Жаҳон | 19:10 / 05.12.2023
9930
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Исроил ҲАМАС туннелларини денгиз сувига бўктириш ҳақида ўйламоқда

ЦАҲАЛ Аш-Шати қочқинлар лагери яқинида денгиз сувини йиғиш учун йирик насослар тизимини барпо этган.

Фото: Getty Images

Исроил Ғазодаги ҲАМАСга тегишли ерости туннелларни сувга бўктирмоқчи. Бу ҳақда АҚШ ҳукуматидаги манбасига таяниб WSJ нашри хабар берган.

Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳарбийлари туннелларни Ўрта Ер денгизи сувларига бўктирмоқчи. Бунинг учун махсус насос станцияси ҳам қурилган. Ноябр ойида Аш-Шатидаги қочоқлар лагери яқинида бундай насослардан камида 5 таси тайёрланган.

ЦАҲАЛ бу амалиётни қачон бошлаши, бунинг учун барча асирлар озод қилинишини кутиш ёки кутмаслиги аниқ эмас. Асирлар айнан мана шу туннелларда сақланаётгани тахмин қилинади. Шунингдек, агар туннеллар шўр денгиз сувига тўлдирилса, бу Ғазодаги ерости ичимлик суви ифлосланишига ҳам олиб келиши мумкин.

Ғазо сектори узунлиги 42, эни 12 километрлик кичик жой бўлишига қарамай, ундаги ҲАМАСнинг лабиринтсимон туннелларининг жами узунлиги 500 километрга етади. Бу маълумотни 2021 йил ҳаракатнинг сиёсий қаноти етакчиси Яҳё Синвар маълум қилганди. Исроиллик ҳарбийлар бу лабиринтсимон туннелларни «Ғазо метроси» деб аташади.

Исроил томони 2021 йил авиазарбалар оқибатида 100 километрдан ортиқ туннел вайрон қилингани ҳақида хабар берганди. ҲАМАС эса туннелларнинг 25 километрлик қисми зарари кўрганини тасдиқлаган.

ҲАМАС Исроил унинг ҳаракатларини ҳаводан доимий кузатиб туриш имконига эга бўлгани учун мана шундай истеҳком қуришга мажбур бўлган. Агар Исроил уларни чиндан бўктиришга қарор қилиб, насослар соатига минг куб сувни ҳайдаб берса ҳам, бу барча туннелларни сувга бўктириш учун бир неча ҳафта вақт кетади дегани.

Бунақаси аввал ҳам бўлган

Ғазодаги туннеллар аввал ҳам сувга бўктирилган, аммо Исроил томонидан эмас. 2015 йил Миср туннелларнинг ўз чегарасига яқин бўлган бир қисмини контрабандага қарши кураш доирасида сувга тўлдирганди.

Reuters бу борада ЦАҲАЛдан маълумот сўраган. Исроил мудофаа армияси туннеллар бўйича бундай амалиётни тасдиқламаган, аммо «ҲАМАСнинг салоҳиятини ҳар хил ҳарбий ва техник йўллар билан камайтириш устида ишлаётгани»ни маълум қилган.

Исроил томони ҲАМАС 7 октябрда айнан туннеллар ёрдамида мамлакат ҳудудига кирган деб ҳисоблайди. Шунингдек, ЦАҲАЛ Ғазодаги Аш-Шифо касалхонаси остидан туннел ўтганини иддао қилган. ҲАМАС туннеллари фуқаролик объектларидан ўтишини рад этади, лекин асирлар айнан шундай жойларда сақланишини тасдиқлайди.

Мавзуга оид