Жаҳон | 13:08 / 25.11.2023
6871
3 дақиқада ўқилади

Херсонда ГЭС бузилиши туфайли киритилган ФҲ режими бекор қилинди

Каховка ГЭС вайрон бўлишининг асосий оқибатларини бартараф этиш якунланди, деб хабар беради Херсон вилояти «ҳокимияти». 

Фото: Picture Alliance

Херсон вилоятининг Россияга қўшиб олинган қисми «губернатори» Владимир Салдо июн ойи бошида Каховка ГЭСда юз берган офат муносабати билан минтақада жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини бекор қилди. «Каховка тўғони вайрон бўлиши натижасида юзага келган сув тошқинининг асосий оқибатларини бартараф этиш ишлари якунланди», деб ёзди у 24 ноябр, жума куни Telegram-каналида

Салдонинг сўзларига кўра, 22 та аҳоли пунктидан сув олиб ташланган, ҳудудлар тозаланган. Бундан ташқари, коммуникациялар тўлиқ, газ таъминоти ва марказлаштирилган сув таъминоти «деярли тўлиқ» тикланди. 16 аҳоли пунктида электр таъминоти тикланди. Жабрланган фуқаролар ва қурбонларнинг яқинларига 185 миллион рублдан ортиқ пул тўланган. 

Умуман олганда, Россия томонидан эгаллаб олинган Днипронинг чап қирғоғида 23 та аҳоли пункти сув остида қолди, деди Салдо. Сув тошқини оқибатлари оқибатида 59 киши ҳалок бўлди, 175 киши касалхонага ётқизилди, 9 мингга яқин аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. 

Каховка ГЭСнинг вайрон бўлиши ва унинг оқибатлари 

Россия ҳарбийлари бир йилдан ортиқ вақт давомида назорат қилиб келган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭС 2023 йил 6 июн куни эрта тонгда вайрон қилинган эди. Украина расмийлари машина зали ГЭС ичидан портлатилганини билдириб, Киев бунда Россияни айблади ва ҳодисани «экоцид» деб атади. Москва ўзига қўйилган айбловларни қатъиян рад этиб, «Украина томонининг қасддан диверсияси» содир этилганини айтди.

Мутахассисларнинг фикрича, тиклаб бўлмайдиган ҳолда портлатилган ГЭС тўғони вайрон бўлиши натижасида Днипро икки қирғоғидаги ўнлаб аҳоли пунктлари сув остида қолган. Расмийлар аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга мажбур бўлди. Кузатувчилар Шимолий Қрим канали орқали сув етказиб берилган яқин атрофдаги ҳудудлар ва қўшиб олинган Қримни сув билан таъминлаш масаласида, шунингдек, Каховка сув омборида сув сатҳи пасайиши туфайли Запорижжя атом электр станцияси хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолардан хавотирда. 

Мавзуга оид