Жаҳон | 14:27 / 16.11.2023
6776
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазодаги Аш-Шифо касалхонасида операциясини давом эттирмоқда

ҲАМАС жангчилари Исроил томонидан тарқатилган, Аш-Шифо касалхонаси ҳудудида қуроллар сақланган омбор акс этган кадрларнинг ҳақиқийлигини рад этди. 

Фото: Israeli Defence Forces/REUTERS

Исроил 16 ноябр, пайшанба куни Ғазо секторидаги Аш-Шифо касалхонасида операцияни давом эттирмоқда. Исроил армияси (ЦАҲАЛ) иддао қилишича, касалхона ҳудуди ҲАМАС ташкилоти жангчилари томонидан инфратузилма сифатида фойдаланилган. 

«Бугун тунда биз Аш-Шифо касалхонасида мақсадли операцияни давом эттирмоқдамиз. Олдинга силжишда давом этяпмиз», деди операцияга раҳбарлик қилаётган Исроил армияси генерал-майори Ярон Финкелман 16 ноябрга ўтар кечаси Telegram’да. Ўз навбатида, Исроилнинг БМТдаги миссияси Ғазо секторидаги «узоқ гуманитар паузалар» бўйича ташкилот Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияни рад этди. 

ҲАМАС ЦАҲАЛ кадрлари саҳналаштирилганини эълон қилди

ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, 15 ноябр куни Аш-Шифо касалхонасида ўтказилган операция давомида исроиллик ҳарбийлар қурол-яроғ, разведка материаллари ва ҲАМАС қўмондонлик марказини топган. Шу билан бирга, шифохонанинг магнит-резонанс томография бўлимида олинган видеоёзувлар эълон қилинди. Уларда асбоб-ускуналар, автоматлар, граната ва ўқ-дорилар солинган қоплар кўрсатилган. Ўқ ўтказмайдиган жилетлардан бирида гўёки ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам» бригадалари эмблемаси тасвирланган. 

Клиникада Фаластин ташкилотининг алоқа ускуналари билан жиҳозланган «тезкор штаби» топилди, деди Исроил мудофаа кучлари вакили Даниэл Хагари. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу айбловларни рад этди. ҲАМАС ташкилотининг ўзи Исроил томонидан эълон қилинган шифохонада топилган қуроллар ҳақидаги тасвирлар саҳналаштирилганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид