Ўзбекистон | 13:00 / 09.11.2023
28303
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев яна бир бор Ғазодаги воқеаларга муносабат билдирди

“Томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз”, деди президент ИҲТ саммитидаги нутқида. Ўзбекистон раҳбари Фаластин халқи мустақил давлат қуришга ҳақли эканини яна бир бор таъкидлади. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга ва расмий Кобулни минтақавий интеграцияга жалб қилишга чақирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Ғазо секторида давом этаётган уруш ҳақида сўз юритди.

“Глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган Яқин Шарқдаги Фаластин-Исроил уруши барчамизда катта ташвиш уйғотмоқда. Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда.

Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз.

Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз”, – деди президент.

Ўзбекистон раҳбари Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга чақирди.

“Шунингдек, бугунги саммит ташкилотимиз аъзоларидан бири бўлган Афғонистон иштирокисиз ўтаётганига диққатингизни қаратмоқчиман.

Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўпмиллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир.

Барчангизни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақираман”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид