Жаҳон | 14:20 / 27.11.2023
5896
3 дақиқада ўқилади

Пекинда MH370 авиаҳалокати қурбонлари оилаларининг даъволари кўриб чиқилмоқда

2014 йилда Malaysia Airlines самолёти билан боғлиқ ҳодисада ҳалок бўлган хитойликларнинг 40 дан ортиқ оиласи авиакомпания, самолёт ишлаб чиқарувчи ва суғурталовчилардан товон пули талаб қилмоқда.

Фото: AP

Хитойда 2014 йилда Куала-Лумпур – Пекин йўналишида ғойиб бўлган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH370 рейси бортида бўлган ўнлаб хитойликларнинг оилаларига товон пули тўлаш бўйича суд мажлислари бошланди. Пекинда 27 ноябр, душанба кунидан бошланган суд жараёнида 40 дан ортиқ оиланинг Malaysia Airlines, Boeing авиасозлик концерни, Rolls-Royce двигател ишлаб чиқарувчиси ва Allianz суғурта гуруҳига қарши даъволари кўриб чиқилмоқда, деб хабар берди CCTV давлат телекомпанияси

Оилаларнинг ҳар бири 10 миллиондан 80 миллион юангача (1,28 миллиондан 10,3 миллион еврогача) фуқаролик товонини ундириш, шунингдек, 30 миллиондан 40 миллион юангача бўлган (3,85 млн - 5,1 млн евро) маънавий зарарни қоплаш тўғрисида даъво аризаси билан чиқди. CCTV таъкидлашича, 110 дан ортиқ бошқа йўловчиларнинг оилалари жавобгарлар билан келишувга эришиб, 2,5 миллиондан 3 миллион юангача пул олган. 

Компенсациядан ташқари, асосий эътибор самолётнинг ғойиб бўлиши ҳолатини ойдинлаштиришга қаратилган. Бироқ, Хитой суди компенсация талабларини қондиришда қандай юрисдикцияга эга экани номаълум. Малайзия Транспорт вазирлиги ва Malaysia Airlines авиакомпанияси суд жараёнига изоҳ беришдан бош тортди. 

MH370 рейси деярли 10 йил олдин ғойиб бўлган

Boeing 777 самолёти 2014 йил 8 март куни ғойиб бўлган, унинг бортида 239 киши, асосан Хитой фуқаролари бўлган. Самолёт ҳалокати бўйича тергов 4 йил давом этди, бу вақт ичида фожиа сабабларини аниқлашнинг имкони бўлмади ва Ҳинд океанидаги 120 минг квадрат километр майдонда қидирув ишлари олиб борилди, фақат бир нечта бўлаклар топилган. 2017 йил январ ойида Австралия бошчилигидаги авиация тарихидаги энг йирик қидирув операцияси ҳеч қандай натижа бермай якунланди. 2018 йилдаги хусусий қидирув операцияси ҳам муваффақиятсиз тугади. 

MH370 ҳалокати авиация тарихидаги энг сирли ҳодисалардан бири ҳисобланади. Ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтгач, самолёт экипажи охирги марта алоқага чиққан, кейин самолёт бошланғич йўналишидан четлашиб, радарлардан ғойиб бўлган ва огоҳлантириш тизимларини ўчирган, бироқ ҳавода 7 соатдан кўпроқ вақт давомида бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, MH370 сувга шўнғиш натижасида вайрон бўлган, экипаж сувга қўнишга уриниб кўрмаган. Расмий ҳисоботда қайд этилишича, «лайнер тақдирига айрим учинчи шахсларнинг аралашуви эҳтимолини инкор этиб бўлмайди». 

Мавзуга оид