаоллашув нега муҳим?
16:38 / 09.11.2023