Жаҳон | 09:24 / 27.11.2023
5343
4 дақиқада ўқилади

ҲАМАС гаровга олган яна 17 киши Қизил Хочга топширилди

ҲАМАС жангчилари томонидан озод этилган гаровга олинганлар орасида бир нафар «Россия паспорти эгаси» ҳам бор, дея тасдиқлади Россия ТИВ.

Фото: REUTERS /Ibraheem Abu Mustafa

7 октябрдан бери Ғазо секторида ҲАМАС жангчилари қўлида бўлган яна 14 нафар исроиллик, шунингдек, уч нафар хорижлик фуқаро Қизил Хоч гуманитар ташкилотига топширилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 26 ноябр, якшанба куни кечқурун Telegram’да маълум қилди

Айни пайтда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу гуруҳда бир «Россия паспорти эгаси» борлигини таъкидлади. «Ушбу озод этиш алмашинув рўйхатидан ташқарида содир бўлди. Гап Россия вакиллари ва ҲАМАС ўртасидаги тўғридан тўғри келишувлар ҳақида кетмоқда», - дейилади Россия ТИВнинг Telegram’даги постида. 

Ўз навбатида, ҲАМАС вакиллари гаровга олинган 13 нафар исроиллик, уч нафар таиландлик ва бир россиялик Қизил Хочга топширилганини айтди. Айни пайтда Қатар 39 нафар фаластинлик маҳбус 26 ноябр куни Исроил қамоқхоналаридан озод этилиши кераклигини билдирди. 

Аввалроқ Исроил ОАВ мамлакат расмийлари ҲАМАСдан Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатишнинг учинчи куни - 26 ноябрда озод этилиши режалаштирилган гаровга олинганлар рўйхатини қабул қилганини ёзган эди. Ушбу рўйхатда 13 киши, жумладан, АҚШ фуқаролари борлиги таъкидланди. 

Кеча кечаси Тел-Авивда 7 октябр куни ҲАМАС жангчилари томонидан Исроилга уюштирилган кенг кўламли ҳужум чоғида гаровга олинган барча шахсларни озод этиш талаби билан оммавий митинг бўлиб ўтди. Ташкилотчиларга кўра, тадбирда 100 мингга яқин киши иштирок этган. Худди шундай акция Қуддусда ҳам ўтказилди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 15 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

24 ноябрдан бери Ғазо секторида Қатар воситачилигида Исроил ва ҲАМАС томонидан тўрт кунлик муддатга келишилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш режими амал қилмоқда. Келишув шартларига кўра, бу вақт ичида ҲАМАС жангчилари 7 октябр куни гаровга олинганлар орасидан 50 нафар аёл ва болани Исроилга топшириши керак. Исроил 150 нафар фаластинлик маҳбусларни – аёллар ва ўсмирларни қамоқхоналардан озод қилиши керак. Ўт очишни тўхтатишнинг дастлабки икки кунида, 24 ва 25 ноябр кунлари ҲАМАС жами 26 нафар исроиллик, шунингдек, 14 таиландлик ва бир филиппинликни озод қилди. 

Мавзуга оид