Жаҳон | 15:47 / 03.12.2023
52571
14 дақиқада ўқилади

Иккига бўлинган Мўғулистон: Чингизхон авлодлари бугун қандай яшаяпти?

Аҳоли зичлиги бўйича энг катта давлат, дунёдаги энг совуқ пойтахт, динозавр қолдиқларига энг бой ҳудуд, чорак аҳолиси ҳалигача кўчманчи бўлиб яшаётган мовий осмон мамлакати – Мўғулистон ҳақида тасаввурларимизни кенгайтирамиз.

Мўғулистоннинг Ўзбекистонга энг яқин ҳудуди бўлмиш Баян Улгий аймоғи Андижоннинг Хонобод туманидан атиги 1620 км узоқликда жойлашган. Бу масофани кўз олдимизга келтириш учун Тошкентдан тахминан Боку, Теҳрон ёки Нью-Деҳлигача бўлган узоқликни тасаввур қилсак бўлади.

Инсоният тарихида дунёнинг туташ ҳудудли энг йирик империясини қура олган Чингизхондан Россия ва Хитой ўртасида бугунги Мўғулистон қолган. У ҳам унчалик кичик давлат эмас, майдони жиҳатидан дунёдаги 18-йирик мамлакат. Аммо Чингизхон империясидан 20 марта кичик.

Мўғулистоннинг ҳозирги ҳудуди Ўзбекистон ҳудудидан 3,5 баробарга, харитаси жуда ўхшаш бўлган қарийб Швейцариядан эса 38 баробарга катта.

Бироқ Мўғул давлати 3,5 миллион аҳолиси билан Ўзбекистон аҳолисидан 10 бараварга, Швейцариядан 2,5 бараварга кам бўлиб, аҳоли зичлиги энг кам давлатлар орасида энг йириги ҳисобланади – ҳар квадрат километр майдонга атиги икки киши тўғри келади.

Тарих ҳақида қисқача

Мўғулистоннинг энг қудратли давлатчилик тарихи шубҳасиз хонлар хони Тимучин, яъни Чингизхон шахси билан боғлиқ. Унгача Мўғулистон ҳудудлари бир муддат хитойлар таъсири остида бўлган, кейинчалик Уйғур ва Турк ҳоқонликлари таркибига кирган. Шу сабабли бугунги мўғулча яшаш тарзида ҳам туркий, ҳам хитойча маданий унсурларни учратасиз. Мўғуллар тарихан туркий халқлар билан ёнма-ён яшаб келишгани сабабли уларнинг ҳам туркий экани ҳақидаги иддаолар баҳс-мунозараларга сабаб бўлса-да, ҳали аниқ бир хулосага келинмаган.

14-асрда мўғуллар салтанати парчалангач, ҳозирги Мўғулистон бошқаруви Юанлар қўлига, деярли уч асрдан кейин Цин давлати таркибига ўтади. Цинлар таъсири остида ҳам қарийб уч аср яшаган мўғуллар 1924 йилда совет иттифоқи таъсирида коммунистик давлатга айланди. 1990 йилгача шу тузум билан ҳамоҳанг бўлган Мўғулистон халқ республикасидаги советча архитектура ва кирилл ёзувининг қўлланиши ҳам собиқ иттифоқ билан ҳамкорлик натижасидир.

Чингизхон саводсиз бўлса-да, эски уйғур ёзувини ўз империясининг ёзуви сифатида қабул қилган. 1930 йилларда лотин алифбосига ўтган Мўғул халқ республикаси ёзувини 1941 йилдан кирилл алифбосига алмаштирди. Мамлакат суверенитети 1987 йилгача кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ томонидан тан олинмади. 1990 йилда демократик инқилоб содир бўлди, 1991 йилда мамлакат номи Мўғулистон Халқ Республикасидан Мўғулистонга ўзгарди.

Бугунги Мўғулистон: бошқарув

Давлатни тўғридан тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайланадиган президент бошқаради ва унда яна бир муддатга қайта сайланиш ҳуқуқи қолади.

Президент, шунингдек, мамлакат қуролли кучларининг олий бош қўмондони ҳамдир. У йўқлигида давлат бошлиғи функцияларини Буюк Давлат Хурали раиси бажаради. Бу худди ўзимиздаги Олий Мажлис Сенати раисидек лавозим.

Пул бирлиги ва ойлик маошлар

Мўғулистоннинг ялпи ички маҳсулоти Ўзбекистонникидан 5 баробар кам – 16 млрд доллар атрофида, шундай бўлса-да, мўғул халқи биздан икки баробар бойроқ: жон бошига ЯИМ 5 минг долларга яқинни ташкил этади.

Пул бирлиги мўғул тугриги. 1 тугрик 3,5 ўзбек сўмига тенг. Мўғулистонда тангалар муомалада йўқ, фақат қоғоз купюралар ишлатилади. Ўртача ойлик иш ҳақи йиллик 24 миллион тугрик ёки ойлик 580 АҚШ доллари атрофида. Энг кам маош ўртача 143 АҚШ доллари бўлса, энг юқори ойлик тахминан 2518 долларга тенг.

Аҳолининг чорак қисми 330 долларгача, ярми 1650 АҚШ долларигача ҳамда қолган 25 фоизи 1650 доллардан кўпроқ маош олади. Мамлакатда яшаш учун ойига ўртача 800 АҚШ доллари етади.

Ҳукумат ва хусусий сектордаги иш ҳақларини солиштирсак, давлат ходимлари худди шу лавозимда ишлайдиган нодавлат ходимлардан 18 фоиз кўпроқ маош олишади. Эркакларга худди шу ишни бажарадиган аёллардан 8 фоиз кўпроқ ойлик иш ҳақи ёзилади. Энг кўп маошлар молия, архитектура, бизнес, савдо ва маркетинг соҳаларида бўлса, энг камлари қурилиш, транспорт ва меҳмонхона хизматларида берилади.

Иқтисодий фаоллик 58 фоиз атрофида, ишсизлик даражаси эса 6 фоиз атрофида. Бу мамлакатда ҳар ўнинчи одам ишсиз, дегани.

Демографик кўрсаткичлар

3,5 миллионга бироз етмаётган мўғулистонликларнинг 95 фоизи мўғул миллатига мансуб бўлиб, аҳоли йилига 40-50 минг нафарга кўпаяди. 1 киши вафот этса, 4 чақалоқ туғилади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар соатда 10 нафар чақалоқ туғилади. Ҳар икки соатда эса 5 нафар мўғулистонлик ҳаётдан кўз юмади.

Ўртача умр кўриш ёши – 68,3 йил. Бу Бирлашган миллатлар ташкилоти меъёрига кўра 71 ёш деб белгиланган глобал даражадан паст.

55 фоизга яқин аҳоли тибет буддизмига, 3 фоизга яқин қозоқ ва тува туркийлари ислом динига, 2 фоиз атрофидаги мўғуллар миллий шаманизмга, 3 фоизга яқин руслар ва бошқа миллатлар христиан динига эътиқод қилишса, қолган аҳоли ҳеч қайси дин ёки ақидага амал қилмайди.

Мўғулистон мис, кўмир ва олтин каби муҳим табиий ресурсларга эга. Қазиб олинган фойдали қазилмаларнинг асосий қисми экспорт қилинади. Қолаверса, кейинги йилларда айрим хорижий компаниялар бу ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлашга катта сармоя киритмоқда. Мамлакат иқтисодиёти собиқ иттифоқ имзосидаги коммунистик тузумдан капитализмга ўтганидан бироз инқирозли даврни бошдан кечириб, яхшилана бошлаган. Аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан кун кечиради.

30 миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи билан мамлакат 145 та давлат антирейтингида 81-ўринда туради. Келинг, энди Мўғулистоннинг бошқа соҳа ва йўналишлардаги рейтингларини кўриб чиқсак.

Рейтинглар

Мўғулистон:

  • Паспорт индекси рейтингида 78-ўринда. У ерликлар 61 давлатга визасиз кириш ҳуқуқига эга. Жумладан, Ўзбекистонга ҳам. Ўзбекистонликлар учун ҳам мамлакат 2022 йилдан визасиз режим жорий қилди.
  • Демократия индексида 6,48 балл билан 167 давлат орасида 61-ўринда.
  • Энг коррупциялашган давлатлар рейтингида 180 давлат ичида 113-ўринда – 33 балл.
  • Матбуот эркинлиги бўйича 180 та мамлакат ўртасида тузилган рўйхатда 88-ўринда.
  • Йўл сифати бўйича 2019 йилда тузилган 141 та давлат рейтингида 112-ўринни эгаллаган.
  • 10 фоизли инфляция билан эса дунёнинг 186 давлатидан 150-ўрнида турибди.

