Фан-техника | 23:36 / 15.11.2023
68928
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi ўзининг биринчи SU7 электромобилини тақдим қилди 

Технология гиганти автомобилсозлик фаолиятини бошлаш арафасида. 

Фото: Xiaomi

Хитойнинг Xiaomi компанияси ўзининг биринчи электромобили - SU7 моделини эълон қилди. Унинг суратлари Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан чоп этилди. Бу ҳақда CarNewsChina хабар берди. 

Xiaomi SU7 седани бир нечта версияларда дебют қилади, улар қуввати, электр моторлар сони, узатма тури ва аккумулятори билан фарқланади. Асосий версия 300 от кучига эга, орқа двигателли бўлади. Флагман модификацияси 675 от кучига эга иккита двигателли бўлади. 

Электр двигателларини United Automotive Electronics компанияси етказиб беради. Xiaomi учун батареялар BYD (литий-темир-фосфатли аккумулятор) ва CATL (литий-никел-марганец-кобалтли аккумулятор) томонидан етказиб берилади. Батарея қуввати ва қувват захираси ҳақида маълумот йўқ. 

Xiaomi SU7 автомобили фаол аэродинамика, автоном ҳайдаш тизими, юзни таниш тизими, рақамли панел, смартфонлар билан боғланиш имконини берувчи HyperOS операцион тизими билан таъминланади. 

Электромобил Пекин автомобилсозлик холдинги (BAIC) заводида ишлаб чиқарилади. Xiaomi SU7 расмий тақдимоти 2023 йил охиригача ўтказилиши кутилмоқда. Унинг нархи ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид