Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ баҳоргача йилига 1 млн снаряд ишлаб чиқаришга эришмоқчи
Март ойигача Европа Иттифоқи йилига 1 миллион артиллерия снарядларини ишлаб чиқариши мумкин, бироқ шартномаларга кўра маҳсулотнинг 40 фоизи Европадан ташқарига экспорт қилинади, деди Европа комиссари Бретон. «Украина устувор йўналишга айланиши керак», деди у.
Европа Иттифоқидаги мудофаа корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳияти 2024 йил баҳоригача йилига 1 миллион артиллерия снарядига етади, деди ички бозор бўйича Европа комиссари Терри Бретон. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, келгуси йил охирига бориб бу кўрсаткич ҳатто 1,3-1,4 миллион снарядни ташкил қилади. Бу ҳақда Европа комиссари 21 ноябр, сешанба куни Брюсселда Европарламент аъзоларига Европа Иттифоқининг Украинага 2024 йил мартигача 1 миллион ўқ-дори етказиб бериш мажбуриятлари мавзусига бағишланган савол-жавоб сессиясида маълум қилди. Бретон Европа Иттифоқининг 15 давлатидаги ҳарбий-саноат компанияларига ташриф буюрганидан сўнг шундай хулосага келганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Европа комиссарининг сўзларига кўра, «муаммо умуман шартномалар билан боғлиқ», чунки маҳсулотларнинг қарийб 40 фоизи Европадан ташқарида учинчи мамлакатларга етказиб берилади. Барча ишлаб чиқарилган ўқ-дорилар Украинага ўтказилиши учун Европа Иттифоқи давлатлари махсус ишлаб чиқаришга устувор аҳамият бериши керак. Терри Бретоннинг сўзларига кўра, бу айнан унинг таклифи эди, бироқ Европа Иттифоқи кенгаши уни қўллаб-қувватламади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳозирда снарядларни ишлаб чиқариш бўйича етарли миқдорда шартномалар тузмаяпти. «Биз Европа мудофаа бозорини босқичма-босқич қурмоқдамиз. Шартномаларнинг имзоланиши Украинага етказиб беришни тезлаштиради», - дея таъкидлади Бретон. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш тезлашмоқда, Европа Иттифоқи тезда қўшимча қувват яратиши мумкин, бироқ Украинага етказиб бериш учун биринчи навбатда сиёсий ирода керак.
Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар аллақачон Украинага умумий қиймати 27 миллиард евролик ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бу мисли кўрилмаган миқдор. 2022 йил март ойи охирида Европа кенгаши раиси Шарл Мишел шундай деди: «Бизнинг мақсадимиз Украинага кейинги 12 ой ичида бир миллион снаряд етказиб беришдир. Европа Иттифоқининг ушбу қўшма ташаббуси ҳақиқий Европа мудофааси йўлидаги муҳим янги қадамдир». Украина Қуролли кучларини ўқ-дорилар билан таъминлаш учун Европа Иттифоқи Европа тинчлик жамғармасидан 2 миллиард евро сармоя киритди. Украинага Европа Иттифоқи мамлакатлари захираларидан камида 300 минг дона ўқ-дорилар етиб келган. Брюссел мамлакатлар янги қўшма харидлар бўйича шартномалар тузганини маълум қилди, аммо Еврокомиссия уларнинг умумий миқдори ҳақида маълумот бермади.
Мавзуга оид
19:54 / 23.05.2025
«Ҳарбийларнинг алоқаси йўқ». Мудофаа вазирлиги Хоразмда металлоломга топширилган снаряд бўйича маълумот берди
17:29 / 23.05.2025
Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетди. Бир киши ҳалок бўлди
10:38 / 21.05.2025
Киев ЕИни АҚШ сенаторларининг санкциялар бўйича ғояларини қабул қилишга чақирди
10:00 / 21.05.2025