Ўзбекистон | 09:09 / 10.12.2023
35059
12 дақиқада ўқилади

Таълимдаги аҳволимиз, даври ўтган Gentra ва 40 кунлик рейдлар — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

PISA натижалари – кутилганидек, лекин барибир оғриқли

Ҳафтанинг энг асосий янгилиги – Ўзбекистонда мактаб таълимининг сифати қай аҳволда экани ҳақидаги аччиқ ҳақиқатларни билиб олганимиз бўлди. Бир неча кун олдин эълон қилинган халқаро PISA дастурининг натижалари билан, ҳали таълимда жуда-жуда кўп муаммоларимиз борлиги объектив имтиҳонлар ва қиёсий таҳлилларда ўз тасдиғини топди.

PISA – 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро дастур бўлиб, Ўзбекистон дастур доирасидаги 2022 йилги имтиҳонларда биринчи марта иштирок этган эди. Имтиҳонлар республика бўйлаб тасодифий танлаб олинган мактабларда ўтказилган. Натижаларга кўра, ўзбекистонлик болалар 81 та мамлакатдаги тенгдошлари орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида 80-ўринни эгаллади. Яъни учала йўналишда ҳам охирги ўнталикдан жой олдик.

Аслида, мактабларимиздаги таълим сифати ҳаммага маълум, шу маънода имтиҳон натижалари бўйича кутилмалар юқори эмасди. Лекин деталларга қарайдиган бўлсак, натижалар барибир аламли. 80 фоиздан ортиқ ўқувчиларимизнинг билим даражаси бор-йўғи 1-даражадан ошмаган. Бу дегани, дастурда қатнашган аксарият ўқувчиларимиз берилган топшириқларни бажариш уёқда турсин, уларни тушуниб олишга қийналган.

Математика бўйича имтиҳонларда ўқувчиларимизнинг бор-йўғи 14 фоизи 2-даражадаги натижани кўрсатган бўлса, атиги 4 фоизи 3-даража ва 1 фоизи 4-даражага чиқа олган. Энг юқори 5- ва 6-даражадаги натижаларни ўзбекистонлик ҳеч қайси ўқувчи қайд эта олмаган. Табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларидаги натижалар ҳам бундан катта фарқ қилмайди. Умуман, дастурда қатнашган ўқувчиларимизнинг бирортаси ҳеч бир йўналишда 5- ва 6-даражага чиқа олмаган. Таққослаш учун, биринчи ўриндаги Сингапур мактабларида ўқиётган ўқувчиларнинг 41 фоизи математикадан 5- ёки 6-даражани ололган. Таълим сифати бўйича ривожланган давлатлардан қанчалик орқада эканимизни тушуниш учун бундан бошқа рақамлар шарт бўлмаса керак.

Афсуски, таълимдаги оғир вазият ўз тасдиғини топганига расмийларнинг муносабатини қониқарли деб бўлмайди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу ҳақда берган расмий хабарида “Ўзбекистондаги 15 ёшли ўқувчилар математика фанидан жами 364 балл олди”, деб биргина рақамни келтириб ўтди, холос. Биз юқорида фақат айримларини санаб ўтган деталлар ҳақида ҳеч қандай изоҳ бўлмади. Вазир Ҳилола Умарова эса “ютуқларимиз қаторида баъзи муаммоларимиз ҳам бор, буни яширмаймиз”, дейиш билангина кифояланди.

Албатта, кўрсаткичларимиз ачинарли эканини таъкидлаш билан бирга, биз имтиҳонда биринчи марта қатнашиб, ниҳоят реал ҳолатни билиб олганимизни ҳам эътироф этиш керак. Бу яна шуниси билан ҳам муҳимки, PISA имтиҳонлари ҳар уч йилда ўтказилади ва ундаги натижалар таълим сифатини ошириш бўйича ҳукумат қилаётган ишларга баҳо бериш имконини беради. Кейинги имтиҳон 2025 йилда бўлиб ўтади ва унда асосан 2017 йили 1-синфга чиққан болалар иштирок этади.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга

Натижаси эълон қилинган муҳим тадқиқотлардан яна бири – 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг рационига оид. Ўзбекистон Санитария-эпидемология қўмитаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ўзбекистонликлар кунига ўртача 15 грамм туз истеъмол қилади. Бу – меъёрдан 3 баравар кўп. Шу билан бирга, ҳар уч кишидан икки нафари етарли миқдорда сабзавот ва мева емайди.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, республикамиз аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, 20 фоизи эса семизликдан азият чекяпти. 46 фоиз аҳолининг қонида холестерин миқдори ошган.

Расмийлар бу кўрсаткичларни эълон қиларкан, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг муҳимлигини эслатиб ўтди. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш юрак қон-томир ва бошқа касалликларга сабаб бўлади.

Аҳолимиз саломатлиги бўйича ижобий янгиликлар ҳам бор. Дунё бўйича эркакларда тестостерон гормони миқдори йилдан йилга тушиб кетаётган бир пайтда, Ўзбекистон бу гормон даражаси энг юқори мамлакат экани маълум бўлди. Хорижлик таҳлилчиларга кўра, ўзбекистонлик эркакларда тестостероннинг ўртача миқдори франциялик, туркиялик, қозоғистонлик ёки қирғизистонлик эркакларга қараганда икки баробар юқори бўлиб чиққан. Глобал миқёсда эркаклик гормони камайиб бораётган бир пайтда, ўзбекистонлик эркакларда бу гормон миқдори ошиши кузатилган. Тадқиқотчилар бунинг сабабларига изоҳ бермаган.

Жиноятчиликка қарши рейдлар

Ноябр ойи охирида бошланган “долзарб 40 кунлик” доирасидаги жиноятчиликка қарши рейдлар сўнгги ҳафтада бутун республика бўйлаб ёйилди. Бир неча юзлаб шахслар товламачилик, безорилик, гиёҳванд воситалари, қурол-яроғ ва бошқа турдаги жиноятларда айбланиб қўлга олиняпти. Ҳудудлардаги ҳуқуқ органлари эълон қилаётган рейдларнинг суратларида ниқобдаги ходимлар томонидан ушланган эркаклар, қўлига кишан тақилган ҳолда, ерда юзтубан ётганини кўриш мумкин.

Расмийлар қўлга олинаётганларни “криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи шахслар” деб атамоқда. Улар орасида жиноий авторитет экани айтиладиган шахслар, “кўча боллари”, спортчилар, шунингдек, аввалдан қидирувда бўлган ва органлардан яшириниб юрганлар ҳам бор. Қамоққа олишларнинг бир қисми маъмурий характерга эга бўлса, жиноий гуруҳлар аъзолари экани айтилаётган бир қатор шахслар устидан жиноят ишлари очилган.

Бу воқеалар фонида Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев ҳам процессуал тартибда ушланган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Салимбой” номи билан танилган 73 ёшли тадбиркорни ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаганликда гумонлаяпти. Маълумот учун, Жиноят кодексида бунинг учун 17 млн сўмгача жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш санкцияси кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, бу рейдлар 25 ноябр куни қозоғистонлик рэпер Jah Khalib'нинг “Ҳумо арена”даги концертида тартибсизлик рўй берганидан кейин бошланди. Расмийлар ўша куни Миллий гвардия ходимлари пичоқлангани ва ўлим рўй бергани ҳақидаги миш-мишларни рад этган бўлса-да, кенг кўламли рейдлар бошланишига ана шу воқеа сабаб экани ҳақидаги тахминларга ҳозирча муносабат билдирмади. Маълумот учун, “Ҳумо арена”даги тартибсизликдан кейин Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси бошлиғи алмаштирилган эди.

Фуқаронинг ИИБ биносидаги ўлими бўйича суд ҳукми чиқарилган куни яна бир фуқаро ИИБда вафот этди

Жиноятчиликка қарши кураш бўйича “долзарб 40 кунлик”даги тезкор тадбирлар давом этаркан, бунинг фонида янграган иккита хабар тергов ҳибсхоналаридаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият жиддийлигини эслатиб қўйди.

1 декабр куни Чирчиқ шаҳар ички ишлар бўлими ҳибсхонасида 22 ёшли йигит вафот этди. Тергов органи у ўз жонига қасд қилганини айтаётган бир пайтда, марҳумнинг бурни сингани ва қоши ёрилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳақда хабар берган вилоят депутати Жаҳонгир Тўлаганов ИИБга олиб кириб кетилган ҳар бир фуқаронинг хавфсизлигига ички ишлар ходимлари масъул эканини эслатди.

Шундан кейин ҳолатга вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди, лекин айнан марҳумнинг бурни ва қоши сингани ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади. Идора ўғриликда гумонланиб қамоққа олинган йигит камерадаги чойшабдан сиртмоқ ясаб ўзини осганини айтмоқда. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, ўлим бўйиннинг сиртмоқ билан сиқилиши натижасида рўй берган. Прокуратура терговга қадар текширув бошлаган. Омбудсман ҳам ўз ваколати доирасида ўрганиш олиб бораётганини маълум қилди.

