Фан-техника | 19:41 / 02.12.2023
51100
5 дақиқада ўқилади

Teslaʼдан Cybertruck, Huawei’дан Luxeed S7 – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади. 

Tesla'дан Cybertruck

Tesla Cybertruck электромобилини етказиб бериш бошланганини эълон қилди. Уч моторли Cybertruck 2,6 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, тўлиқ қувватда 550 км масофани босиб ўтади, максимал тезлиги – 210 км/с. Ушбу тўлиқ модификациянинг нархи 99 минг 990 долларни ташкил қилади, орқа ғилдираклари тортадиган стандарт модел 60 минг 990 долларга баҳоланган. 

Фото: Tesla 

Cybertruck стандарт версияси тўлиқ қувватда 402 км масофани босиб ўтади, 6,5 сонияда 100 км/соат тезликка эришади. Максимал тезлик 180 км/соат. Шунингдек, 4,1 сонияда 100 км/соат тезликка эришадиган ва 547 км масофа босадиган оралиқ модел ҳам бор. Унинг нархи 79 минг 990 долларга тенг. 

Cybertruck зангламайдиган пўлатдан ясалган, яъни коррозияга дучор бўлмайди. Шунингдек, у ўқ ўтказмайдиган кузовдан ясалган, электромобил эшиклари автомат ўқларига бардош бера олади.

Cybertruck эркин савдоси 2024 йилда бошланиши режалаштирилган.

Luxeed S7

Huawei вa Chery янги электромобил – Luxeed S7 седанини тақдим қилди. Электрокар анча тежамкор қилиб ишланган – 100 км учун 12,4 kWh энергия сарф қилади. Шунингдек, 15 дақиқа қувватлантириш 430 кмгача масофани босиб ўтиш имконини беради, умумий ҳисобда эса 855 км юриш захирасига эга.

Фото: Huawei
Фото: Huawei

Luxeed S7 3,3 сонияда 100 км/соат тезликка эришади, топ комплектацияси 496 от кучига эга иккита двигател билан жиҳозланган. Модел Хитойда 35 минг 200 доллардан сотувга чиқарилган.

5 дақиқада 80 фоизгача қувват

Toshiba компанияси янги турдаги литий-ион батареясини ишлаб чиқишни бошлади. Ушбу маҳсулот батареяларнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириши кутилмоқда, чунки у батареядаги салбий реакциялар туфайли газлар ҳосил бўлишини камайтиради.

Бундан ташқари, аккумулятор яна бир муҳим хусусиятга эга – атиги беш дақиқада 0 дан 80 фоизгача қувват олади. Мутахассислар бунга батареянинг ишлаш муддатини узайтирувчи янги материаллар ва технологиялардан фойдаланиш орқали эришишган. 

Ушбу технологияни тижоратлаштириш 2028 йилгача амалга оширилади. Компаниянинг маълум қилишича, аккумуляторлар кенг турдаги қурилмаларда, хусусан, электр транспорт воситалари ва электр асбобларида қўлланади.

Биоёқилғи ёрдамида биринчи трансатлантик парвоз

Virgin Atlantic авиакомпанияси Лондоннинг Ҳитроу аэропортидан Ню-Йоркка экологик тоза ёқилғидан фойдаланган ҳолда биринчи трансатлантик парвозни амалга оширди

Биоёқилғи ишлатилган ўсимлик ёғи, ҳайвон ёғлари ва бошқа ноанъанавий ёқилғи аралашмасидан тайёрланган. Парвоз авиация саноати томонидан декарбонизацияга интилишда муҳим босқич сифатида баҳоланди. 

Қайд қилинишича, самолёт парвоз пайтида худди анъанавий реактив ёқилғиси каби бир хил миқдорда карбонат ангидрид чиқарган. Аммо кейинчалик, уларнинг миқдори 70 фоизгача пасайиши кутилмоқда. 

Авиацияда водород ёки электр энергиясидан фойдаланиш каби илғор технологияларнинг жорий қилиниши жуда кўп вақт талаб қилгани боис, соҳа келгуси ўн йилликларда айнан биоёқилғидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу эса карбон чиқиндиларини 2050 йилга қадар сезиларли даража қисқартириш мажбуриятини бажаришда самара бериши мумкин.

Honor'дан 160 мегапиксел zoom камерали смартфон

Honor компаниясининг Magic 6 Pro флагмани 160 мегапикселли перископ зоом камера билан жиҳозланиши мумкин. Смартфоннинг асосий камерасида эса тахминан 1/1,3 дюймли OV50K сенсори бўлади, бу Galaxy S23 Ultra’нинг 200 мегапикселли асосий сенсори билан рақобатлашиши мумкин.  

Фото: GSM Arena

Ижтимоий тармоқларга тарқалган маълумотларга кўра, Magic 6 Pro OV50K LOFIC технологиясини қўллаб-қувватлайди ва яхшиланган сунъий интеллект имкониятларига эга Snapdragon 8 Gen 3 процессори билан жиҳозланган бўлади.

Смартфон тез орада Хитойда сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Жанубий Кореянинг биринчи разведка сунъий йўлдоши

Калифорниядаги Ванденберг космик базасида Жанубий Корея ўзининг биринчи разведка сунъий йўлдошини учирди. Сунъий йўлдош Space X Falcon 9 ракетаси ёрдамида орбитага чиқарилган.

Фото: Yonhap 

Қайд этилишича, Ердан 400-600 км узоқликдаги орбитага ўрнатилган қурилма 30 см ўлчамгача бўлган жисмларни аниқлай олади. Қўшимча қилинишича, расмий Сеул 2025 йилнинг охиригача яна 4та разведка йўлдошини учиришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ, Шимолий Кореяда ҳам бортида айғоқчи сунъий йўлдоши бўлган баллистик ракета учирилгани хабар қилинганди. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид