Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилнинг касалхонадаги рейди. «Аш-Шифо»да минглаб кишилар қамалиб қолди
«Аш-Шифо» шифохонасида бир неча кундан буён икки мингдан ортиқ киши, жумладан юзлаб ярадорлар қамалиб қолган. Улар отишмалар таҳдиди туфайли чиқа олмаяпти. Исроил шифохона ҳудудида ҲАМАСнинг ерости комплекси мавжудлигини айтмоқда ва бу ердан қурол ҳамда ҳаракат аъзоларини қидирмоқда.
Исроил мудофаа армияси Ғазо сектори шимолидаги «Аш-Шифо» шифохонасида амалиёт ўтказмоқда, ЦАҲАЛ бу ерда ҲАМАСнинг қўмондонлик пункти жойлашганини даъво қилмоқда. Юздан ортиқ исроиллик ҳарбийлар бинода тинтув ўтказиб, беморлар ва шифохона ходимларини сўроқ қилмоқда. Халқаро гуманитар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилишга чақирмоқда.
«Аш-Шифо» — Ғазо секторидаги йирик шифохона бўлиб, Ғазо шаҳри марказида жойлашган. У фаолиятини 1946 йилда, Фаластин ҳали Буюк Британия бошқаруви остида бўлган даврда бошлаган. 1980-йилларда, Ғазо сектори ҳудуди Исроил томонидан назорат қилинганида, шифохона қайтадан қурилган. Ҳозирда «Аш-Шифо» комплекси ҳудуди бутун бир квартални эгаллайди.
Исроил махсус хизматлари 2000-йиллар охирида ҳам ҲАМАС «Аш-Шифо»дан бошпана сифатида фойдаланишини ҳақида хабар берган. 2014 йилги уруш вақтида The Washington Post шифохонани «амалда ҲАМАС штаб-квартираси» деб атаган. Amnesty International «Аш-Шифо» ҳудудида ҳаракат аъзолари Исроил билан алоқаларда гумонланган фаластинликларни қийноққа солганини маълум қилган. Шифохонада бўлган ғарблик журналистлар бу ерда ҲАМАС вакилларини кўришганини тасдиқлашган, аммо «Аш-Шифо»да гуруҳнинг қандайдир қўмондонлик маркази ёки ўқ-дори омбори жойлашгани ҳақидаги ишончли далиллар ҳеч қачон эълон қилинмаган.
Bashar Taleb / AFP / Scanpix / LETA
Ҳарбийлар шифохона ҳудудига кирган. Бу Женева конвенцияси томонидан тақиқланади — аммо ЦАҲАЛ бу ҳолатда у амал қилмайди, деб ҳисоблайди
15 ноябрга ўтар кечаси ЦАҲАЛ шифохоналар комплексини эгаллаб олишни бошлади — унинг ҳудудига Исроил танклари ва зирҳли машиналари кириб келган.
Женева конвенцияси тиббиёт муассасаларига ҳужум қилишни тақиқлаган бўлса ҳам, ЦАҲАЛ ўз расмий коммюникесида ҲАМАС комплексдан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётгани, бу эса «шифохонанинг халқаро қонунлар бўйича ҳимояланган мақомига хавф туғдириши»ни билдирган.
Шифохонада бўлиб турган журналист 15 ноябр куни тонгда ЦАҲАЛ ҳарбий хизматчилари араб тилини билувчи таржимон ва ҳарбий шифокорлар ҳамроҳлигида палатама палата юриб, ходимлар ва беморларни сўроқ қилаётгани ҳақида хабар берган.
Бир неча кун олдин АҚШ ҳукумати ҳам шифохона ҳудуди остида ҲАМАСнинг ерости инфратузилмаси жойлашгани ҳақида маълумотга эга эканини маълум қилганди.
ҲАМАС буни қатъиян рад этган. Гуруҳ раҳбарияти вакили Америка разведкаси баёноти Исроилга инсониятга қарши жиноят саналувчи амалиёт бошлаш учун «яшил чироқ» вазифасини ўтаганини билдирган.
ҲАМАС халқаро ҳамжамиятга ва БМТга мурожаат қилиб, исроилликларнинг шифохонадаги амалиётини зудлик билан тўхтатишга чақирган.
Оқ уй тинч аҳоли соғлиги ва ҳаётини сақлаш урушаётган томонларнинг иккиси ҳам устувор вазифа бўлиши кераклигини билдирган.
Исроил ҳарбийлари «Аш-Шифо» ҳудудида нималар топган?
ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, шифохона биносида ҲАМАСнинг оператив қўмондонлик пункти, қурол ва техник воситалари аниқланган.
Баёнотда исроиллик ҳарбийлар шифохонага кирганида ҲАМАСнинг қуролланган аъзолари билан жанг қилишга тўғри келгани ва улар йўқ қилингани билдирилган.
Ҳарбийлар ҳамон шифохона ҳудудида бўлиб, разведка маълумотлари йиғмоқда ва бир вақтнинг ўзида тиббий ходимлар ҳамда у ерда яширинган тинч аҳоли вакилларининг хавфсизлигини таъминламоқда, дейилади Исроил томони маълумотида.
ЦАҲАЛ амалиёт давомида қўлга киритилган қуроллар акс этган фотосуратлар ва видеоларни намойиш этган, аммо ҳозирча бу кадрлар ҳақиқийлигини мустақил манбалар орқали текшириш имкони йўқ.
BBC’нинг Қуддусдаги мухбири Орла Герин хабар беришича, исроиллик ҳарбийлар кўрсатган кадрлардан хулоса қилинса, улар намойиш этган қуроллар арсенали таассурот қолдира олмайди: булар ўнлаб автоматлар, бир неча зирҳли нимчалар, учта қўл гранатаси, тўппонча ва бир неча пичоқ бўлиб, бу қўмондонлик маркази учун жуда кам кўринади.
Агар ҳарбийлар эгалланган қуролларнинг барчасини кўрсатган бўлса, дея қайд этади Герин. Шу билан бирга, у ҲАМАС исроиллик ҳарбийлар шифохона ҳудудига киришини олдиндан билгани ва уларда барча зарур воситаларини шифохона ва бутун Ғазо остидан ўтувчи туннеллар лабиринти орқали олиб кетиш учун етарлича вақтга эга бўлганини ҳам истисно этмайди.
Исроил ҳарбийлари ҳозир кўрсатилганидан кўпроқ қуроллар топган бўлиши ҳам мумкин, дейди Герин. ЦАҲАЛ вакили ҳозиргача қўлга киритилганлари — бу ҳали «айсбергнинг учи» эканига ишора қилган.
Аммо бошқа томондан тахмин қилиш мумкинки, армия шифохонани ўраб олиши ва уни эгаллашини оқлаш учун «ўлжалар»ни максимал даражада кўрсатган бўларди.
Хорижлик журналистлар 7 октябрдан буён шифохонага кириш имкониятига эга эмас, шу туфайли ҳеч нарсани тасдиқлаб ёки рад этиб бўлмайди.
ҲАМАС Исроилнинг шифохонада қуроллар топилгани тўғрисидаги баёнотини — «ёлғон ва арзон пропаганда» деб атади.
Гуруҳнинг юқори лавозимли расмийси Бассем Наим эса исроиллик ҳарбийлар қуролларни шифохонага ўзи ташлаб қўйган бўлиши мумкинлигини истисно этиб бўлмаслигини билдирган.
«Шифохоналар — жанг майдони эмас»
БМТ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифохона ходимлари ва беморлар тақдиридан «қаттиқ хавотирда» эканини билдирган.
«Ҳарбийлар „Аш-Шифо“ шифохонасига бостириб киргани ҳақидаги хабарлар жуда ташвишлидир, — дея қайд этган ЖСТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус. — Биз шифохона ходимлари билан алоқани яна йўқотдик. Биз улар ва уларнинг беморларининг хавфсизлиги учун жуда хавотирдамиз».
Британиянинг Medical Aid for Palestinians хайрия ташкилоти ҳам ўз хавотирларини билдирган.
«Шифохонада бу амалиёт бошланишидан олдин ҳам биз у ерда бўлиб турган одамлар ҳаёти учун жуда хавотирда эдик, уларда егулик, сув ва ёнилғи йўқ», — деган унинг бош директори Мелани Уорд.
«Мен Ғазодаги „Аш-Шифо“ касалхонасида ҳарбий рейд ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлардан даҳшатга тушдим», — дея ёзган БМТ бош директорининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс твиттер саҳифасида.
«Янги туғилган чақалоқлар, беморлар, тиббий ходимлар ва бошқа тинч фуқаролар ҳимояси қолган барча нарсадан устун туриши керак. Шифохона — жанг майдони эмас», — дея қайд этган БМТнинг гуманитар масалалар бўйича координатори.
Алоҳида нуқталар бўйича амалиёт
15 ноябр куни Reuters нашри шахси ошкор этилмаган юқори мартабали ҳарбий мулозимга таяниб, ЦАҲАЛ ҳарбийлари «Аш-Шифо» шифохонаси ҳудудидаги муайян нуқтада давом этаётган рейд вақтида қуроллар ва «террорчилик инфратузилмаси»ни аниқлагани ҳақида хабар берди.
Манба нашрга исроиллик ҳарбийлар ичкарига кирганидан кейин шифохона комплексида ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмагани, тиббий ходимлар ва беморлар билаан ҳеч қандай тўқнашувлар бўлмаганини қайд этган.

ЦАҲАЛнинг таъкидлашича, шифохона ҳудудидаги амалиёт фақат жангариларга қарши қаратилган, беморлар ва тиббий ходимларга ҳеч қандай зарар етказилмайди.
Бунгача Исроил «Аш-Шифо» касалхонасига инкубаторлар ва болалар учун егуликлар етказиб берганди.
Шифохонада дам олиш кунларида электр учун ёнилғи тугагани туфайли инкубаторлардан олинган ўнлаб чақалоқлар бор.
«Бизнинг „Аш-Шифо“ шифохонасида ҲАМАСга қарши муайян ва мақсадли амалиётимиз давом этмоқда. Биз Исроил мудофаа армияси танкларида етказилган инкубаторлар, болалар озуқалари ва тиббий дори-дармонлар „Аш-Шифо“ шифохонаси ичкарисига олиб кирилганини тасдиқлай оламиз», — деган ЦАҲАЛ вакили.
БМТ баҳоларига кўра, «Аш-Шифо» ҳудудида айни вақтда камида 2300 киши бор: беморлар, персонал, шунингдек, бошпанасиз қолгач шу ерга келиб жойлашган юзлаб ғазоликлар.
Айрим беморлар матбуотга маълум қилишича, исроиллик аскарлар 16 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча эркаклар текширув ўтказилиши учун шифохонанинг ички ҳовлисига йиғилишини сўраган. Бу фақат жарроҳлик ва жонлантириш бўлимларидаги беморларга тааллуқли бўлмаган.
Наркозсиз операциялар

«Аш-Шифо»да даволаниш ва яшаш шароитлари даҳшатли, деган шифохона ходимлари.
«Йўлаклар жасадлар билан тўлган, ўликхоналарда анчадан буён электр йўқ», - дейди шифохона раҳбари Муҳаммад Абу Салмия.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шифохонадан вақтинча бошпана сифатида фойдаланаётган оилалар йўлакларда яхламоқда. Озиқ-овқат ва ичимлик сув захиралари тугамоқда. Ҳавода чириган ҳид анқийди.
Жарроҳлик амалиётларини анестезия юбормасдан қилишга тўғри келмоқда, дори-дармон захиралари ҳам тугаб битган.
Ҳар куни беморлар ёнилғи йўқлиги ҳам ўлим топмоқда, ёнилғи йўқлиги туфайли уларнинг ҳаётлигини таъминлаб турувчи генераторлар ва аппаратлар ўчмоқда.
Исроил ҲАМАС қўлига тушмаслиги ва ҳарбий мақсадларда фойдаланилмаслиги учун сектор ҳудудига ёнилғи олиб кирилишини тақиқлаган.
Исроил разведкасига кўра, ҲАМАС туннелларида ёнилғининг етарлича захиралари мавжуд ва ҳаракат чиндан ҳам фаластинликлар тақдири ҳақида қайғурганида уни шифохоналарга бериши мумкин эди.
ҲАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, исроиллик ҳарбийларнинг авиазарбалари оқибатида секторда айни вақтгача 11 минг 320 киши ҳалок бўлган ва уларнинг қарийб учдан бир қисмини болалар ташкил этади.

Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:33 / 27.05.2025
Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди
20:40 / 26.05.2025
Уиткофф ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга тайёр деган даъволарни рад этди
19:43 / 26.05.2025