Спорт | 13:46 / 07.12.2023
40537
16 дақиқада ўқилади

«Сити»да шармандали мағлубият, «МЮ» кўтарилмоқда. АПЛда тур ўйинлари

«Шаҳарликлар» энди «Арсенал»дан олти очкога ортда қолмоқда. Англия чемпионатида ҳафта ўртасида ўтказилаётган турдаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: MICHAEL REGAN/GETTY IMAGES

«Арсенал» Лутонда камбэк қилди

«Лутон» – «Арсенал» 3:4
Голлар:
0:1 – 20 Мартинелли, 1:1 – 25 Ошо, 1:2 – 45 Габриэл Жезус, 2:2 – 49 Адебайо, 3:2 – 57 Баркли, 3:3 – 60 Ҳавертц, 3:4 – 90 Райс.
«Лутон» – Камински, Каборе, Белл, Ошо, Менжи, Даути (Жайлз, 88), Таунсенд (Огбене, 62), Баркли, Раддок-Мпанзу (Кларк, 88), Браун (Чонг, 61), Адебайо (Моррис, 61).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Кивер (Зинченко, 64), Эдегор, Райс, Ҳавертц, Мартинелли (Троссар, 64), Сака, Габриэл Жезус.
Огоҳлантиришлар: Браун (33), Баркли (44), Габриэл Жезус (45), Артета (90).

«Арсенал» «Лутон» билан ўйинда очко йўқотиши мумкин эди, аммо қўшимча дақиқаларда ғалаба голи урилди.

Меҳмонлар ўйин анча хотиржам бошлашганди, 20-дақиқада Букайо Сака дарвозабон ҳудудига тўп узатди, Габриэл Мартинелли уни ерлатиб дарвоза тўрига киритди.

Аммо беш дақиқа ўтиб мезбонлар жавоб қайтарди: бурчакдан тўп узатилди, ҳимоячи Гэбриэл Ошо бош билан оддий зарба берди, Райя тўпга отилди, аммо ета олмади.

Бўлим охирида «Арсенал» иккинчи голни урди: Бен Уайт ўз қанотида ҳужумга қўшилиб, жарима майдонидаги Жезусни тўп билан таъминлади – бразилиялик ҳужумчи шунчаки тўпни дарвозага жойлаб қўйиши қолганди.

Шундан кейин фаворит бу ўйинни бермаслиги аниқдек кўринаётганди.

Аммо «Лутон» иккинчи бўлимда ўйинни кучайтирди: аввалига форвард Элайжа Адебайо ҳисобни тенглаштирди, бир неча дақиқа ўтиб тарихий вазият кузатилди – Росс Баркли гол урди. Бу унинг АПЛда 2022 йил майидан буён урган илк голи бўлди: ўшанда у «Челси» сафида «Уотфорд» дарвозасини ишғол этганди.

У бу голини ўз туғилган кунида урди. Райя эса унга совға тайёрлаганди – испаниялик дарвозабон ўзига келган тўпни ўтказиб юборди.

Адебайонинг ҳисобни тенглаштирган голи ҳам испаниялик дарвозабонники эди – у бу сафар ҳам бурчакдан тўп узатилганда нотўғри позиция танлади ва тўпга чиқа олмади.

Лекин дарвозабоннинг хатолари «Арсенал»нинг руҳини синдириб қўймади. Бир неча дақиқа ўтиб Ҳавертц ҳисобни тенглаштирди (мавсум стартида мослашиш жараёнидан ўтган немис футболчиси сўнгги тўрт ўйинда уч гол муаллифи бўлди), меҳмонлар «Лутон»ни жарима майдони ичига қамаб қўйишди. Кайда дублни расмийлаштириш учун вазиятлар бўлди, Троссар вазиятларни йўққа чиқарди ва барчаси ўйин 3:3 ҳисобида якунланишига қараб кетаётганди.

97-дақиқада эса Деклан Райс жарима майдонига етиб келди, Эдегорнинг узатмасидан кейин ғалаба голини урди.

«Арсенал» яна ўз характерини намойиш этмоқда. Буни чемпионча график дейиш мумкин:

  • 96’ – «Ман Юнайтед»га қўшимча дақиқаларда икки гол урилганди, 3:1.
  • 86’ – «Ман Сити»га ғалаба голи урилди, 1:0.
  • 89’ – «Брентфорд» ҳам сўнгги дақиқалардаги гол қурбони бўлди, 1:0.
  • 84’ – «Челси», 0:2 ҳисобидаги натижа ўйин охирида 2:2 кўринишига келтирилди.

Бу сафар – «Лутон»га қарши ўйиннинг 97-дақиқасида камбэк.

«Ливерпул» савия эвазига устун келди

«Шеффилд Юнайтед» – «Ливерпул» 0:2
Голлар:
0:1 – 37 ван Дейк, 0:2 – 90 Собослаи.
«Шеффилд Юнайтед» – Фодерингэм, Богл, Робинсон, Аҳмедҳожич, Трасти (Лоу, 88), Брукс (Флек, 74), Ҳамер, Винисиус (Норвуд, 86), Макати, Арчер, Осула (Траоре, 75).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Гомес, Эндо, Собослаи, Мак Аллистер (Джонс, 59), Салоҳ (Эллиотт, 67), Диас (Нунес, 67), Гакпо (Гравенберҳ, 86).
Огоҳлантиришлар: Эндо (34), Конате (62), Нунес (84), Норвуд (90), Богл (90).

Тур арафасида мураббийни алмаштирган аутсайдерга қарши ўйинда «Ливерпул» йўқ жойдан ўзига муаммо туғдириши мумкин эди, аммо жароҳат туфайли сафдан чиққан Алиссон ўрнига қизиллар дарвозасини қўриқлаётган Келлеҳер жамоадоши хатосини тузатди. «Шеффилд» ўз имкониятидан фойдалана олмади, меҳмонлар эса бурчак зарбасидан максимум натижа чиқариб олишди. Тўп узатилаётганда барча дарвоза томон интилди, орқароқда бўш қолдирилган ван Дейк эса тўпни тўхтатмай дарвозага жойлади.

Бу уйдаги машғулотларда тайёрланган гол эди ва «Ливерпул» иккинчи бўлим бошида ҳам бу машқни такрорлади. Бу сафар ҳам Трент тўпни айнан ўша нуқтага етказиб берди, фарқи тўпга Салоҳ зарба берди, мезбонлар дарвозабони эса қутқарди. Юрген Клоппнинг кайфиятини фақат бир нарса бузган бўлиши мумкин, Мак Аллистер жароҳатланди. Ва усиз жамоа ўйин охирида ҳимояда кўп меҳнат қилишига тўғри келди. Лекин ўйин охирида қарши ҳужумда Нунес Собослаини яккама-якка вазиятга чиқариб юбориб, ғалабали натижани таъминлади ва «Арсенал» мерсисайдликлардан узоқлашиб кета олмайдиган бўлди.

«Сити» «Вилла»га сўзсиз мағлуб бўлди. Эмери Пепни тўртинчи ўринга тушириб юборди

«Астон Вилла» – «Манчестер Сити» 1:0
Гол:
1:0 – 74 Бэйли.
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса, Диего Карлос, Пау Торрес, Дин (Морено, 90), Бэйли (Диаби, 85), Макгинн, Тилеманс (Рэмзи, 85), Камара, Дуглас Луис, Уоткинс (Дуран, 90).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Гвардиол, Стоунз, Аканжи, Люис (Матеуш Нунеш, 68), Бернарду Силва, Фоден (Бобб, 73), Ҳоланд, Алварес (Ковачич, 68).
Огоҳлантиришлар: Стоунз (45), Люис (53), Уоткинс (60), Камара (87).

«Манчестер Сити» ва «Астон Вилла»ни АПЛнинг 14 туридан кейин атиги бир очко ажратиб турарди. Бирмингҳемликлар ўзаро ўйин орқали бунинг ажабланарли томони йўқлигини кўрсатиб қўйишди.

«Сити» мавсум бошидан буён Кевин Де Брюйнесиз ўйнашга кўникиб бўлди — бунинг учун универсал Хулиан Алваресдан миннатдор бўлиш керак. Аммо Пеп Гвардиолада Родрининг ўрнини боса олувчи футболчи ҳозирча йўқ — испаниялик яримҳимоячи эса ўтган турда «Тоттенҳэм»га қарши кечган асабий ўйинда сариқ карточкалари сонини бештага етказиб қўйганди. Натижада таянч зонасида марказий ҳимоячилар Жон Стоунз ва Аканжи ҳаракат қилишига тўғри келди.

Унаи Эмери жамоаси рақибнинг минусларидан фойдаланди: мунтазам равишда ҳужумга югурди ва кучли прессинг уюштирди. Масалан, қуйидаги кадрларда Йошко Гвардиол қандай ҳолатга тушганини кўриш мумкин: хорватиялик ҳимоячи ҳужум бошлаб беришга уринди, аммо «Астон Вилла»нинг бир неча футболчиси бир вақтда унга ташланди. Натижада тўп йўқотилди ва Эдерсон дарвозаси олдида хавфли вазият юзага келди.

Ёки бошқа бир эпизод. Аканжи тўпни нима учундир Дуглас Луиснинг оёқларига ташлаб берди.

«Сити» ҳам вазиятлар яратди — Эрлинг Ҳоланд кетма-кет икки бор ўта қулай нуқтадан зарба берди. Норвегиялик ҳужумчи аввалига барчадан қочиб кетди ва узоқ бурчакни нишонга олди, бир неча сония ўтиб Бернарду Силванинг бошга кўтариб берган узатмасига зарба берди. Икки ҳолатда ҳам Эмилиано Мартинес бирмингҳэмликларни қутқариб қолди. 

Биринчи бўлимдан кейин кутилган гол бўйича устунлик ҳам «Вилла» фойдасига эди: 0,83 га қарши 1,13 xG. Дастлабки 45 дақиқаликда меҳмонлар дарвозасига 13 зарба йўлланди (бештаси дарвоза соҳасига аниқ борган) — Хосеп Гвардиоланинг бутун фаолияти давомида, 535 ўйинда унинг жамоаси дарвозаси атрофида бундай фаоллик кузатилмаганди. 

Иккинчи бўлимда ҳам тенденция ўзгармади. Жон Макгинн жуда қулай вазиятда йўллаган зарба бироз хато кетди. «Астон Вилла»нинг устунлиги яққол кўзга ташланиб турарди.

72-дақиқада «Астон Вилла»нинг устунлиги барибир голга айланди: Леон Бэйли тўпни жарима майдонига олиб борди, бир ҳаракат билан Гвардиолни қўлга олди ва у йўллаган зарбадан кейин тўп Рубен Диашнинг оёғига теккан ҳолда йўналишини ўзгартириб Эдерсонни ожиз қолдирди.

Қолган вақт давомида ҳам «Сити» эмас, балки «Вилла» голга яқинроқ бўлди. Дуглас Луисда икки вазият бўлди, дастлаб унинг айланма зарбаси дарвоза устунига тегди, кейин Эдерсон қаҳрамонлик кўрсатиб, яқин масофадан йўлланган зарбани тўсишга улгурди. Якунда ҳисоб ўзгармай қолди. Якуний статистика эса қуйидагича: зарбалар бўйича 22-2 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 7:2, меҳмонларда биринчи бўлимда Ҳоланд фойдалана олмаганидан бошқа вазиятлар бўлмади), xG бўйича 2,04 га 0,83.

Унаи Эмери фаолиятида илк бор Пеп Гвардиолани мағлуб этди. Бунгача тўққиз мағлубият ва тўрт дуранг қайд этилганди (тўплар нисбати 7:33). Энди бирмингҳэмликлар турнир жадвалида юқорироқда жойлашган, қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозона олмаган Гвардиола шогирдлари (3 дуранг ва бир мағлубият) «Вилла»дан икки, «Ливерпул»дан — тўрт, «Арсенал»дан эса — олти очкога ортда қолмоқда.

«Астон Вилла» эса АПЛ уй ўйинларидаги ғалабали сериясини 14 ўйинга етказди – бу клуб рекорди такрорланиши бўлди. Эмери шогирдларининг «Вилла Парк»даги сўнгги мағлубияти – феврал ойида «Арсенал»дан қабул қилиб олинганди, ўшанда чемпионлик пойгасида бўлган Артета жамоаси мағлубиятли ҳисобни сўнгги дақиқаларда ғалабага айлантирганди (2:4). Эътиборли жиҳати, «Астон Вилла» уйдаги кейинги ўйинни ҳам айнан «Арсенал»га қарши ўтказади.

«Манчестер Юнайтед» – «Челси» 2:1
Голлар:
1:0 – 19 Мактоминей, 1:1 – 45 Палмер, 2:1 – 69 Мактоминей.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Диогу Далот, Магуайр, Линделеф (Регилон, 46), Шоу, Бруну Фернандеш, Амрабат, Мактоминей, Антони, Гарначо (Эванс, 90), Хейлунд (Рэшфорд, 84).
«Челси» – Санчес, Кукуреля (Жеймс, 46), Тиаго Силва, Дисаси, Колуилл, Мудрик (Броя, 77), Фернандес, Палмер, Кайседо, Стерлинг, Жексон.
Огоҳлантиришлар: Шоу (14), Гарначо (22), Диогу Далот (82), Регилон (90).

«Манчестер Юнайтед» бу мавсумдаги энг яхши ўйинини ўтказди ва «Олд траффорд»да «Челси» устидан ҳақли ғалабага эришди.

Мезбонлар илк дақиқаларданоқ осонлик билан рақиб жарима майдонига кириб бора бошлади ва саккизинчи дақиқада пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу вазиятда Энцо Фернандес Антонининг оёғини босиб олганди. VAR 11-метрлик жарима зарбаси тепилиши кераклигини кўрсатди.

Бруну Фернандеш зарба беришдан олдин сакради ва гол ура олмади. Роберт Санчес марказдан сал чапроққа йўлланган зарбасини осонлик билан қайтарди, қайтган тўпга биринчи бўлиб келган Алехандро Гарначо ҳам аниқ зарба бера олмади.

Бунга жавобан «Челси» Софян Амрабатнинг хатосидан фойдаланиши мумкин эди – марокашлик футболчи фақат охирги лаҳзада Михайло Мудрикка аниқ зарба беришига халақит қилишга улгурди. Кейинроқ Мудрикда яна бир хавфли вазият бўлди.

19-дақиқада «МЮ» барибир ўз голини урди. «Челси» бу вазиятда ҳам ҳимояда жуда ёмон ўйин кўрсатди. Қуйидаги суратда рақибнинг беш нафар футболчиси бўш қолдирилганини кўриш мумкин.

Ҳарри Магуайрнинг зарбаси ҳимоячидан қайтди, аммо Скотт Мактоминей аниқроқ ҳаракат қилиб, мавсум бошидан буён тўртинчи голини урди – 1:0. 

Шундан кейин ҳам томонлар ҳужумкор футбол намойиш этишда давом этди.

32-дақиқада Мактоминей дублни нишонлаши ҳам мумкин эди – яқин масофадан туриб икки зарба (аввалига бош, кейин оёқ билан) тўғри Санчеснинг ўзига борди. «Челси» дарҳол жавоб қайтарди, аммо Николас Жексон дарвозасини ташлаб чиққан Андре Онанани алдаб ўтолмади.

