Байден ва Си учрашуви: Тайван ва глобал муаммолар муҳокамалар марказида бўлди
АҚШ президенти ва Хитой раиси ўзаро учрашувда Тайван ороли масаласи, гиёҳвандлик воситаларига қарши кураш, Россия-Украина можароси ва Ғазо секторидаги воқеалар, технологик санкцияларни муҳокама қилишди.
АҚШ ва Хитой гиёҳвандлик воситаларига қарши кураш, ҳарбий алоқалар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жозеф Байден Сан-Францискода Хитой раҳбари Си Жинпинг билан бўлган учрашувдан сўнг маълум қилди.
«Биз Хитой билан муносабатларда сезиларли ютуқларга эришганимизга ишонаман. Қўшма Штатлар ва Хитой Халқ Республикаси узоқ йиллардан сўнг гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ҳамкорликни қайта тиклаганини маълум қилишдан мамнунман», деди Байден журналистларга.
Байденнинг таъкидлашича, фентанил 18-49 ёшдаги америкаликлар ўлимининг асосий сабабидир.
«Бугунги кунда ушбу янги тушунча билан биз Хитойдан Ғарбий яримшарга прекурсор кимёвий моддалар ва таблеткалар оқимини сезиларли даражада камайтириш бўйича чора кўрмоқдамиз. Бу ҳаётни сақлаб қолади ва мен раис Си Жинпингнинг бу ишга содиқлигини қадрлайман», деди АҚШ раҳбари.
АҚШ президенти Хитой билан ҳарбий жабҳада «очиқ, аниқ ва тўғридан-тўғри мулоқотга қайтганликларини» айтди ва бу ривожланиш «танқидий» эканлигини таъкидлади.
Байден, шунингдек, АҚШ ва Хитой «сунъий интеллект билан боғлиқ хавф ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун» ўз мутахассисларини йиғишини айтди.
Америка етакчисининг айтишича, хитойлик ҳамкасби Си Жинпинг билан учрашувда қатор глобал муаммолар, жумладан, Россия-Украина можароси ва Ғазо секторидаги воқеалар юзасидан фикр алмашилган.
Байденнинг айтишича, Си Жинпинг билан учрашувида у Тайван бўғозида тинчликни сақлаш муҳимлигини таъкидлаб, америкалик бизнес ва ишчиларнинг минтақадаги савдосини ноқулай аҳволга солиб қўядиган вазиятларга қарши чиққан.
«Бугунги ижобий қадамларимизни олқишлайман», деди Байден ва АҚШ билан Хитой «юқори даражадаги дипломатияни сақлаб қолиш ва қўллаб-қувватлашда» давом этишини қўшимча қилди.
Хитой раҳбари Си Жинпинг Вашингтон маъмуриятига Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслик, экспорт чекловлари, сармоя назорати ва бир томонлама санкциялар орқали Хитойнинг технологик ривожланишига тўсқинлик қилишга уринмаслик кераклигини аниқ айтган.
Хитой ТИВ маълумотларига кўра, учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари Хитой-АҚШ муносабатлари йўналишига, шунингдек, бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга дахлдор бўлган кенг қамровли ва стратегик масалалар юзасидан фикр алмашган.
Учрашувда Си Жинпинг Тайван муаммоси ва технологик рақобат бўйича келишмовчиликнинг асосий нуқталари ҳамда икки давлат ўртасидаги соғлом муносабатларни сақлаш тамойилларига эътибор қаратди.
«Қўшма Штатлар Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватлашдан воз кечиши, Тайванни қуроллантиришни тўхтатиши ва унинг Хитой билан тинч йўл орқали бирлашишини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун аниқ қадамлар қўйиши керак», деди Хитой президенти.
Хитой раҳбари Пекин Тайван билан қайта бирлашишга эришмоқчи ва бунинг олдини олишнинг иложи йўқлигини таъкидлади.
Си Жинпинг айтганидек, сўнгги пайтларда Қўшма Штатларнинг чип секторидаги экспорт чекловлари, илғор технологияларга сармоя назорати ва бир томонлама санкциялар Хитойнинг қонуний манфаатларига зарар етказмоқда.
«Хитойнинг технологик ривожланишига тўсқинлик қилиш сифатли ривожланишни пасайтириш ва Хитой халқини ривожланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш демакдир», деди Хитой раҳбари.
Хитой раҳбарининг фикрича, дунё ҳам АҚШ, ҳам Хитой учун етарли даражада катта. «Бир давлатнинг муваффақияти бошқаси учун имкониятдир», деди у.
Хитой раиси икки давлат раҳбарлари ўз халқи, дунё ва тарих олдида катта масъулиятга эгалигини таъкидлади.
«Хитой ва Қўшма Штатлар каби икки йирик давлат бир-биридан юз ўгира олмайди. Бу икки давлат муваффақият қозониши учун Ер сайёрасида етарлича жой бор», деди Хитой раҳбари.
Хитой раиси АҚШ билан муносабатларида икки йўл борлигини таъкидлади. «Бири бирдамлик ва ҳамкорлик орқали глобал хавфсизлик ва фаровонликка кўмаклашиш, иккинчиси душманлик ва қарама-қаршиликни қўзғатишдир», деди у.
Си Жинпинг Хитой гегемонликка интилмаслигини ва ҳеч ким билан на совуқ, на иссиқ уруш олиб бормаслигини таъкидлади.
«Хитой тараққиётнинг қайси босқичига етиб бормасин, у ҳеч қачон гегемонлик ёки экспансияга интилмайди ва ҳеч қачон ўз иродасини бошқаларга тиқиштирмайди», деб якунлади Хитой раҳбари.
Мавзуга оид
15:18
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024