Жаҳон | 12:23 / 07.12.2023
8282
3 дақиқада ўқилади

Йеллен: АҚШ Украинанинг мағлубияти учун жавобгар бўлиши мумкин

АҚШ молия вазирининг сўзларига кўра, конгрессменлар Украинага кейинги ёрдам қанчалик муҳим эканини тушунади. Ўз навбатида, Андрей Ермак Вашингтонда Киев ёрдамсиз қолса, урушда мағлуб бўлиш хавфи ҳақида гапирди. 

Фото: AP / Manuel Balce Ceneta

АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг ишонч билдиришича, Конгресс агар кейинги ёрдамни маъқулламаса, Россиядан ўзини ҳимоя қилаётган Украинанинг мағлубияти учун жавобгар бўлиши мумкин. «Мен Конгресс аъзолари билан гаплашдим. Ўйлайманки, улар бу ҳалокатли вазият эканлигини ва агар зарур маблағ ажрата олмасак, Украина мағлубияти учун жавобгар бўлишимиз мумкинлигини тушуняпти», деди у 5 декабр куни Мексикага сафари пайтида журналистларга. 

Йелленнинг сўзларига кўра, Украинага молиявий ёрдам, хусусан, Киевдаги ҳукуматни умумий бюджетдан қўллаб-қувватлаш «мутлақо зарур» ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) томонидан Украинани кейинги қўллаб-қувватлаш шартларидан биридир. 

Ермак: АҚШ ёрдамини тўхтатиш урушда ютқазиш хавфини оширади 

Ўз навбатида, Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Вашингтонга сафари чоғида Конгресс янги молиявий ёрдамни маъқулламаса, Украина урушда мағлуб бўлиш хавфи борлигини тасдиқлади. Молиялаштиришдан бош тортиш, «эҳтимол, ҳудудларни озод қилишни давом эттиришни имконсиз қилади ва урушда ютқазиш хавфини туғдиради», деб таъкидлади у. 

Шу билан бирга, Ермакнинг таъкидлашича, келаси йили Киев 43 миллиард доллар бюджет тақчиллигини кутмоқда, шунинг учун тўғридан тўғри бюджет ёрдамисиз Украина давлатининг функционаллигини сақлаб қолиш қийин бўлади. Шунингдек, у Украина расмийларида 2024 йилга мўлжалланган ҳарбий амалиётлар, дипломатик фаолият ва алоқа ва ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ўз ичига олган режа борлигини таъкидлади. 

АҚШ Конгресси ҳозирча Киевга кўмак учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламади

Октябр ойида АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга Украинага бир йилга 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратишни сўраб мурожаат қилган эди. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келиша олмаяпти.

Агар АҚШ Конгресси Киевга ёрдам учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, Вашингтоннинг жорий йил охиригача Украинага қурол-яроғ ва жиҳозлар сотиб олиш учун ресурслари тугайди, деди Оқ уй бошқарув ва бюджет бўлими директори Шаланда Янг Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонга. Унинг сўзларига кўра, Америка қурол-яроғи ва жиҳозларини етказиб беришни тўхтатиш «нафақат Украина эришган муваффақиятларни хавф остига қўяди, балки Россия ҳарбийларининг ғалабаси эҳтимолини оширади». 

Мавзуга оид