Танаффусга қадар «МЮ» зарбалар бўйича «Челси»дан анча устун эди – 18:5 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 7:3, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 12:4). Лекин жамоалар танаффусга дуранг ҳисоб билан йўл олишди. Биринчи бўлим якунида ўйин темпи пасайди – аммо «Челси» бундан фойдаланиб гол урди. Коул Палмер Мудрикдан тўпни қабул қилиб олиб, ўз ортидан бир неча ҳимоячини эргаштириб, чапга юрди (бу вақтда Онана ҳам ўзининг чап қанотини очиқ қолдириб, ўнгга силжиди) ва кейин бирдан қайрилиб, мураккаб вазиятдан секин, аммо аниқ борган зарба йўллади.

Танаффусдан кейин «Челси» тўпсиз яхшироқ ўйнай бошлади, Почеттино «Манчестер Юнайтед»нинг тезлигини камайтиришга эришди. Хавфли вазиятлар ҳам камайди. Лондонликларнинг ҳужумлари хавфлироқ тус ола бошлади. Аммо манкунианликлар стандарт вазиятдан иккинчи голни уришга яқин келишди. Зарбадан кейин тўп «Челси» футболчисининг қўлига тегди – мезбонлар пеналти сўрай бошлади. Ҳакам Крис Каван эса тўп ҳимоячининг бел қисмидан боргани ва унинг қўли табиий ҳолатда турганини билдирди.

Иккинчи бўлим ўрталарида «Челси» кутилмаганда позицион ҳужумдан кейин гол ўтказиб юборди. Бу ҳужумни Ҳарри Магуайр уюштирди. Марказий ҳимоячи захирадан ўйинга қўшилган Серхио Регилонни олдинга бошлади, у тўпни Гарначога узатиб ҳужумни ривожлантирди, шу куни ўта фаол бўлса ҳам ўз вазиятларидан фойдалана олмаган ва кўп тўп йўқотган аргентиналик вингер узоқ устун томон кросс етказиб берди. Мактоминей яна форвард вазифасини бажариб, дублни расмийлаштирди. Шотландиялик рақиб билан тўп учун кураш вақтида Леви Колвилл газонга йиқилди ва гол VAR орқали текширилди. Аммо бу вазиятда яққол фол йўқ эди ва гол ҳаққоний урилган деб топилди.

«Челси» ўйинни қутқариш учун олдинга ташланганидан кейин тен Ҳаг жамоасида учинчи голни уриш учун вазиятлар ҳам бўлди. Лекин вазиятлар кўкка совурилди ва «Олд Траффорд»да йиғилганлар ҳакам ҳуштаги чалингунига қадар игнада ўтиргандек бўлишди. Шу билан бирга лондонликлар аниқ зарба бера олишмади (иккинчи бўлимдаги зарбалар статистикаси – 10:8, дарвоза соҳасига аниқ зарбалар – 2:0, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар – 8:6). Охирги дақиқаларда Армандо Броя қулай позициядан зарба йўллади, аммо тўп устунга тегди. Бу вазиятда мезбонларнинг омади келди, аммо «МЮ» шу куни ғалабага ҳақлироқ эди.

Бу мавсумда кўп танқид қилинаётган тен Ҳаг жамоасини энди «Сити»дан уч очко ажратиб турибди. Ҳолбуки бир ой олдин бу фарқ тўққиз очкони ташкил этаётганди. «Челси» ҳамон турнир жадвали экваторида қолмоқда.

«МЮ» уч кундан кейин «Борнмут»ни қабул қилади, бу жамоа сўнгги тўрт турда кутилмаганда ўн очко жамғарди, «Челси» эса тўрт кундан кейин «Эвертон» меҳмони бўлади, ноябр ойида дисквалификация туфайли 10 очкодан маҳрум этилиб, турнир жадвалининг қуйи қисмига тушириб юборилган бу жамоа сўнгги олти ўйиндан тўрттасида ғалаба қозонган ва юқорига кўтарила бошлаган.

Мавзуга оид