Иқтисодиёт | 23:14 / 13.12.2023
16109
2 дақиқада ўқилади

Аргентина ўз валютасини икки баробар девалвация қилди 

Президент Хавиер Милей ҳукумати иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида кўриладиган чора-тадбирларни эълон қилди. 

Фото: AP

Аргентинанинг янги иқтисодиёт вазири Луис Капуто ҳукумат песонинг расмий курсини 50 фоиздан ортиқ девалвация қилганини айтди. Бу ҳақда Buenos Aires Times ёзди. 

Президент Хавиер Милей ҳукумати иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида песонинг кенг кўламли девалвациясини бошлади ва бир қатор бошқа чораларни кўрди. Иқтисодиёт вазири Луи Капуто сўзларига кўра, доллар нархи 800 песога кўтарилади, мамлакат валютаси 54 фоиздан ортиқ девалвация қилинади. 

«Расмий айирбошлаш курси 1 доллар учун 800 песо бўлади, бу кун бошидаги 391 песо қийматдан икки баробар юқори», деди Капуто инфляцияга қарши кураш ва харажатларни камайтириш доирасидаги чораларни эълон қиларкан. 

У, шунингдек, ёқилғи ва транспорт учун давлат субсидиялари қисқартирилишини маълум қилди. Ҳаммаси бўлиб Капуто ўнта чора-тадбирни эълон қилди, уларнинг аксарияти давлат харажатларини қисқартиришга қаратилган. Вазирликлар ва котибиятлар сонини икки баробарга қисқартириш каби олдиндан эълон қилинган қадамлар шулар жумласидан. 

Вилоят ҳукуматларига пул ўтказмалари («дискрецион трансфертлар») ҳам бекор қилинади ва ташқи молиялаштиришсиз амалга оширилаётган барча жамоат ишлари лойиҳалари дарҳол тўхтатилади. 

Капуто эълон қилган бошқа чора-тадбирлар қаторига барча давлат рекламаларини бир йилга тўхтатиб қўйиш ҳам киради. Унинг сўзларига кўра, бу 2023 йилда 34 миллиард песога тушган. Транспорт ва энергетика учун субсидиялар ҳам қисқартирилади — бу Аргентина ҳукумати учун катта харажат, деди у. 

«Бу тўғри йўл. Биз фалокатнинг олдини олишимиз керак. Пул йўқ», деди Капуто ва статус-квони сақлаб қолиш Аргентинани янада чуқурроқ инқирозга олиб келишидан огоҳлантирди. 

Капуто девалвация оқибатида харид қилиш қобилиятидаги йўқотишни қоплаш учун ҳукумат болалар нафақалари ва озиқ-овқат талонлари тўловларини 50 фоизга оширишини маълум қилди.

Мавзуга оид