Ўзбекистон | 15:55 / 28.11.2023
23129
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ер остидан ўтказилган кабел ёнгани бўйича изоҳ берилди

“Ҳудудий электр тармоқлари” матбуот котибининг айтишича, “Космонавтлар” метро бекати яқинидаги ёнғин ер остидан ўтказилган эски кабелларда рўй берган. Истеъмолчилар бошқа тармоққа ўтказилиб, таъминот тикланган. Айни пайтда бу коллектордаги телекоммуникация тармоқларида ҳам узилиш кузатилмоқда.

Бугун, 28 ноябр куни тонгда Тошкент шаҳри марказидаги “Космонавтлар” метро бекати олдида кучли ёнғин келиб чиқди. Натижада Ички ишлар вазирлиги биноси атрофини тутун қоплаб олди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот котиби Фаҳриддин Нуралиевга кўра, ёнғин ер остида кабелларнинг шикастланиши натижасида юз берган.

“Ушбу ёнғин келиб чиқишига “Сайилгоҳ” подстанциясидан чиқувчи 35 kV кучланишли кабел тармоғининг шикастлангани сабаб бўлган. Ҳолат мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Айни пайтда мазкур кабел орқали таъминланувчи истеъмолчиларимиз бошқа тармоққа ўтказилиб, электр энергиясининг узлуксизлиги таъминланган. Ёнғинни ўчириш учун ФВВ томонидан ишлар олиб борилмоқда”, – деди Нуралиев воқеа жойида Kun.uz'га берган интервюсида.

Унинг қўшимча қилишича, ёнғин юзага келган симлар эски кабеллар бўлган.

Рақамлаштириш вазирлигига кўра, ёнғин натижасида мазкур коллектордан ўтган телекоммуникация тармоқларининиг айримларига шикаст етган.

“Шу сабабли айрим шикаст етган оптик толали алоқа линиялари бошқа йўналишлар бўйича захира линияларига ўтказилиб, тақдим этилаётган телекоммуникация хизматлари тикланмоқда.

Коллектордаги телекоммуникация тармоқларининг асосий линиясидаги тиклаш ишлари пайтида баъзи операторларнинг айрим телекоммуникация хизматларида кичик узилишлар кузатилиши мумкин”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Қўшимча қилиш лозим, “Ҳудудий электр тармоқлари матбуот котиби Фахриддин Нуралиев сўнгги кунларда “Сағбон” подстанциясида юз берган носозликларга ҳам изоҳ берди. Бу подстанциядаги ҳолат сабабли охирги кунларда Олмазор туманининг катта қисми электр таъминотидан бир неча марта узилиб қолди.

“Сағбон подстанциясида куни кеча ҳам авария ҳолати юзага келди. Бунинг асосий сабаби маскур подстанцияда модернизация ишлари давом этяпти, яъни 40 минг kV'ли куч трансформаторини ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. Шу сабабли трансформатордаги кучланиш бошқа трансформаторга ўтказилган. Истеъмолнинг ортиши натижасида авариявий ҳолат вужудга келди. Айтиш ўринлики, айни пайтда хитойлик мутахассислар томонидан модернизация ишлари олиб бориляпти. Трансформатор янгиланганидан кейин ушбу ҳудудда узилишлар вужудга келмайди”, – деди у.

Мавзуга оид