Спорт | 00:33 / 15.11.2023
23804
2 дақиқада ўқилади

Усик ва Фюри ўртасидаги бокс бўйича «аср жанги» санаси белгиланди

Оғир вазндаги биринчи мутлоқ чемпион 2024 йил феврал ойида аниқланиши керак.

Фото: Sky Sports

Британиялик Тайсон Фюри ва украиналик Олександр Усик ўртасидаги бокс бўйича оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун жанг 2024 йил 17 феврал куни ўтказилади. Бу ҳақда ESPN хабар берди.

«Аср жанги» деб айтилаётган тарихий баҳс Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Аввалроқ, жанг декабр ойида бўлиши режалаштирилган эди. Аммо Фюрининг промоутерлари октябр ойида франциялик Фрэнсис Нганну билан бўлиб ўтган жангдан сўнг тикланиш ва тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт кераклигини айтишди.

35 ёшли британиялик Фюри WBC чемпиони, 36 ёшли украиналик Усик эса WBA, WBO ва IBF унвонлари соҳиби ҳисобланади.

Ғолиб тўртта белбоғ даврида оғир вазндаги биринчи мутлоқ чемпионга айланади. 2008 йилда профессионал бўлганидан бери Фюри 33 та жангда ғалаба қозонган ва биттасида дуранг қайд этган, бирор марта ютқазмаган. Усик профессионал рингдаги 21 та жангининг барчасида ғалаба қозонган.

Маълумот ўрнида, Леннокс Люис 1999 йилда Эвандер Ҳолифилдни мағлуб этиб, WBA, WBC ва IBF чемпионлик унвонларини сақлаб қолганидан бери ҳеч ким оғир вазн тоифасида мутлоқ чемпион бўлмаган.

Мавзуга оид