Ўзбекистон | 19:13 / 13.12.2023
53446
2 дақиқада ўқилади

Блогер Эмине Караманова 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди 

Суднинг апелляция инстанцияси унга чиқарилган шу мазмундаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. 

Фото: Видеодан кадр

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди апелляция инстанцияси 13 декабр куни ўтказилган суд мажлисида ижтимоий тармоқларда Эмине Караманова тахаллуси остида фаолият юритган блогер Лемара Мирзаахмедовага нисбатан қуйи инстанция судининг 7,5 йиллик қамоқ жазоси ҳукмини ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. 

47 ёшли блогер аёл Жиноят Кодексининг 139-моддаси (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат) ва 165-моддаси (товламачилик) билан айбланган. 

Тергов органи томонидан қўйилган 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-модда (ҳужжатларни қалбакилаштириш) бўйича айблов олиб ташланган. 

Товламачилик эпизоди бўйича жабрланувчи Янгийўл тумани ҳокимлиги мутасаддиси экани таъкидланмоқда. 

Блогер жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўташи белгиланган. 

Лемара Мирзаахмедова Тошкент вилояти ИИБ томонидан шу йилнинг март ойида Жиноят Кодексининг 139-, 140-, 165-, 167- ва 228-моддаси билан айбланиб, ҳибсга олинган эди. Қайд қилинишича, унинг раҳбарлигидаги корхона «ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали бюджет маблағларини талон-торож қилган». 

Тошкент вилояти ИИБ Мирзаахмедовага очилган жиноят иши унинг блогерлик фаолиятига дахли йўқлигини қўшимча қилган эди.

Мавзуга оид