Ўзбекистон | 16:58 / 13.12.2023
14690
2 дақиқада ўқилади

Учтепа ва Шайхонтоҳурдаги электр узилишларига нима сабаб бўлди?

12 декабр куни Тошкентнинг Учтепа ва Шайхонтоҳур туманларида фуқаролар электр таъминоти идораларида тўпланди. “Ҳудудий электр тармоқлари” матбуот котиби Фахриддин Нуралиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу узилишлар янги тартиб бўйича хонадоннинг электр истеъмоли соатига 10-15 kW'дан ошганда чеклов киритилиши билан боғлиқ бўлган. Шундан кейин бу тартиб ҳозирги совуқ ҳавони инобатга олиб вақтинча тўхтатилди.

9 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланди. 12 декабрга келиб айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати -20 даражага пасайди. Аҳоли қорга бурканган табиат неъматидан баҳра олиш билан бирга совуқнинг қаттиқ заҳрини ҳам тотиб кўришди. Бунга электр узилишлари, газ босимининг пасайиши сабаб бўлди. 12 декабрдан 13 декабрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Учтепа, Шайхонтоҳур, Сергели, Яккасарой туманларида чироқ ўчганлиги сабабли фуқаролар туман электр таъминоти бўлимларида тўпланишган.

Kun.uz Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси матбуот хизмати раҳари Фахриддин Нуралиев билан жонли боғланиб, вазият бўйича изоҳ олди. У вазиятдан хабардорлигини ва бу ҳолат "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан шундай ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳисоблагичлар орқали чекловлар киритиш амалиёти жорий этилиши билан боғлиқ эканини айтди.

“Бу Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорига асосан жорий этилди. Электр энергия истеъмоли автоматлаштирилган тизим орқали қарордаги меъёрдан ошиб кетса (10-15 киловатт), узиб қўйилади.

Бу киритилган функция орқали мамлакатимиз электр тармоқларидаги трансформаторлар, кабелларда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олди олинди. Бу билан узоқ вақтли узилишлар олди ҳам олинди. Қолаверса, истеъмолчиларга тенг тақсимлаш имкони пайдо бўлди.

Бундай ҳолат фақат ҳовлиларда яшовчи аҳолида бўлди. Чунки бундай хонадонларда электр нисбатан кўпроқ ишлатилади. Айни пайтда бу амалиёт тўхтатилди. Чунки кўплаб истеъмолчилар энергия таъминотидан узилиб қолди.

Бу амалиётда истеъмолчи белгиланган миқдордан кўп ишлатса, автоматик тарзда узилади ва кўп электр сарфлаётган жиҳозларни электрдан ажратиш билан яна қайта уланади. Илтимос қилардимки, истеъмолчиларимиз электрдан тўғри фойдаланишсин”, - дея истеъмолчиларга мурожаат қилди Нуралиев.

Мавзуга оид