Жаҳон | 13:11 / 07.12.2023
4896
3 дақиқада ўқилади

Сараевода босния серблари етакчиси устидан суд бошланди

Босния ва Ҳерцеговина таркибига кирувчи Серб Республикаси раҳбари БМТ олий вакили Кристиан Шмидт қарорларига бўйсунмаганликда айбланмоқда. Милорад Додик айбловларни рад этди ва жараённи сиёсий деб атади.

Фото: РИА Новости / Владимир Песня

Сараевода Босния ва Ҳерцеговина (БвҲ) президиумининг серб аъзоси Милорад Додик устидан суд жараёни бошланди. Босния серблари раҳбари БМТнинг БвҲ бўйича олий вакили Кристиан Шмидтга бўйсунмаганликда ва унинг қарорларини қабул қилишдан бош тортганликда айбланмоқда. 6 декабр, чоршанба куни бошланган АҚШ санкциялари остидаги Кремл иттифоқчисига қарши суд сўнгги ойларда кучайган можаро ортидан ўтмоқда. 

БвҲ ичидаги Серб Республикаси (СР) атрофидаги сиёсий вазиятда кескинлик унинг раҳбари Милорад Додик Шмидт ва мамлакат конституциявий суди қарорларини тан олмаслик тўғрисидаги қонунчилик нормасини имзолаганидан кейин кучайди. Бунга жавобан Шмидт бу буйруқларни бекор қилди ва Додик БМТ томонидан тайинланган БвҲ вакилига итоатсизликда айбланди. 64 ёшли сиёсатчи айбловни рад этиб, сиёсий таъқибга учраганини даъво қилди. Ноябр ойида у Босния ва Ҳерцеговина тақдирини Серб Республикасининг «тинч йўл билан ажралиб чиқиши» ҳал қилишини эълон қилди. «Жараён бошланди, - деди у. - Поезд станцияни тарк этди, ортга бурилиш йўқ, бу якуний».

Агар Додик айбдор деб топилса, 5 йилгача қамалиши ва сиёсий фаолияти тақиқланиши мумкин. Бироқ, у суд ҳукмини қабул қиладими ёки йўқми, номаълумлигича қолмоқда, дея таъкидлайди AFP. Додик Боснияда БМТ олий вакили қарорларини бажармагани учун судга тортилган биринчи сиёсий лидер бўлди. 

БвҲ бўйича олий вакил кенг ваколатларга эга 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Босния ва Ҳерцеговинадаги олий вакили лавозими 1995 йилда собиқ Югославия республикаси ҳудудида БвҲдаги қонли урушга чек қўйган Дейтон ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимларида кўзда тутилган. Олий вакил кенг қамровли ваколатларга эга, жумладан, сиёсий арбобларни лавозимидан четлаштириш ва уларни ҳокимиятдан маҳрум қилишда ҳам. Дейтон келишувлари 1995 йил 21 ноябрда АҚШда узоқ давом этган музокаралардан сўнг парафланган. 

Босния уруши (1992-1995) тугагандан сўнг, Босния ва Ҳерцеговина иккита ярим автоном республикага бўлинди: серб ва хорват-босния. Бугун уларнинг ҳар бири ўз ҳукумати ва парламентига эга. Шу билан бирга, умумий серб-хорватия-босния марказий ҳукумати ҳам мавжуд. БвҲ - Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишга номзод, ижтимоий сўровлар эса фуқароларнинг аксарияти бу интилишларни қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда. 

Сўнгги йилларда Россия Босния ва Ҳерцеговинанинг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилишига фаол қаршилик кўрсатмоқда. Бу масалалар бўйича қарор қабул қилиш, экспертларнинг фикрига кўра, Сараево ҳукуматини ҳисобга олмасдан, мустақил йўл тутишга ҳаракат қилаётган Серб Республикаси раҳбариятининг розилигисиз мумкин эмас. Май ойида Серб Республикаси раҳбари Милорад Додик Москвага ташриф буюрди. Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда у Россияга қарши эмбаргога қўшилмасликка ваъда берди. 

Мавзуга оид