Ўзбекистон | 19:06 / 07.12.2023
19277
4 дақиқада ўқилади

128 та маъмурий жаримани тўламай юрган Malibu ҳайдовчиси қўлга тушди

2023 йил давомида МИБ ва ЙҲХХ ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда – йўл қоидаларини бузиб, жаримани ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаган шахсларга тегишли 14,6 мингдан ортиқ транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонларига жойлаштирилди.

Фото: МИБ

Мажбурий ижро бюроси ва ЙҲХХ ҳамкорлигида йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун қўлланган маъмурий қарорлар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. МИБ матбуот хизмати Kun.uzʼга тақдим қилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 11 ойида бюро органлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ 722 млрд сўмлик 2 миллионга яқин ҳужжатларнинг ижроси таъминланган.

“Маълумки, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кунидан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиш амалиёти жорий этилган. Бироқ йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар жаримани имтиёзли муддат у ёқда турсин, ихтиёрий муддатда ҳам тўлашдан бўйин товлаб, ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлигини менсимасдан, қайта йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда”, — дейилади МИБ ахборотида.

Шу сабабли, МИБ ва ЙҲХХ “Қўшма кўрсатма” асосида тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан “AutoCon-SC/M-онлайн” ва планшетлар ёрдамида туман (шаҳар) марказий кўчаларида ҳамда ҳудудий йўл-патрул хизмати стационар постларида тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Маълум бўлишича, бу даврда жаримани ўз вақтида тўламаган ва тадбир давомида қарздорликни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга тегишли 14,6 мингдан ортиқ транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонларига жойлаштирилди, қидирувдаги 2 минг 684 та транспорт воситалари топилди.

МИБ, шунингдек, ўнлаб маъмурий жарималарни тўламасдан келаётган фуқаролар ва уларга кўрилган чоралар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, қарздор А.Р.дан 55 та (26,8 млн сўм) маъмурий жарималарни ундириш мақсадида, Venucia русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилган.

Қарздор С.Ш.дан 18 та (9,5 млн сўм) маъмурий жарималарни ундириш мақсадида, Тracker 2 ҳамда қарздор Ю.Очиловдан 19 та (29,8 млн сўм) маъмурий жарималарни ундириш учун Кaptiva русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

Қарздор М.Х.дан 9 та (4,5 млн сўм) маъмурий жарима ва 1 та (224,8 млн сўм) кредит қарздорлигини ундириш мақсадида, транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

МИБ Учтепа туман бўлими томонидан қарздор Х.Ш.дан маъмурий жарима ундириш ҳақидаги 128 та (59 млн) ва банкдан кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича «200» давлат рақамига эга бўлган Malibu русумли транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.

Шу каби, қарздор «V.INV.TUM» МЧЖдан жами 372,9 млн сўм маъмурий жарималар ва солиқ қарздорлиги ундириш мақсадида, Jeep русумли автотранспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

МИБга кўра, автомашинасини жарима майдонидан олиб чиқиш учун айрим фуқаролар қарздорлигини жойида бартараф этган.

Шунингдек, жарималарни ундиришда Тошкент вилоятининг “Чинор” йўл-патрул хизмати стационар постида 2022 йилнинг 1 декабр кунидан ишга туширилган “Яшил” ва “Қизил” йўлак тамойили тизимидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Мазкур ЙПХ постида 2022 йилнинг 1 декабр кунидан жорий йилнинг 1 декабр кунига қадар Бюро органлари иш юритувидаги йўл ҳаракати қоидаларини бузишга оид 4,4 млрд сўмлик (28 минг 885 та) қарздорликлар ундирилиши таъминланди.

Мавзуга оид