Жаҳон | 13:14 / 16.12.2023
7595
3 дақиқада ўқилади

«ФСИН» Навалний бошқа колонияга ўтказилганини маълум қилди

Sota хабарига кўра, суд мажлисида Федерал жазони ижро этиш хизматининг Навалний Москва шаҳар суди ҳукмига биноан Владимир вилоятидаги колонияни тарк этгани ҳақидаги маълумотномаси ўқиб эшиттирилди. У билан 10 кундан бери ҳеч қандай алоқа йўқ.

Фото: РИА Новости

Россиялик мухолифатчи, узоқ муддат қамоқда ўтирган Алексей Навалний бошқа колонияга ўтказилди, деб хабар берди Федерал жазони ижро этиш хизмати («ФСИН») Навалний «Владимир вилоятидан ташқарида жойлашган ахлоқ тузатиш муассасасига жўнаб кетди», деб ёзади Sota нашри 15 декабр, жума куни Навалнийнинг колония маъмуриятига қарши даъвоси бўйича Владимир вилоят суди йиғилишида ўқиб эшиттирилган «ФСИН» маълумотномасига таяниб.

Унда айтилишича, сиёсатчи «Москва шаҳар судининг 2023 йил 4 августдаги қонуний кучга кирган ҳукмига биноан» колонияни тарк этган. «Навалнийнинг келиши амалдаги қонунчилик доирасида хабардор қилинади», — дейилади хабарда.

Навалний жамоаси унинг ғойиб бўлгани ҳақида декабр ойи бошида хабар берган эди. 5 декабрдан бери сиёсатчи билан ҳеч қандай алоқа йўқ. Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) директори Иван Жданов DW нашрига берган интервюсида «Кремлнинг Навалнийни бутунлай изоляция қилиш режаси» ҳақида гапирди. «Бу қандай қилиб амалга оширилишини билмайман. Соғлиғининг ёмонлашуви ёки бошқа нарса туфайлими. Катта эҳтимол билан у бошқа жойга жўнатилади, лекин биз ҳеч нарсани билмаймиз», - дея қўшимча қилди у. Мухолифатчи сиёсатчининг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда #ГдеНавальный ҳештегини йўлга қўйишди ва унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилишди. Бундан ташқари, декабр ойи бошида Навалний жамоаси Россия Федерациясидаги сайлов кампанияси доирасида янги лойиҳани ишга туширди.

Алексей Навалнийни таъқиб қилиш

Навалний 2021 йил февралида «Ив Роше» иши бўйича фирибгарликда айбдор деб топилгач, Россия расмийлари томонидан колонияга жўнатилган эди. Ўшанда сиёсатчига 2 йил-у 8 ой қамоқ жазоси берилди. 2022 йил март ойида Навалний яна фирибгарликда, кейин эса судяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган эди. 

2023 йил августида Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремистик ҳамжамият»ни ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияда 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийларга кўра, сиёсатчи асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси шундай ҳамжамият бўлган. 1 декабр куни Навалнийга нисбатан вандализм моддаси бўйича яна бир жиноий иш очилгани маълум бўлди.

Мавзуга оид