Жаҳон | 22:02 / 25.11.2023
15802
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Путинга: Украинага берилган зарбалар Россияга хавф туғдириши мумкин

«Шуни билишинг керакки, агар бу давом этса, бутун дунё жавоб беради», деди Зеленский.

Фото: УНИАН, Виктор Ковальчук

Украина президенти Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, Россиянинг Украина шаҳарлари, тинч аҳоли нишонлари ва муҳим инфратузилмаларга зарбалари ҳақида гапирди. Хусусан, бундай зарбалар бутун дунёда салбий реакцияларнинг йиғилиб қолишига сабаб бўлиши, улар бир лаҳзада қатъий жавоб бериши мумкинлигини айтди.

«Россия томонидан энергетика тизимимизга зарбалар, айниқса атом электр станцияларига ҳужумлар ва шунга ўхшашлар, бу нафақат Украина учун, балки бутун дунё учун хавф эканини билиши керак. Бундай зарбалар учун Россияга жавоб қайтарилиши мумкин, улар буни ўзи учун ҳам хавф туғдириши мумкинлигини тушуниши керак», деди президент.

Украина раҳбарининг таъкидлашича, бундай мурожаат Украинадан эмас, бутун дунё томонидан Россия президенти Владимир Путинга етказилиши керак.

«Сен бутун дунёга олов ва уруш қўзғатяпсан. Украинага зарба беряпсан ва уруш ниқобидан фойдаланиб гапиряпсан, аслида болалар боғчалари ва мактабларга зарба беряпсан. Бўлаклар Руминия, Полша ва бошқа жойларга қулаб тушмоқда. Сен барча мамлакатларга зарба беряпсан. Шуни билишинг керакки, агар бу давом этса, бутун дунё жавоб беради», деди Зеленский.

25 ноябр куни тунда Россия Украина ҳудуди бўйлаб дронлар ёрдамида навбатдаги ҳужумни уюштирди. Киевда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш 6 соатдан ортиқ давом этди.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари 25 ноябр куни россияликлар рекорд даражада кўп «Шоҳид» дронлари билан зарба берганини маълум қилди. Ҳаммаси бўлиб 75 га яқин дрон учирилган. Улардан 74 таси уриб туширилган.

Мавзуга оид