Жаҳон | 20:41 / 02.12.2023
9701
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар «боши берк кўчага киргани» айтилди

Исроил ўз музокарачиларини Қатардан чақириб олди.

Фото: Kobi Gideon/GPO

Исроил разведка хизмати «Моссад» раҳбари Давид Барнеа Қатардан ҲАМАС билан музокараларда қатнашган ходимларини чақириб олди. Бу ҳақда The Times of Israel бош вазир девонига таяниб хабар берди.

«Музокаралар тўхтаб қолганидан сўнг, «Моссад» раҳбари Давид Барнеа бош вазир Бинямин Нетаняҳу кўрсатмаси билан Доҳадаги музокарачилар гуруҳига Исроилга қайтишни буюрди», дейилади идора баёнотида.

Бош вазир девони баёнотига кўра, ҲАМАС сулҳ келишувининг барча болалар ва аёлларни озод этилишини назарда тутган қисмини бажармаган.

«Моссад» раҳбари Марказий разведка бошқармаси раҳбариятига, Миср разведка вазири ва Қатар бош вазирига Ғазо секторидан 84 нафар бола ва аёл ҳамда 24 нафар чет эл фуқаросининг озод этилишига олиб келган улкан воситачилик ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдиради», дейилади баёнотда.

The Times of Israel ёзганидек, ҲАМАС ҳаракати 136 киши, жумладан, 114 эркак, 20 аёл ва икки болани ушлаб туришда давом этмоқда. Гаровга олинганлар орасида 125 нафар исроиллик ва 11 нафар хорижлик, жумладан саккиз нафари Таиланд фуқароси. Гаровга олинганлар орасида 75 ёшдан ошган 10 киши бор.

24 ноябрдан 1 декабргача Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишуви амалда эди. Исроил мудофаа кучлари 1 декабр куни эрталаб ҲАМАС аъзолари сулҳни бузганини маълум қилиб, жанговар ҳаракатларни давом эттирди.

Мавзуга оид