Пойтахт Улан Баторнинг экологик муҳити ёмон даражада бўлиб, дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари бешлигига киради. Шу сабабли Мўғулистон президенти ташаббуси билан чўлланиш ва ифлосланишга қарши кураш бўйича “Миллиард дарахт” миллий ҳаракати йўлга қўйилган ва ҳоказо.

Қизиқарли фактлар

Улан Батор сўзи мўғулчадан “алвон ботир”, “қизил баҳодир” деб таржима қилинади. Улан Батор – алвон ботир. Бири мўғулча, бири ўзбекча сўз. Кўриб турганингиздек, бу мўғуллар ва туркийлар уйғунлигидан кичик бир элемент холос.

Улан Батор – дунёдаги кўчманчилар яшайдиган ягона пойтахт шаҳар. Мўғулистон осмони йилнинг 260 кунидан ортиқ муддатида очиқ бўлиб, у “мовий осмон мамлакати” дейилса-да, пойтахт Улан Батор дунёнинг энг совуқ пойтахти ҳамдир. Шаҳарда 50 даражагача совуқ кузатилиши мумкин. Ва бу ёғингарчиликсиз шаҳарда доим қуруқ ва изғиринли ҳаво ҳукмрон бўлади.

Мўғулистон аҳолисининг тўртдан бир қисми кўчманчилар бўлиб, улар мўғулча герларда яшашади. Ҳеч қандай манзил, кадастр ҳужжатлари ёки ер солиқларисиз шартта уйларини йиғиштириб, туя ва отларга ортиб, ўзларига қулай бўлган жойда жойлашиб исталганча яшайверишади.

Гер бу – барча туркий ва мўғул халқлари тарихан фойдаланиб келган ўтовлар бўлиб, уни бошқа тилларда “юрта” ҳам дейишади. “Юрта” туркий “журт”, аниқроғи “юрт” сўзидан олинган.

Мўғул халқининг меҳмондорчилик маданияти жуда кучли. Улар кўпинча меҳмонларни бир пиёла "айраг" билан кутиб олишади. Бу ферментланган от сути бўлиб, мезбон узатган бир пиёла айрагни рад этиш ҳурматсизлик белгиси ҳисобланади.

Дунё сайёҳлари, асосан, чўл ва тоғ сафарлари учун мамлакатга ташриф буюриб, энг гавжум сайёҳлик марказларидан яна бири Улан Батордан 50 км шимолда қурилган миллий қаҳрамон Чингизхон ёдгорлигидир. От устида тасвирланган император ҳайкалининг баландлиги 40 метр, бу 12 қаватли бино баландлигига тенг. Ҳайкал кўринишидаги иморат 2008 йил Чингизхон таваллудининг 800 йиллигига 4 миллион доллар эвазига қурилган.

Мўғулистон ҳақиқатан ҳам кўп гўшт ейдиган мамлакат. У ерда отлар одамлардан 13 бараварга, қўйлар сони эса 35 бараварга кўп. Исталган таом гўшт билан пиширилади. Ўзидан ортганини ташқарига ҳам сотади. Бу йилнинг ўзида Мўғулистон Ўзбекистонга ҳам 500 тонна гўшт ва сут маҳсулотлари экспорт қилган.

Осиёдаги энг йирик Гоби чўли 70 миллион йил олдин яшаган динозаврлар қолдиқларига энг бой ҳудуд ҳисобланиб, у ерни 1920 йилда америкалик тадқиқотчи ва палеонтолог Рой Чапман Эндрюс кашф қилган. Бундан ташқари Мўғулистон табиати Олтой тоғлари, қор қоплони, гоби айиғи, ёввойи Бақтрия туяси ва ёввойи отлари билан ҳам машҳур.

Мўғуллар қишда ҳам музқаймоқ истеъмол қилишни яхши кўришади. Ҳаво совуқлигидан музқаймоқлар ҳеч қандай музлаткичларсиз, қоғоз қутиларда сотилади. Музқаймоқ илк марта мўғул отлиқлари томонидан ихтиро қилинган деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Қадимда кўчманчилар узоқ сафарларга ҳайвон ичакларида тўлдирилган сут маҳсулотларини ташишган. Музлаш ва отнинг тебраниши натижасида ичак идишда музқаймоққа ўхшаш модда пайдо бўлган. Бу кейин Хитойга, Марко Полога, кейин эса Италияга йўл олган бўлиши эҳтимоли бор.

Мўғулистонда худди Ўзбекистоннинг жанубий минтақаларидаги каби томоқдаги овоз билан достон ва халқ қўшиқларини куйловчи бахшилар бор. Улар бир вақтнинг ўзида томоқ ва бурун орқали қўшиқ айтиш техникасидан фойдаланиб, икки хил товуш чиқаришади.

Мўғул кураши ҳақида афсона

Мўғулларда бех номли миллий спорт тури бор. У Мўғулистонда яшовчи тува туркийларининг тилида “хураш”, яъни “кураш” дейилади. Бех фақат эркаклар спорт тури ҳисобланиб, у турли мусобақалар, тўй ва маросимларда уюштирилади. Хурашнинг бошқа миллий курашлардан фарқи унинг спорт либосида бўлиб, яктак фақат икки қўл ва куракни ёпади.

Кўринишидан бироз ғалати туюладиган бу спорт кийимининг антиқа тарихи бор.

Афсоналарга кўра, қадимги мўғуллар юртида кураги ерга тегмайдиган бир баҳодир пайдо бўлади. Мамлакатдаги барча полвонларни енгиб бўлгач, у паҳлавоннинг аёл киши экани юзага чиқади. Шундан сўнг, бехчининг эркак киши экани билиниб туриши учун яктакнинг олдини очиқ ҳолда қолдириш тартиби киритилади. Қизиқ-а? Бу шунчаки кураш эмас, ор-номус кураши.

Мўғул йигитлари кичиклигидан бех кураши билан шуғулланишади. Енгилишни қабул қилиш жуда оғир. Курашда енгган полвон анъанага биноан, икки қўлини икки ёнга кўтариб, бургут рақсини ижро этади ва бу ҳаракатлар полвоннинг ҳақиқий мўғул ўғлони эканининг бир исботи, ифодаси ва белгиси ҳисобланади.

Иккинчи Мўғулистон

Ички Мўғулистон. Мўғулистон ва Хитой ўртасидаги бу йирик ҳудуд 13-асрда мўғуллар келишидан олдин жанубда хитойлик деҳқонлар ва шимолда кўчманчи қабилалар томонидан навбатма-навбат назорат қилинган. Хитойга кириш дарвозаси сифатида кўрилган бу минтақа асрлар давомида стратегик аҳамиятга эга эди. Шу сабабли Хитой уни ҳеч қачон бошқа бировларга бериб қўймаслик ҳаракатида бўлган.

Ички Мўғулистон аллақачон уч марта Хитойдан ажралиб чиқишга уринган. Биринчи уриниш 1911 йилда Мўғулистон Халқ Республикаси мустақиллиги эълон қилинганида, иккинчиси 1937 йилда Хитойни япон қўшинлари босиб олганида бўлган. Аммо Ички Мўғулистон узоқ вақт давомида мустақил давлат сифатида мавжуд бўлмади. Бор-йўғи 1945 йил 9 сентябрдан ўша йилнинг 6 ноябригача у ерлар де-факто Японияга қарам бўлган қўғирчоқ давлат бўлиб, Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кейин тан олинмасдан Хитойнинг автоном вилоятига айлантирилди.

Ҳозирда Ички Мўғулистон автоном вилоятининг аҳолиси 25 млнга яқин бўлиб, Мўғулистон давлатидан 7 бараварга кўп. Бироқ аҳолининг асосий қисми хитой миллатига мансуб бўлиб, бу минтақада 17 фоиз аҳоли мўғуллардир. Шунда ҳам Ички Мўғулистондаги мўғуллар Мўғулистондагилардан қарийб 1,5 бараварга кўп.

Агар Ички Мўғулистон мустақил давлат бўлганида, 1 млн 183 минг квадрат километр ҳудуди бўйича сайёрамизнинг энг йирик 25 та давлати рўйхатига кириб, Жанубий Африка ва Колумбия ўртасида 25-ўринни эгаллар эди.

Агар икки Мўғулистон қўшилганида, “Катта Мўғулистон” сайёрамизнинг 10 та энг йирик давлатларидан бири бўларди. Ҳозирда бу автоном вилоят Хитой ҳудудининг 12 фоиз қисмини эгаллайди.

Муаллиф: Сардорбек Усмоний
Тасвирчи ва монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдураимов

Мавзуга оид