Чирчиқдаги тергов ҳибсхонасида фуқаронинг ўлими рўй берган куни Тошкент вилоятининг бошқа бир тумани – Бўкада фуқарони қийнаб ўлдирган ички ишлар ходимлари устидан суд ҳукми ўқилди. Ёдингизда бўлса, бундан 6 ой олдин, ўғриликда гумонланиб Бўка тумани ички ишлар бўлимига олиб келинган 36 ёшли эркак ходимлар томонидан калтаклаб ўлдирилган эди. Суд ҳукмига кўра, бу ваҳший жиноят бўйича тўрт нафар ички ишлар ходими айбдор деб топилди. Бўка туман ИИБ жиноят қидирув бўлими собиқ бошлиғи 7 йилга, икки нафар собиқ тезкор ходим 8,5 йилга, шунингдек, собиқ профилактика инспектори 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Котта болла”нинг машинасини ишлаб чиқариш тўхтатилади

2024 йил бошидан бошлаб Lacetti ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилади. Бу маълумотни UzAuto Motors тасдиқлади. Компанияга кўра, бу – General Motors'нинг глобал савдо сиёсати билан боғлиқ. Lacetti'нинг ўрнига қайси янги модел ишлаб чиқарилиши ҳозирча маълум эмас.

Шу тариқа, Асакада ишлаб чиқарилиши 20 йил олдин бошланиб, миллионлаб ўзбекнинг орзусига айланган бу моделнинг ҳикоясига якун ясалади. Lacetti-Gentra, шунингдек, ҳайдовчилари давлат амалдори томонидан бир жойга тўпланган ягона автомобил сифатида ҳам Ўзбекистон тарихига киради. Хабарингиз бўлса, ўтган ҳафта охирида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икромов қора Gentra ҳайдовчиларини тўплаб, улар билан профилактик суҳбат ўтказган эди. Бунга автомобилнинг давлат рақамини ечиб олиб ҳаракатланиш ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлган.

Ҳайдовчиларга тааллуқли яна бир янгилик. Кейинги йилдан бошлаб, Ўзбекистонда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан Дубайда автомобил бошқариш мумкин бўлади. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2 декабр куни БААдаги ҳамкасби билан икки давлатда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш бўйича келишиб олди. Келишув 27 январдан кучга киради.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ҳаво совий бошлаши билан бутун республика бўйлаб метан-шохобчалари фаолиятига чеклов киритилди. Эндиликда бу шохобчалар эрталаб соат 6дан кундузги соат 15гача ишлайди. Энергетика вазирлиги бунинг учун узр сўраб, аҳолини вазият барқарорлашгунга қадар тежамкор бўлишга чақирди. Эслатиб ўтамиз, келаси ҳафта давомида кундузги ҳарорат -12 даражагача пасайиши кутиляпти.

Ўзбекистоннинг энг йирик энергетика компанияси – давлатга тегишли “Ўзбекнефтгаз”да жиддий муаммолар пайдо бўла бошлаган. S&P агентлиги компаниянинг кредит рейтингини пасайтириб, келгуси рейтинг ўзгариши бўйича прогнозни барқарордан салбийга ўзгартирди. Таҳлилчиларга кўра, бунга газ танқислиги, компаниянинг қарз юки ошаётгани, корпоратив бошқарувда муаммолар борлиги ва давлат қўлловининг эҳтимоли пасаяётгани сабаб бўлган.

Совуқ ҳавода ёш ўқувчи қизларни юпун кийимда тадбирларга олиб чиқиш ҳолатлари давом этяпти. 7 декабр куни Андижон вилоятининг Бўстон тумани Меҳнатобод маҳалласидаги янги кўчанинг очилиш тадбирида мактаб ўқувчилари юқа кийимда рақс тушишга жалб этилган. Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими жавобгар мутасаддиларни аниқлаб, интизомий жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Жамоатчилик танқидлари ва расмий идораларнинг талабидан кейин, Yandex Go Ўзбекистонда солиқ тўлашга мажбур бўлмоқда. Такси агрегатори карта орқали тўловларда чек беришни бошлаган. Рақобат қўмитаси ҳам ўрганишларини ниҳоят якунлаб, Yandex Go'нинг монопол мавқейини тасдиқлади. Қўмитага кўра, такси агрегаторлари бозорининг 86 фоиз улуши биргина Yandex Go ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда, компания солиқ тўлаши важи билан ҳайдовчилардан ундирадиган комиссияси миқдорини оширди.

Мавзуга оид