Жаҳон | 08:42 / 09.11.2023
11959
2 дақиқада ўқилади

Луҳанскда «ЛХР милицияси» собиқ бошлиғи портлатиб юборилди

Михаил Филипоненконинг машинаси уйи ёнида портлатилган. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси муваффақиятли операция ўтказилганини эълон қилди.

Фото: Telegram / uniannet

Луҳанскда 8 ноябр, чоршанба куни «халқ кенгаши» депутати, ўзини «ЛХР» деб эълон қилган ҳудуд «халқ милицияси» бошқармаси собиқ бошлиғи Михаил Филипоненконинг машинаси портлатиб юборилди. Портлаш унинг уйи ёнида кузатилган, Филипоненко ҳалок бўлган.

Филипоненконинг ўлимидан сўнг Россия Тергов қўмитаси (РТҚ) уч модда, жумладан, терроризм бўйича жиноий иш қўзғатди.

2023 йил феврал ойида ҳам Филипоненконинг ҳаётига суиқасд қилинганди, ўшанда унинг машинаси «Ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича қўшма марказ» деб номланган «ЛХР» ваколатхонаси биноси ёнида портлатилган. Филипоненко омон қолган, бироқ унинг ҳайдовчиси жароҳатланган.

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») Михаил Филипоненкога суиқасд уюштиришга алоқадорлигини маълум қилди. Ҳарбий разведканинг Facebook-аккаунтига кўра, «махсус операция» ўтказилган. «ГУР» Филипоненко Луҳанск вилоятининг эгаллаб олинган ҳудудларида ҳарбий асирлар ва гаровга олинган тинч аҳоли қийноққа солинган зиндонларни ташкил қилиш билан шуғулланганини таъкидлади.

Мавзуга оид